Жамият | 15:37 / 19.06.2019
27815
5 дақиқада ўқилади

«Электр бошлиғига жиддий сўровим бор!» Ўзбекистон туманининг «Дашт»ида яшовчи аёлнинг 10 аризаси ҳақида

Инсон бирор ишга қаттиқ бел боғлаб киришса, охири мақсадига етар экан. Бизга мурожаат қилаётган фарғоналик тўрт фарзанднинг онаси ҳам кунига тўрт-беш бор қўнғироқ қилиб, Қўқон шевасида «Келмасаларинг бўмайди. Баллар қийналяпти», деб туриб олгани боис Ўзбекистон тумани томон йўл олдик.

Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани, «Қоратепа» МФЙдаги «Дашт» қишлоғидаги ҳолатни ачинарли дейиш бироз камлик қилади. Бундан 11 йил олдин ҳудудга турли жойлардан одамлар уй солиш учун кўчиб кела бошлаган. Ҳозир 50 хонадондан иборат бутун бошли катта маҳалла пайдо бўлибди. Ҳар оилада уч-тўрт нафардан бола.

Бироқ йиллар давомида ҳокимият ва маҳалла фуқаролар йиғини бу маҳаллага зиғирча ёрдам, кўмак беришни ўйламаган ҳам экан. Том маънода - «унутилган маҳалла».

Замирахон Нурматованинг арзини тинглаймиз.

«Дастурга тушди», деган гапни кўп эшитамиз. Лекин бизнинг маҳалла ҳеч қачон, ҳеч нарсадан ана шу дастурга тушмаган, қачон рўйхатга тушиши ҳам ноаниқ.

Кўчиб чиққанимиздан бери, аҳоли йиғилиб, ўзимиз бир ярим миллион сўмдан пул тўплаб газ тортдик, ўзимиз 3 километрдан электр тармоғини фалон пулга олиб келдик. Йўлга пул йиғдик. Айтаверсам, ҳокимият вакиллари бирор марта ҳолимиздан хабар олмаган экан.

Электр масаласи алоҳида дард. Мана шу қўлимдаги бир даста аризалар уч йил давомида туман ва вилоят электр корхоналарига ёзганларим. 2017 йили биринчи марта мурожаат қилган бўлсам. Шу пайтгача, 10 марта ёзиб, 10та жавоб олибман. Муаммо шундаки, маҳалламиз кўчасидаги симёғочлар қўлбола бўлиб, уларни аҳоли турли ёғочлардан ясаб олган. Ўта хавфли, электр линиясидаги симлар минг узилган, минг улоқ. Ток қуввати пастлиги сабаб болалар китоб ўқий олмаслиги, қўлбола «столба»лардаги симлар тинмай узилиб тушаётгани сабаб, болаларнинг хавфсизлигидан хавотирдамиз.

Электрнинг катталарига ёзган аризаларимнинг ҳеч фойдаси бўлмаяпти. Бир хил жавоб оламан. Маъноси ҳам ўзгармайди. Қандайдир, илмий ёзилиб, охирида «Дастурга тушади, кутинг», деб тугатилади.

Яқинда туманимизнинг Қумбости қишлоғида ёғочдан қилинган симёғочлар бетон таянчларга алмаштираётганини эшитиб, «зора ўша эски симёғочларни бизга беришса», деган фикрда Ўзбекистон тумани электр тармоқлари бошлиғи Жасурбек билан учрашдик. Мутасадди «столба»ларни ташиш учун транспортга пул йиғишимиз кераклигини айтди. Маҳаллада ҳамма янги рўзғор. Яқинда газга пул йиққандик. Кўнгил хира бўлиб ўтирибмиз», дейди у.

Замирахон Нурматовага Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси раҳбари Д. Жалилов томонидан келган жавоб хатларини ўқиб, ҳайрон қолмай илож йўқ. Илмий ва тушуниш қийин тилда ёзилган хатларда, айни пайтда Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида ИЭС қурилаётгани, Самарқанд ва Навоий вилоятларида ёруғлик станциялари қуриб битказилаётгани, турли қарорларнинг турфа бандлари бўйича изоҳларни ўқиб, маъносини биз ҳам чақа олмадик. Фуқаронинг оддийгина, «Кўчаларимизга қачон симёғоч ўрнатилади?», деган саволига жавоб керак эди, холос.

Маҳаллада яшовчи Муроджон Мамадалиев, маҳаллага электр линиясини 2009 йили уч километр узоқликдан аҳолининг ўзи тортиб келганини, трансформатор таъмири ҳам маҳалла аҳли томонидан қилинаётганини айтди. «Электр ва МИБ ходимлари келиб, симёғочлар талабга жавоб бермаслигини айтишади. Энди пулимиз кўпайса, йўл билан симёғочларни янгилаймиз», дейди Муроджон.

Атрофни айланамиз. Маҳалла тўла муаммо. Лекин, аҳолини эшитгани мутасадди йўқ. «Болаларингиз боғчага, мактабга қайси йўл билан боряпти? Қийналмаяптими?», деб сўраш ва уларнинг муаммосини ҳал қилишга ҳаракат қилиш учун тайинланган Ўзбекистон тумани «катталари» вақт топиб мана шу қишлоққа келиб-кетишса бўлар эди.

«Дашт» дея аталган жойни обод қиламиз дея қийналиб, ҳокимликдан ёрдам сўраса ҳам кўмак келмаётган, шунда ҳам эртанги кунга ишонч билан яшаётган аҳоли ҳолидан мутасаддилар тез кунларда хабар олади, деган умидда мақола тайёрладик.

Элмурод Эрматов, Фарғона

Kun.uz мухбири

Мавзуга оид