Жамият | 19:20 / 19.06.2019
31339
3 дақиқада ўқилади

«Сифатсиз қурилиш учун қайта ҳисоб қилдирамиз, лекин нархни туширолмаймиз». Турдимов Самарқанддаги уйлар масаласида учрашув ўтказди

Сўнгги ҳафталарда Самарқанднинг Қорасув массивидаги «Обод маскан» маҳалласида жойлашган арзон уй-жойларнинг нархи ошгани масаласи кўпчиликнинг диққат марказида бўлиб турибди.

16 июнь куни Kun.uz`да ҳам «Уй талабга жавоб бермайди» — Самарқандликлар «арзон» уйлар қимматлаб кетганидан норози бўлмоқда» сарлавҳали мақола эълон қилинганди.

Бугун, 19 июнь куни вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов маҳалла аҳли билан учрашув ўтказди. Шунингдек, республика «Ўзшаҳарқурилишинвест» масъуллари, вилоятдаги барча тегишли идоралар раҳбарлари ҳам шу ерда бўлди.

Вилоят раҳбари аҳолининг уйлар сифати ва нархи ҳақидаги шикоятлари билан яна бир бор танишгач хулосасини билдирди.

«Уйнинг сифати, камчиликлари бўйича прокуратура билан ҳамкорликда ишлаб, чора-тадбир кўришга қурбимиз етади. Мисол учун, кимнинг уйи сифатсиз қурилган бўлса мутахассислар билан биргаликда унинг суммаси аниқланиб, хонадон эгасига қайтартирамиз. Энг қулай йўли шу деб биламан. Суд тартибида ундиртирамиз қурувчидан.

Бундай ҳолатни олдин ҳам кўрганмиз, агар сифатсиз уй қурган қурувчининг ўзига қўйиб берсак ҳеч нарса ўзгармайди. Қурувчиларга ҳали белгиланган пулнинг 5 фоизи берилган эмас. Маблағни нопок қурувчидан аҳолига қайтариш имкониятига ҳалиям эгамиз. Қачонки, аҳоли уй сифатига розиб бўлиб қўл қўйиб бергачгина қурувчига бу маблағ тўлиқ ўтказиб берилади. Уйнинг квадрат метри белгиланганидан кам чиққани айтилмоқда. Айтайлик, кимдир дастлабки тўловни 70 квадрат метр учун тўлаган, бугун эса 64 квадрат метрга эга бўлса, буни ҳам қайта ҳисоб-китоб қилдирамиз.

Уй нархини пасайтиришга эса менинг ваколатим ҳам, ҳуқуқим ҳам йўқ, бу –«Ўзшаҳарқурилишинвест» республика ташкилоти. Ўз вақтида бошланғич нархларнинг тахминий эканини ҳам айтганмиз. Яна бир томондан агар уй нархи бошқа вилоятларда бошқа-ю Самарқандда бошқача бўлганида бошқа гап эди. Нархлар республика бўйича бир хил. Агар кимдир пулини қайтариб олмоқчи бўлса, компенсация билан қайтариб бериб уйни қайта сотиб олишга ҳам тайёрмиз. Чунки одамлар уй учун дастлабки тўловни амалга оширганига ҳам икки йил бўляпти. Нархлар ўзгарган, инфляцияни ҳам ҳисобга олиш керак», деди вилоят ҳокими аҳоли билан учрашувда.  

Мавзуга оид