Хитой раиси 14 йил деганда Шимолий Кореяга борди. Нега айнан ҳозир?
Хитой халқ республикаси раиси Си Цзиньпин давлат ташрифи билан Шимолий Кореяга борди. Хитой давлат раҳбарлари 14 йилдан буён Шимолий Кореяда бўлишмаганди. 2012 йил ҳукумат тепасига келган Си Цзиньпин Корея яриморолининг шимолий қисмига илк марта ташриф буюрди. Нега бу ташриф айнан ҳозир амалга ошмоқда?
Ким Чен Ин ва Си Цзиньпин биринчи марта учрашаётгани йўқ. Улар бунгача 4 марта юзма-юз музокаралар ўтказишган, лекин Шимолий Кореяда эмас. Хитой халқаро санкциялардан силласи қуриган Шимолий Кореянинг асосий савдо ҳамкори экани бу ташрифнинг аслида ноодатий ҳолат эмаслигини кўрсатади. Аммо 14 йилдан буён Хитой раҳбарининг КХДРга илк марта бориши чиндан эътиборга молик воқеа.
Ташриф айнан ҳозир амалга ошаётгани ҳам бежиз эмас. Бир ҳафтадан сўнг Японияда «Катта 20талик» давлатлари йиғилиши бошланади. Унда Хитой етакчиси америкалик ҳамкасби ва «дўсти» Дональд Трамп билан учрашади. Учрашув вақтида Трамп Хитойнинг яхши ҳамкори ҳисобланган КХДР етакчиси билан ўхшамаган музокаралари ҳақида гапириши ҳақиқатга яқин. Шу боис раис (яъни Хитой етакчиси) Ким Чен Индан Трамп билан музокаралар чоғида нималар бўлганини шахсан сўраб олиши мумкин.
2019 йил февраль ойида Ким Чен Ин ва Дональд Трамп Вьетнамда Корея яриморолини ядродан холи ҳудудга айлантириш борасида музокара ўтказишган ва охир-оқибат ҳеч қандай келишувга эриша олишмаганди. Шундан буён икки томон ҳам жимиб кетди. АҚШ томонининг таъкидлашича, музокаралар жаноб Ким Чен Иннинг инжиқлиги боис «боши берк кўчага кириб қолган».
Хитой етакчисининг Шимолий Кореяга ташрифи шу ҳафтада аниқ бўлгани унинг фавқулодда характерда эканини англатмайди. Чунки Хитой - КХДР муносабатларининг 70 йиллиги яқинлашмоқда ва бу учрашув кутилган эканини кўрсатади.
Хитой КХДР билан иқтисодий алоқалар яхшиланишини хоҳлайди. Шимолликларнинг ядро дастурига зўр бергани икки мамлакатнинг алоқаларига салбий таъсир қилганди. Хитой етакчиси КХДРни ядро дастуридан воз кечишга яна бир бор ундаб кўради.
China Daily нашри икки давлат етакчилари нафақат «дилдан суҳбат қуриш» учун, балки конкрет ҳамкорлик борасида келишувлар имзолаш учун учрашгани ҳақида ёзди.
Бу ташриф Ким Чен Ин учун АҚШга «Кўриб қўйинглар, Хитой биз билан», дейиш учун ҳам айни муддао. Эсингизда бўлса, жаноб Ким яқинда Россияга борган ва бу ҳам қайсидир маънода океан ортидагиларга «қўл силтаб қўйиш» бўлганди.
Хитой Шимолий Кореянинг асосий экспорт товарларини харид қилади. Иқтисоди ҳаминқадар бўлган КХДР Хитойга қазилма бойликлари, тўқимачилик маҳсулотлари ва балиқ экспорт қилади. Етмаганига минглаб шимолий кореяликлар Хитойда меҳнат қилади.
Хитой КХДРдан бошқа хўжалик маҳсулотларини ҳам импорт қиларди, лекин санкциялар сабаб бу товарлар савдоси тўхтаб қолган. Хитой санкцияларни енгиллаштириш учун ҳар қанча ҳаракат қилмасин фойда бўлмаяпти. Хитойдек иқтисодий держава учун Шимолий Корея билан савдо алоқаларининг буткул узилиши ҳалокатли бўлмаслиги аниқ, бироқ Хитой «бир кун фойдаси тегиши»ни инобатга олиб қўшниси билан алоқаларни узмайди. Хитой Шимолий Кореядан АҚШга босим ўтказиш учун фойдаланади, дейдиганлар ҳам топилади.
Мавзуга оид
20:40 / 20.12.2024
Шимолий Корея ҳакерлари жорий йилда 1,3 млрд долларлик криптовалюта ўғирлади
11:50 / 01.12.2024
Белоусов Ким билан учрашиб, 9 май парадига таклиф қилди
16:34 / 30.11.2024
Россия мудофаа вазири Андрей Белоусов КХДР раҳбари билан учрашди
23:50 / 29.11.2024