Ўзбекистон | 20:30 / 25.06.2019
27374
3 дақиқада ўқилади

Биринчи ярим йилликда кутилаётган натижалар таҳлил қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 июнь куни мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, бу борада жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида кутилаётган натижалар ва сифат ўзгаришларини таҳлил қилишга бағишланган йиғилиш ўтказди.

Фаол инвестиция сиёсати юритилиб, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга инвестициялар, энг аввало тўғридан-тўғри хорижий сармоялар йўналтирилаётгани, тадбиркор ва инвесторларга ҳар тарафлама амалий кўмак бериш бўйича таъсирчан механизмлар жорий қилиниб, изчил амалга оширилаётгани натижасида юқори иқтисодий ўсиш суръатлари таъминланаётгани қайд этилди. 

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 5,4 фоизга, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 7 фоизга, қурилиш-пудрат ишлари 9,6 фоизга ва хизматлар ҳажми 13,9 фоизга ўсиши кутилмоқда. Ушбу натижаларда, аввало, ўзлаштирилган инвестициялар қарийб 1,5 баробар ўсгани энг муҳим омил бўлгани алоҳида таъкидланди.

Шу билан бирга, барча тармоқ ва ҳудудларда тўлиқ фойдаланилмаётган резервлар ҳали кўплиги кўрсатиб ўтилди. Уларнинг раҳбарларига замонавий корхоналар ва янги иш ўринлари ташкил этиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш юзасидан топшириқлар берилди. Маҳаллий бюджетларнинг даромадлар базасини кенгайтириб, қўшимча тушумларни ижтимоий ва коммунал соҳаларни ривожлантириш, қишлоқ ва маҳаллаларни обод қилиш, аҳолининг ҳаётини яхшилашга йўналтириш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.

Давлат раҳбарининг ҳудудларга ташрифлари доирасида ишлаб чиқилган дастурлар ҳамда аниқ инвестиция лойиҳалари ижросини жадаллаштириш бўйича қўшимча чоралар кўриш, шунингдек, янги лойиҳаларни шакллантириш юзасидан топшириқлар берилди. 

Шунингдек, йиғилишда шаҳар ва туманларнинг меъморий қиёфасини яхшилаш, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида уй-жойларни таъмирлаш ва аҳоли пунктларини ободонлаштириш, ичимлик суви, электр энергияси тармоқлари, маҳаллий ва ички йўлларни қуриш-таъмирлаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳолати кўриб чиқилди. Зарур молиявий ва бошқа ресурсларни ўз вақтида ажратиш ҳамда ўзлаштириш, белгиланган ишларни сифатли бажариш бўйича кўрсатмалар берилди.

Мажлисда Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди. Ҳар бир тармоқ ва ҳудудни ривожлантириш бўйича кўзланган марралар ва аниқ вазифаларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш учун тегишли раҳбарларнинг шахсий масъулиятини ошириш чоралари белгиланди.

Мавзуга оид