Қирғизистон: собиқ президент Атамбоев билан нималар рўй бермоқда?
Қирғизистон парламенти собиқ президент Алмазбек Атамбоевни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилди. Унга коррупцияда айблов бўйича жиноий иш очилиш хавфи таҳдид солмоқда.
Бир ҳафта илгари депутатлар Атамбоевга қўйилган айбловлар рўйхатини бош прокуратурага топширди, уларнинг бир қисмини бош прокуратура қўллаб-қувватлади.
Агарда Атамбоевга қўйилган айбловлар тасдиқланиб, суд уни айбдор деб топса, собиқ президент бир умрга қамалиши мумкин.
Коррупцияга қарши курашми ёки рақибларга?
Атамбоев 2017 йилда мамлакат президентлигига ҳозирги давлат раҳбари Сооронбай Жээнбеков номзодини илгари суришни қўллаб-қувватлаганди.
Аммо 2018 йил баҳорида Қирғизистоннинг собиқ ва амалдаги президентлари ўртасида жиддий келишмовчиликлар пайдо бўлди.
Ҳозирда Атамбоев жамоасидан бирданига бир неча киши жиноий ишлар бўйича тергов остида. Булар собиқ бош вазирлар Сапар Исаков ва Жанторо Сатибалдиев (иккиси ҳам ҳибсда), собиқ бош прокурор Аида Салянова, собиқ соғлиқни сақлаш вазири Динара Сагинбаева, собиқ бош вазир ўринбосари Шамиль Атаханов ва бошқалар. Бош вазирнинг собиқ биринчи ўринбосари Аскарбек Шадиев сиртдан 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган, ўзи эса Нью-Йоркка қочиб кетган.
Май ойида Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков собиқ президентларни дахлсизликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Унга кўра, собиқ давлат раҳбари ваколати тугагач ёки ҳукуматдан четлаштирилганидан сўнг айрим ҳолларда жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Атамбоевга қарши айбловларни махсус депутатлар комиссияси илгари сурди.
Парламентчиларнинг фикрича, Атамбоев жиноий авторитет Азиз Батукаевнинг қонунга зид равишда озод этилиши, Иссиқкўл ва Чуй вилоятларида ерларнинг ноқонуний ўзлаштирилиши, даромадларни яшириш, Бишкек ИЭС модернизацияси бўйича коррупция иши ва унга ноқонуний тарзда кўмир етказиб берилишига алоқадор.
Бош прокуратура айбловларнинг бир қисмини қўллаб-қувватлади.
Атамбоевни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича парламент йиғилиши собиқ президентнинг иштирокисиз ўтди. У ўзига қўйилаётган «айбловлар мутлақ тутуриқсиз, ҳуқуқий асосга эмас, уйдирма гапларга асосланган ва амалдаги президентнинг сиёсий рақибини бартараф этишга интилиши билан боғлиқ»лигини айтди.
Атамбоевнинг Қўй-Тош қишлоғидаги уйи олдида унинг юзлаб тарафдорлари тўпланди. Улар чодирлар тикишди ва собиқ президентнинг уйига олиб борадиган йўлни бетон блоклар билан тўсишди.
Атамбоев қуроли борлигини ва «ўзини ўзи ҳимоя қилишга одатлангани»ни айтди. Қирғизистон собиқ раҳбарининг маслаҳатчиси кейинроқ гап мукофот қуроли ҳақида борганини маълум қилди.
Алмазбек Атамбоев - биринчи муддати тугаганидан сўнг лавозимини ўз ихтиёри билан тарк этган Қирғизистоннинг биринчи президенти ҳисобланади. Аввалги президентлар - Асқар Акаев ва Курманбек Бакиев исёнлар натижасида четлатилишган. Атамбоевдан ташқари лавозимини ўз ихтиёри билан Роза Отунбаева тарк этган – у 2010-2011 йилларда ўтиш даври президенти бўлган.
2005 ва 2010 йиллардаги инқилоблардан сўнг собиқ президентларнинг тарафдорлари судланувчилар курсисига ўтирган. Буни тушунса бўлади, чунки Акаев ва Бакиев намойишларни куч билан бостиришга уринишганди. Ҳокимиятнинг Атамбоевдан ҳозирги президентга ўтиши осойишталик билан юз берди, аммо собиқ давлат раҳбари ва унинг тарафдорлари ваколатларини суиистеъмол қилганликлари ҳақидаги айбловлардан қутула олишмади.
Мавзуга оид
16:43 / 27.12.2024
«Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темирйўли қурилишига старт берилди
10:43 / 27.12.2024
Қирғизистон айрим Кўрфаз давлатлари фуқаролари учун визасиз режим жорий қилди
18:02 / 23.12.2024
Садир Жапаров Фарғона вилояти ҳокимини «Данк» ордени билан мукофотлади
17:23 / 21.12.2024