Ўзбекистон | 22:00 / 23.06.2019
159132
3 дақиқада ўқилади

Омбудсман Гулнора Каримова билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) қонунчилик ваколатларини амалий жиҳатдан татбиқ қилиш доирасида ҳибсда сақланаётган ва жазони ўтаётган шахсларнинг шарт-шароитини ўрганиш, шунингдек, улар билан мулоқот олиб бориш тартибида жорий йилда Фарғона, Наманган, Андижон, Сурхондарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида жойлашган 11та тегишли муассасанинг фаолияти Омбудсман Улуғбек Муҳамадиев томонидан ўрганилди.

«Бу даврда жазони ижро этиш ва ҳибсда сақлаш муассасаларида бўлиб турган шахслардан 582та мурожаат келиб тушган», деб ёзади Омбудсманнинг расмий сайти.

Жорий йилнинг июнь ойида Омбудсман бошчилик мониторинг гуруҳи Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган №21-сонли аёллар учун умумий тартибли колонияга ташриф буюрди. Гуруҳ таркибида Омбудсманнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги эксперти ҳам иштирок этди. 2017 йилдан буён мазкур колонияда бўлиб турган маҳкумалардан Омбудсман номига 203та мурожаат келиб тушган.

Тадбир давомида турар жойларнинг жиҳозланганлиги, санитария-гигиена талаблари, маҳкумаларнинг овқатланиш, меҳнат қилиш, маънавий-маърифий ишлар ва уларга тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этиш қонунчиликка нечоғлик мос келиши ўрганилди.

Омбудсман томонидан 700дан зиёд судланган аёллар билан жамоавий учрашувлар ўтказилган. Уларга судланганларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган чоралар етказилди, бу жараёнларда Омбудсман институтининг роли тушунтирилди. Келиб тушган мурожаатларга кўра, Омбудсман томонидан 87 нафар аёл шахсан қабул қилинган. Мурожаатлар асосан маҳкумаларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини таъминлаш, қариндошлари билан алоқа ўрнатилишида ёрдам кўрсатиш, шунингдек мулк ва моддий ҳуқуқларга доир масалаларда бўлган.

Омбудсманнинг муассасага ташрифи давомида у шу муассасада бўлиб турган Гулнора Каримова билан ҳам учрашган. Суҳбат давомида Гулнора Каримова муассасанинг тиббий шахсий таркибига ўз вақтида кўрсатилаётган тиббий ёрдам ва эътибор учун миннатдорчилик билдирган.

«Ўрганиш жараёнида муассасада Гулнора Каримовани тиббий кўрикдан ўтказиш учун кардиология, неврология, гастроэнерология, эндокринология ва гинекология соҳасидаги етакчи мутахассислар жалб қилингани қайд этилган. Айрим махсус кўриклар ИИВнинг марказий госпиталида ўтказилган. Врачлар кўрсатмасига асосан у тизимли равишда зарур тиббий препаратларни олиб турибди. Бугунги кунда Гулнора Каримованинг умумий ҳолати қониқарли, у соғлом овқатланиш рационини қабул қилмоқда», — дейилади Омбудсман ҳисоботида.

Мавзуга оид