Жамият | 16:40 / 19.06.2019
8690
3 дақиқада ўқилади

Мурожаат натижаси – Хатирчидаги кўприк қайта қурилди ва қатнов тикланди

Kun.uz сайтида жорий йилнинг 27 март куни «Хатирчида кўприкнинг абгор аҳволидан аҳоли азият чекмоқда. Муаммони ким ҳал қилади?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Унда Навоий вилояти, Хатирчи тумани «Гулистон» маҳалласидаги туман маркази билан боғлайдиган кўприк яроқсиз ҳолатга келиб қолгани, шу туфайли қатнов тўхтатилгани, бу ҳолатдан аҳоли азият чекаётгани, мутасаддилар бу муаммони ҳал этиш юзасидан амалий ишлар олиб борилмаётгани журналистик суриштирув асосида ёритилган эди.

Ўрганишимиз давомида маҳалла аҳолиси ўз эътирозларини билдириб ўтган эди: «Айни вақтда маҳалламиздан туман марказига ўтадиган кўприкда ҳаракат тўхтатилган. 2000 йилда қурилган кўприк яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Маҳалламизга кириш йўли ёпилган. Бу туман марказига ишга, ўқишга ва турли юмушлар билан борадиган аҳолига турли ноқулайликлар туғдирмоқда. Ахир маҳалламизда икки ярим мингдан зиёд киши яшайди. Қолаверса, қуйи томонда яна бир нечта маҳалла ва қишлоқлар бор. Ҳозир айланма йўл орқали туман марказига қатнаяпмиз. Аммо бу йўл умуман талабга жавоб бермайдиган лой кўча. Қолаверса, катта ариқ бўйлаб ўтган бу айланма йўлда хавфсизлик таъминланмаган. Яқинда бир автомобиль ариққа тушиб кетди. Ёмғир ёққан вақтда ўнлаб машиналар лойга ботиб қолади. Шу боис, транспорт воситалари туман марказидан маҳаллага келишни истамайди. Кўприкни қисқа вақтда таъмирлашнинг имкони бўлмаса, шу айланма йўлга шағал тўкиб, бироз бўлса-да, таъмирлаб беришса бўлади-ку?! Ахир, аҳоли бу айланма йўлдан қатнашга жуда қийналмоқда».

Шундан сўнг ушбу танқидий мақолага Навоий вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси ўз муносабатини билдириб, таҳририятга бу масала юзасидан тегишли чора-тадбирлар олиб борилаётгани ҳақида маълумот берганди.

Навоий вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати эса «Kun.uz»га «Гулистон» маҳалласидаги туман маркази билан боғлайдиган яроқсиз ҳолатдаги кўприкни қайта қуриш ишлари бошланганини маълум қилган эди.

Маҳалла аҳолисининг таҳририятга маълумот беришича, айни вақтда кўприкни қайта қуриш ишлари якунига етиб, қатнов тикланган.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид