Ўзбекистонда Colin’s ва Levi’s брендидаги жинсилар ишлаб чиқарилиши мумкин
14 июнда Олмалиқда Vintage Denim қўшма корхонаси ўз ишини бошлади, деб хабар берди “Ўзбектўқимачиликсаноати” уюшмаси матбуот хизмати.
Матбуот хизмати маълумотларига кўра, корхонада жинсидан кийимлар ишлаб чиқариш учун 130 та тикув машинаси ва бошқа юқори технологик қурилма ўрнатилган. Корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати ойига 150 мингдан кўпроқ жинси шим ва жемперга тенг.
Таъкидланишича, фабрика иш бошлагандан бери 250 дан кўпроқ одам доимий иш билан таъминланган. “Корхона нафақат жинси шим, балки жемперлар ҳам ишлаб чиқаради. Жинси маҳсулотларга нархлар импорт маҳсулотларга нисбатан рақобатбардош бўлади. Маҳсулотнинг бир қисми экспорт қилинади”, дейилган уюшма хабарида.
Шунингдек, корхона хорижнинг етакчи жинси брендлари Colin’s, Levi’s ва LC Waikiki билан маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича музокаралар олиб бораётгани маълум қилинди. Айни вақтда корхона De facto бренди билан ҳамкорлик қилмоқда.