Жаҳон | 12:40 / 24.06.2019
79737
2 дақиқада ўқилади

Видео: Қозоғистондаги ҳарбий қисмда портлашлар рўй берди, шаҳар аҳолиси эвакуация қилинмоқда

Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмда портлашлар рўй берди ва ёнғин келиб чиқди.

Ҳодисага бир неча снарядлар портлаб кетиши сабаб бўлгани айтилмоқда.

Арис шаҳридаги ҳарбий қисмда давомли портлашлар рўй бергач, маҳаллий аҳолини эвакуация қилиш ишлари бошланган.

Портлаш маҳаллий вақт билан соат 9.20ларда бўлган. Туркистон вилоятида фавқулодда вазият эълон қилинган. Шаҳар аҳолиси эвакуация қилинмоқда. Биринчи партияда 40та автобусда аҳоли шаҳардан олиб чиқиб кетилган.

Охирги маълумотларга кўра, 6 киши жароҳатланган ҳолда шифохонага ётқизилган.

Ижтимоий тармоқда ҳодиса тасвирлари тарқалмоқда.

Видеоларда портлашдан кейин қуюқ тутун осмонга ўрлаганини, одамлар хавфли ҳудудни тарк этишга уринаётганини кўриш мумкин.

«Туркистон вилоятида фавқулодда ҳолат эълон қилинган, барча туманлардаги махсус хизматлар шай ҳолатга келтирилган. Атрофдаги барча аҳоли пунктларини ва шаҳарни тўлиқ эвакуация қилишга зарурат юзага келган», деган област раҳбари Умирзак Шукеев.

Маълумот учун, Тошкент шаҳридан 180 километр масофада жойлашган Арис шаҳрида 43 мингга яқин киши яшайди. Чимкентда 15та эвакуация пункти очилган.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилда ҳам Туркистондаги ҳарбий қисмда портлаш рўй бериб, бир киши вафот этган эди. Бу ҳодиса портловчи моддаларни йўқ қилиш амалиëти чоғида содир бўлган.

Мавзуга оид