Жаҳон | 15:55 / 21.06.2019
5645
2 дақиқада ўқилади

Air France авиакомпанияси самолётлари Ҳўрмуз кўрфази устидан парвоз қилмайдиган бўлди

Фото: REUTERS

Франциянинг Air France компанияси самолётлари Ҳўрмуз кўрфази устидан парвоз қилмайди, деб хабар берди РИА Новости.

"Air France самолётлари Ҳўрмуз кўрфази устидан парвоз қилмайди. Air France француз ва маҳаллий ҳукумат билан биргаликда бутун дунё бўйича хатарли парвоз ҳудудларини таҳлил қилиб боради. Бу таҳлил парвоз режаларини мувофиқлаштириш ва парвозларнинг юқори даражадаги хавфсизлигини кафолатлаш имконини беради", - деди авиакомпания вакили.

Жума куни қатор авиакомпаниялар, жумладан KLM ва Lufthansa мазкур ҳудуд устидан парвозларни вақтинча тўхтатгани маълум бўлди.

Аввалроқ АҚШ фуқаро авиацияси бошқармаси Америка авиакомпанияларига Ҳўрмуз ва Уммон кўрфазлари устидан учиб ўтишни тақиқловчи билдиришнома чиқарганди.

20 июнь куни Эрон ислом инқилоби корпуси соқчилари АҚШга тегишли разведка дронини уриб туширганини маълум қилганди. Кейинроқ АҚШ бу маълумотни тасдиқлади. Эрон томони уриб туширилган дроннинг модели RQ-4 Global Hawk эканини аниқлади.

Эрон АҚШга тегишли бўлган бу разведка дрони мамлакатнинг Ҳўрмузгоҳ вилояти ҳаво сарҳадларини бузиб ўтгани боис уриб туширилганини маълум қилди. АҚШ томони эса дрон халқаро ҳаво ҳудудида бўлганини айтмоқда.

Ушбу воқеадан сўнг Дональд Трамп «Эрон жуда катта хато қилди», деб ёзди твиттердаги саҳифасида, аммо кейинроқ бунинг атайлабдан қилинганига ишонмаслигини айтиб, кимдир нотўғри қарори билан бу хатога йўл қўйганини тахмин қилди.

Мавзуга оид