Спорт | 22:43 / 18.06.2019
53499
7 дақиқада ўқилади

Бой берилган ЕЧЛ финали ва жаҳон чемпиони бўлган мураббий-шогирди ҳақида Эктор Купер билан суҳбат

Эктор Купер Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийига айланганига 10 ой бўлди. Бу вақт давомида мураббий ўзбек футболини анча ўрганди ва қайсидир маънода ўзимизнинг одамга айланди. Осиё Кубогида тарихий натижамизни такрорлай олмаган мураббий эндиликда ЖЧ-2022 саралашига тайёргарлик кўрмоқда. Аслида унинг асосий миссияси айнан Мундиалга йўлланма олиш ҳисобланади.

Tribuna.uz Эктор Купер билан суҳбат уюштирди. Суҳбат давомида ўзбек футбол мухлисларига Купернинг қандай инсон экани, унинг футбол борасидаги фикрларини очиб беришга ҳаракат қилдик. Бош жамоамиз мураббийи имкон борича саволларга жавоб берди.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

Суҳбатни Купернинг футбол ҳақидаги қарашлари тўғрисидаги савол билан бошладик. Мураббий футбол ҳаётининг мазмуни эканини, усиз ҳаётини тасаввур қила олмаслигини айтди. Купернинг айтишича, мураббийликдаги энг ёқимли жараён бу футболчилар билан машғулот:

«Футбол бу ҳаётимнинг ажралмас қисми. Мен усиз ҳаётимни тасаввур қила олмайман. Футболни ҳеч қачон ташлай олмасам керак. Агар саломатлигимда бирор муаммо бўлиб қолмаса, футболдан кетмайман. Мураббийлик фаолиятимни якунласам ҳам, шарҳловчи ёки эксперт бўлиб қоламан. Мураббийликнинг нимаси ёқимли? Машғулот. Ҳа, мен учун энг ёқимли жараён бу машғулот. Ҳамма мураббийлар ҳар хил иш олиб боришади. Баъзиларнинг машғулотини ёрдамчилари ўтказади ва унинг ўзи тепада қараб ўтиради. Лекин менга машғулотларда қатнашиш ёқади. Футболчилар билан мулоқот, улар билан шуғулланиш жуда ёқимли жараён».

Куперга «Валенсия»даги фаолияти ҳақида савол берганимизда унинг кўзларига ёш келди. Ахир ўша вақтда у фаолиятининг энг ажойиб дамларини эслаганди-да... «Валенсия» ҳақида савол бериш жараёнида Гаиска Мендьета, Пабло Айман, Рубен Бараха, Сантьяго Канисарес каби шогирдларининг номини эшитган мураббий гап нима ҳақида кетаётганини билиб, таржимон саволни таржима қилишини энтикиш билан кутди ва ўша ажойиб жамоаси ҳақида тўлқинланиб гапирди:

«Бу фаолиятимдаги энг муваффақиятли дамлар эди... Ўз навбатида ўшанда «Валенсия» учун ҳам ажойиб дамлар бўлган. Тўғри, мен «Мальорка» билан ҳам Европа миқёсидаги мусобақа финалига етиб борганман, лекин айнан «Валенсия»даги фаолиятимдан сўнг мени кўпчилик таниди. Чемпионлар Лигаси фантастик мусобақа. Унда қатнашиб юрган вақтда бу сезилмаган бўлиши мумкин, лекин вақт ўтган сайин одам ўша дамларни эслаб роҳатланади».

2001 йилги Чемпионлар Лигаси финалида Купернинг «Валенсия»си «Бавария» билан тўқнаш келади. Ўшанда финал тақдири пенальтилар сериясида ҳал бўлганди. Купер бугун мураббийга айланган шогирди Маурисио Пелегрино ҳал қилувчи пенальтини ура олмагач қандай аҳволга тушгани ҳақида гапирди:

«Пенальтилар сериясида бир киши ниманидир ҳал қилиши қийин. У вақтда фақат омад ва футболчининг руҳий ҳолати кўп нарсани ҳал қилади. Ўшанда «Бавария» тўртинчи пенальтини уролмади ва бизда ютиш имкони пайдо бўлгани ҳақида ўйлай бошладим. Чунки мен учун сериядаги энг муҳим зарба айнан тўртинчиси ҳисобланади. Агар биринчи зарбада адашсангиз, хатони тузатиш учун яна 4 та имконият бўлади. Аммо 4-зарбада адашиш мағлубиятга етаклайди. Афсуски... ўшанда бизга омад етишмади.

Ҳамма Пелегринонинг пенальтисини эслаб қолган, лекин серияда бир киши ҳал қилувчи бўлолмайди. Бу вақтда футболчиларда жуда катта босим бўлади. Бундай вақтда тажриба бирор жамоага устунлик беради. Шу сабаб тажрибали футболчилари бор жамоалар кўпроқ соврин ютади».

Мураббий унинг қўл остида ўйнаган энг кучли футболчи ким экани ҳақидаги саволга Роналдо, Аймар, Мендьета ва Салоҳлардан бировини танлай олмаслигини айтди:

«Бу саволга жавоб бериш қийин. Бу футболчиларнинг ҳаммаси ўзгача йигитлар эди. Улардан бирортаси танлаш адолатсиз бўлади. Бундай футболчилар билан ишлаш сизга қўшимча масъулият ҳам юклайди. Ахир ўртача футболчи билан юқори даражадаги футболчиларнинг фарқи катта-да. Масалан Роналдони олайлик. Унга кўрсатмани бошқача тушунтириш керак. Роналдо ҳаммасини олдиндан билади. Бундай футболчиларга буйруқ бериб бўлмайди, уларга шунчаки йўл кўрсатиш мумкин.

Масалан Роналдога бирга-бир вазиятга чиқиб борганда нима қилиш кераклигини ўргатишдан маъни йўқ, чунки у ҳаммасини билади. Ҳа, у катта фигура ва унга шунчаки йўналиш бериш мумкин холос, аммо футболчи техник жиҳатдан ҳар қанча кучли бўлмасин у жамоанинг бир аъзоси ва унга комбинацион кўрсатма бериш керак. Яна такрорлайман, сиз санаган футболчилардан бирортасини ажратиб кўрсатиш тўғри эмас».

Купернинг қўл остида «Валенсия»да ўйнаган футболчилар бугун мураббий бўлиб ишлашмоқда. Мистернинг айтишича, бугунгача Пелегрино, Аймар, Дешам каби шогирдлари билан гаплашиб туради:

«Ҳа, улар билан гаплашиб турамиз. Тез-тез эмас, лекин мулоқотда бўлиб турамиз. Пеллегрино машғулотлар ҳақида кўп савол берарди. Кейин билсам, у машғулот жараёни ҳақида конспектлар ёзиб бораркан. У нафақат мендан, балки ўзи билан ишлаган бошқа мураббийларнинг ҳам машғулотларини ёзиб борган. Масалан «Барселона»да Ван Галнинг машғулотларини.

Биласизми, Пелегрино ҳамда Дешамнинг мураббий бўлишини тахмин қилиш мумкин эди. Дешам мен билан «Валенсия»да ишлаганида аллақачон жаҳон чемпиони бўлганди. Қанча кўп мукофот ютган бўлса-да, у жуда камтар. Масалан у асосий таркибда тушмаганида ҳам ўзини синёрларча тутарди. Дешам мураббий сифатида жаҳон чемпиони бўлганида жуда хурсанд бўлдим».

Суҳбатнинг иккинчи қисмида мураббийдан ўзбек футболи, миллий жамоага келиши ҳақида сўрадик. Купер Ўзбекистоннинг таклифини жамоа Жаҳон Кубогига чиқишни ўз олдига мақсад қилиб қўйгани учун қабул қилганини айтди:

«Биласизми, менга ҳар қандай таклиф бўлса, ўзимдан «Нимага энди йўқ?» деб сўрайман. Чиндан ҳам нега янги чақирувларда ўзимни синаб кўрмаслигим керак? Ўзбекистондан таклиф бўлганда менга жамоанинг мақсади жаҳон чемпионатига чиқиш эканини айтишди. Айнан шу мақсад сабаб мен рози бўлдим. Менга бошқа жамоалардан ҳам таклифлар бўлганди. Масалан АҚШ, Коста-Рика, Колумбия миллий жамоаларидан, лекин мен қаршингиздаман».

Мавзуга оид