Ўзбекистон | 16:30 / 23.06.2019
104611
5 дақиқада ўқилади

Ислом Каримов 30 йил олдин Ўзбекистон раҳбарлигига келганди

Фото: EPA

Бугун, 23 июнь куни Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов мамлакат раҳбарлигига келганига 30 йил тўлди.

Марҳум президент 1989 йил 23 июнда Ўзбекистон ССР компартияси Марказий қўмитаси Биринчи котиби этиб тайинланган эди. Ўшанда Совет Иттифоқи республикаларини идора этиш амалиётига мувофиқ, Каримов Коммунистик партиянинг Сиёсий бюроси ҳамда шахсан СССР давлат бошлиғи Михаил Горбачёв тасдиқлагач, партия етакчиси сифатида Ўзбекистон ССР раҳбари вазифасига киришган.

Ўша кезлар собиқ Совет Иттифоқида, жумладан, Ўзбекистонда сиёсий ва иқтисодий вазият ўта оғир бўлгани барчага маълум. Ислом Каримов фонди мамлакат яқин ўтмишининг мазкур саҳифаларини қайта эслатиб ўтган.

«Ўзбекистон ССР ижтимоий-иқтисодий тараққиёт даражаси бўйича Совет Иттифоқида сўнгги ўринларда эди. Миллий ва этник зиддиятлар эса вазиятни янада мураккаблаштирган эди.

1989 йилнинг май-июнь ойларида Фарғона вилоятида “Фарғона воқеалари” деб аталган оммавий тўқнашувлар рўй берди. Оқибатда, расмий маълумотларга кўра, 100 дан зиёд киши қурбон бўлди, 735 та тураржой, 28 та давлат объекти ҳамда 275 та автотранспорт воситаси ёқиб юборилди.

Бошқа қатор вилоятларда ҳам вазият нотинч эди. Одамларни тартибсизликка ундовчи кучлар ҳаракатга тушиб қолганди.

Москвадаги СССР раҳбарияти Ўзбекистон ССРдаги вазиятни изга солмоғи талаб этилар эди. Минтақада ҳолат ўта қалтис эканини яхши англаган Москва ўша кезлар республика вилоятларидан бирини бошқараётган ақлли, кучли ва шижоатли етакчига ишонч билдирди. Қайд этиш жоизки, Қашқадарё вилояти Ислом Каримов раҳбарлик қилган 3 йил ичида жадал ривожлана бошлади. Каримов вилоятда ишни тўғри йўлга қўйиб, қисқа муддатда уни юқори поғоналарга кўтаришга муваффақ бўлди.

Москва Каримов номзодини танлар экан, у шунчаки республикани идора этиб қолмай, йиғилиб қолган жиддий муаммоларни ҳал қилишига ишончи комил эди.

Ислом Каримов бутун фаолияти давомида юксак натижаларга эришди – СССР ҳудудида республиканинг энг ёш молия вазири (1983-1986) бўлиб қолмай, ҳали Совет Иттифоқи ҳукмфармолик қилиб турган даврда (1990 йилнинг марти) иттифоқдош республиканинг биринчи Президенти ўлароқ бутун СССР миқёсида фавқулодда қадам ташлади. 

Ислом Каримов ўша даврни шундай хотирлаган эди:

“1989 йилнинг июни. Таҳликали кезлар эди. Фарғона, Қўқон, Қувасой, Гулистон, Паркент, Бўкадаги қирғину ёнғинлар... Фитна-фасод дарвозаси ланг очилиб кетган эди гўё. Мамлакат бўйлаб ёйилган қудратли тўлқин мутелик замонининг жамики дов-дастгоҳини ўз домига тортди. Ҳукумат вазиятни идора қилолмай қолди.

Бошбошдоқликка чек қўйиб, жар ёқасидаги республикани ҳалокатдан сақлаб қолишга қодир инсон қидирилаётган эди. Пировардида менга мурожаат қилишди. Ўша паллада нафақат менинг карьерам, таъбир жоиз бўлса, бутун ҳаётим гаровга қўйилганини яхши англар эдим. Баландпарвозликка йўйманг, аммо “халқ мени тўғри тушунади ва албатта қўллаб-қувватлайди” деган ишонч менга куч бағишлади.

10 ёки 11 июнь куни, аниқ эсимда йўқ, Сиёсий бюро Ўзбекистон компартияси Марказий Қўмитаси Биринчи котиби масаласини кўраётган эди. Муҳокама наинки танқидий, ҳатто беписанд руҳда ўтарди. Беўхшов луқмалар, номақбул мулоҳазалар. Ўшанда мен минбардан Горбачёвга қарата: “Михаил Сергеевич! Менинг номзодимни олиб ташланг. Бу ерда кимгадир ёқмаётганга ўхшайман. Рафиқ Нишоновни яна олти ойча лавозимида қолдиришни таклиф этаман. У вазиятни тартибга солганидан сўнг бугунги масалага қайтиш мумкин. Энди эса менинг кетишимга ижозат беринг”, дедим. Горбачёв мени олиб қолишга уринди. Мен эса: “Кўндиришга ҳаракат қилманг. Менга ҳаммаси кундек равшан. Кетишимга ижозат беринг”, дедим. “Бўпти, шунга қарор қилибсиз, кетаверинг”, деди у. Мен Тошкентга учдим. Заводга қайтишга қарор қилгандим.

Бироқ орадан икки кун ўтиб, уйимга Нишонов қўнғироқ қилди ва Москва менинг биринчи котибликка кўрсатилишимга розилик берганини айтди. 23 июнь куни Ўзбекистон компартияси МҚ пленуми бўлиб ўтди ва унда мен Биринчи котиб лавозимига сайландим”.

Ислом Каримов зиммасига юкланган масъулиятни мудом чуқур ҳис этди, ҳамиша кўксини ўз халқи манфаатлари йўлида қалқон қилди. Инсоний фазилатлари, ватанпарварлик ва оддий инсонлар талаб-эҳтиёжини англай билиш хислати туфайли Ислом Каримов тарих саҳифаларидан ўз халқини мустақиллик сари бошлаган етакчи сифатида ўрин олди».

Мавзуга оид