Спорт | 18:59 / 21.06.2019
18337
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонлик спортчилардан қайтариб олинган олтин медаллар ўзбекистонлик гимнастикачиларга топширилди

Фото: Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати

Таиланднинг Паттайя шаҳрида бадиий гимнастика бўйича Осиё чемпионати старт олди. 

Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси хабарига кўра, мусобақа бошланишидан олдин, 2017 йилги қитъа биринчилигининг жамоавий баҳсларидаги олтин медаллар ўзбекистонлик гимнастикачиларга топширилган.

Гап шундаки, ўша пайтда Қозоғистон терма жамоаси ғалаба қозонган, Ўзбекистон эса иккинчи ўринни қўлга киритган эди. Бироқ Қозоғистон терма жамоаси гимнастикачилари қон таҳлилидан олинган допинг намуналари салбий натижа кўрсатгач, уларнинг натижалари бекор қилинди ва олтин медаллар ўзбекистонлик спортчилар – Анастасия Сердюкова, Сабина Ташкенбаева, Нуринисо Усмонова ва Анора Давлатовага топширилиши ҳақида қарор қабул қилинди. Олтин медалларни Ўзбекистон гимнастика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Руслан Мустаев қабул қилиб олди.

Бундан ташқари, мусобақада тўпда машқ қилиш бўйича тўртинчи ўринда қолиб кетган Анастасия Сердюкова ҳам қозоғистонлик рақибининг четлатилиши ҳисобига бронза медалига сазовор бўлди.

Бу йилги қитъа биринчилигида Ўзбекистон терма жамоаси шарафини яккалик баҳсларида Сабина Ташкенбаева, Нуриниссо Усмонова ва Екатерина Фетисова, гуруҳ баҳсларида Нилуфар Шомуродова, Динара Равшанбекова, Софиябону Касимова, Камола Эрназарова, Ксения Александрова ва Севара Сафоева ҳимоя қилишмоқда.

Осиё чемпионати 23 июнгача давом этади.

Мавзуга оид