Сенат раиси Ислом ҳукмидан иқтибос келтирди - Пора олган ҳам, берган ҳам дўзахийдир
Пора олган ҳам, уни берган ҳам дўзахийдир. Ислом динининг ушбу қатъий ҳукми коррупция иллати барча замонларнинг «бош оғриғи» бўлиб келганидан далолатдир. Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг кенгайтирилган мажлисида маъруза қилган Сенат раиси Ниғматулла Йўлдошев коррупция ҳақида фикр билдирар экан, шундай сўзларни келтирди, деб хабар қилади Kun.uz мухбири.
Сенат раисининг қайд этишича, бугунги кунда инсониятнинг аксарияти жаҳон урушлари, бутун бошли халқлар ҳаётига хавф солувчи эпидемиялар, ибтидоий даврга хос қолоқлик каби мудҳиш хатарлардан маълум маънода узоқлашган бўлса-да, ҳанузгача ўз кўлами ва миқёси жиҳатидан бу хатарлардан кам бўлмаган иллатлардан халос бўлгани йўқ. Ана шундай иллатлардан бири эса коррупциядир.
«Зотан, барчанинг якдил хулосасига кўра, коррупция жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва қонун устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади, ислоҳотларга тўсқинлик қилиб, жамият тараққиётини ортга суради. Оқибатда ҳаёт сифати ёмонлашиб, одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисаларнинг илдиз отиши учун шароит юзага келади», - деди Йўлдошев.
БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили дунё иқтисодиёти коррупциядан 2,6 трлн доллар зарар кўрмоқда. Бу жаҳон ялпи маҳсулотининг тахминан 5 фоизини ташкил этади. Пора миқёси 1 трлн долларни ташкил этмоқда. Бу эса, эҳтиёжманд халқларга берилаётган гуманитар ёрдамдан 10 баравар зиёд экан жирканч иллат кўлами нақадар кенглигига яққол исботдир.
Ниғматулла Йўлдошевнинг таъкидлашича, коррупциянинг энг хатарли жиҳати шундаки, унинг илдизлари жуда олис тарихга бориб тақалади ва у айрим тоифадаги одамлар, айниқса, давлат хизматидаги баъзи мансабдорлар ва масъулларнинг қон-қонига сингиб кетган том маънодаги касалликдир.
«Биргина мисол: ислом динининг «Пора олган ҳам, уни берган ҳам дўзахийдир», деган қатъий ҳукми барча замонлар учун бу иллат жамиятнинг «бош оғриғи» бўлиб келганидан далолатдир. Афсуски, жамиятни бу касалликдан батамом халос этишнинг ҳамма учун бирдек мақбул воситаси ҳалигача ўйлаб топилмаган.
Турли давлатлар бу иллатга қарши турли йўллар билан кураш олиб бормоқда.
Қайсидир давлатда коррупция жинояти учун жазони кучайтириш, бошқасида кенг ваколатларга эга бўлган давлат хизматчиларини моддий жиҳатдан бекаму-кўст таъминлаш, яна бирида ваколатли органлар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини йўлга қўйишга эътибор қаратилмоқда», - дея таъкидлади Сенат раиси.
Мавзуга оид
14:55 / 22.12.2024
Жисмоний шахсларга ёввойи ҳайвонларни сақлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
17:20 / 18.12.2024
Келгуси йилда таълим ва фан соҳасига 86,3 трлн сўм йўналтирилади — Танзила Норбоева
14:50 / 18.12.2024
Сенат 2025 йилга мўлжалланган давлат бюджетини маъқуллади
17:20 / 17.12.2024