Ўзбекистон | 17:40 / 26.06.2019
14194
2 дақиқада ўқилади

Қурилиш вазирлиги: «Тошкент шаҳри Бош режаси концепцияси кечикаётгани шаҳар ҳокимлиги муаммоси»

Бугун, 26 июнь куни Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Шаҳарсозлик масалалари, сўнгги йилларда шаҳарсозлик бўйича қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси» мавзусида қурилиш вазирлиги мутасаддилари иштирокида журналистлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Қурилиш вазири ўринбосари Шуҳратхўжа Ҳошимов республика ҳудудида аҳолини жойлаштиришнинг Бош схемаси ишлаб чиқилаётганини маълум қилди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар, шаҳарлар ҳудудларини режалаштириш схемалари, аҳоли пунктларининг бош режалари ва бошқа шаҳарсозлик ҳужжатлари устида жиддий иш олиб борилаётгани таъкидланди.

Вазирлик мутасаддилари ОАВ саволларига жавоб берар экан, шаҳарсозлик ва қурилиш учун муҳандислик изланишлар соҳасида илмий-техникавий сиёсат юритилаётгани, ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлайдиган энергия самарадор ва энергия тежайдиган инновацион лойиҳалар қурилиш фаолиятига жорий этилаётгани ҳақида маълумот берди.

Тадбирда қатнашган Kun.uz мухбири Тошкент шаҳар Бош режасининг концепцияси нега қайта-қайта кечиктирилаётгани, белгиланган муддатлар ортга сурилаётгани, бунга сабаб бўлаётган омилларни сўради.

«Бош режа концепциясининг кечикаётгани Тошкент шаҳар ҳокимлигининг муаммоси. Лекин алоҳида айтиш керакки, пойтахт бош режаси жиддий масала ва узоқ вақт талаб қилиши аниқ», — деди вазир ўринбосари Шуҳратхўжа Ҳошимов.

Мулоқот давомида шаҳар Бош режаси концепцияси турк ва инглиз компаниялари билан ҳамкорликда тайёрланаётгани, ишлаб чиқилгандан кейин масъул мутахассислар жалб этилган ҳолда кўриб чиқилиши, шундан сўнг тасдиқланиши қайд этилди.

«Ушбу концепция яқин 1,5-2 ой ичида тайёр бўлади», — деди Шуҳратхўжа Ҳошимов.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар бош режасининг концепцияси жорий йилнинг апрель ойида тақдим қилиниши бўйича ҳам маълумотлар берилган, кейинчалик бу муддат яна узайтирилганди.

Мавзуга оид