Жаҳон | 21:04 / 29.06.2019
47165
5 дақиқада ўқилади

«Катта йигирматалик» учрашуви нималар билан ёдда қолди?

Япониянинг Осака шаҳрида G20 саммити ниҳоясига етди. Саммит олдидан аксарият сиёсатчилар унда ҳеч қандай оламшумул келишувлар бўлмаслигини тахмин қилганди. Улар ҳақ бўлиб чиқишди, аммо барибир саммит ўзига хос ёрқин ҳолатлар билан ёдда қоладиган бўлди.

Мазкур саммит “йигирматалик” тарихидаги ўн тўртинчи ва Японияда ташкил этилган биринчи саммит бўлди.

Форум Осака кўрфазидаги Сакисима сунъий оролида бўлиб ўтди.

Саммит воқеаларини 7 мингга яқин журналист ёритиб борди.

Асосий “даҳанаки жанглар” ёпиқ эшиклар ортида ўтгани учун юзлаб журналистлар майда-чуйда тафсилотларгача эътибор қаратишга мажбур бўлишди: имо-ишоралар, нигоҳлар ва ҳаттоки кимнинг нима ичиши ҳам улар эътиборидан четда қолмади.

Масалан, тантанали кечки зиёфат вақтида Россия президенти Путин доимо ёнида олиб юрадиган термосидан қайноқ чой қуйиб ичди, АҚШ президенти Трамп эса муздай кока-кола ичди.

Саммитда глобал иқтисодиёт ва савдо ҳамда замонавий технологиялар ва инновациялар масалалари бўйича йиғилишлар ўтказилди. Йиғилиш якунлари бўйича келишувлар имзоланмади, зеро иштирокчилар ўртасидаги қарама-қаршиликлар жуда катта эди. Шунинг учун асосий эътибор икки томонлама учрашувларга қаратилди.

Россия-АҚШ

Фото: Sputnik / Михаил Климентьев

АҚШ президенти Дональд Трамп Россия президенти Владимир Путин учрашди. Америкаликлар етакчиси бу учрашув аввалида россиялик ҳамкасблар билан музокаралардан аъло натижалар кутаётганини айтиб ўтди.

«Бизда жуда қизиқарли муҳокама бўлади, бу савдо, тижорат, қуролсизланиш масалалари, шунингдек, протекционизмни ўз ичига олади… Ва буларнинг барчаси ўзаро яхши муносабатлар асосига қурилади. Менимча, бу учрашув натижалари ажойиб бўлади», — деди у.

Суҳбат бир ярим соатдан ортиқ вақт давом этди. Сиёсатчилар Эрон, Украина, Сурия, Венесуэла масалаларини муҳокама қилишди.

Қурол устидан назорат мавзуси кўтарилган вақтда америкаликлар президенти бу музокараларга Хитойни ҳам қўшиш зарурлигини қайд этди.

Учрашув бошида Дональд Трамп табассум билан Путиндан Америкадаги сайловларга аралашмасликни сўради.

У матбуот вакиллари саволларига жавоб бериш асносида икки марта Путинга ўгирилиб шундай деди: «Илтимос, сайловларга аралашманг».

АҚШ-Хитой

ХХР раиси Си Цзиньпин АҚШ президенти Дональд Трамп билан учрашувида Хитой ўзининг туб манфаатларини ҳимоя қилишини билдирди.

Икки давлат раҳбарлари бир соату 20 дақиқа суҳбатлашишди.

"Давлат мустақиллиги ва қадр-қиммати билан боғлиқ масалаларда Хитой ўзининг туб манфаатларини ҳимоя қилиши шарт", - деди Си Цзиньпин.

Америка Си Цзиньпин ва Дональд Трамп учрашуви якунларига кўра Хитой маҳсулотларига янги божлар киритмасликка тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, кейинги вақтда икки мамлакат ўртасидаги совуқчилик мавзусига айланган Huawei компанияси билан боғлиқ муаммо ҳам ечимини топгандек бўлди. Сабаби, Дональд Трамп Америка компанияларига Huawei компанияси қурилмаларини сотишига рухсат берилишини айтди.

"АҚШ компаниялари Huawei қурилмаларини сотиши мумкин. Мен миллий хавфсизлик учун катта муаммо бўлмайдиган қурилмалар ҳақида гапиряпман", - деди Трамп.

"Уларнинг сотилишига рухсат берамиз", - деб қўшиб қўйди у.

АҚШ-Туркия

Фото: AP Photo/Susan Walsh

Дональд Трамп саммит давомида Туркия мавзусида ҳам изоҳ берди.

У Россиянинг С-400 зенит ракета мажмуалари сотиб олиниши билан боғлиқ вазиятда Туркия президенти Ражаб Таййип Эрдўған айбдор эмаслигини айтди.

"У ҳеч нарса қила олмасди, чунки бу тизимларни аллақачон сотиб олган", - деди Трамп.

Трамп аввалги президент Барак Обама даврида Туркия Patriot ракеталарини сотиб олмоқчи бўлганини, аммо унга рад жавоби берилганини таъкидлади. АҚШ президенти Эрдўғанга нисбатан "жуда адолатсиз муносабатда" бўлинаётганини айтди.

У шунингдек, Туркияга ташриф буюришни режалаштираётганини ҳам маълум қилди.

Қизиқарли ҳолатлар

Саммитда албатта қизиқарли ҳолатлар ҳам содир бўлди. G20 иштирокчилари биргаликда суратга тушаётган вақтда улардан қўлларини силкитишни сўрашди. Трамп эса Саудия Арабистони шаҳзодасига ўгирилиб, унинг қўлини сиқди ва ниманидир қизғин муҳокама қила кетди. Сўнгра эса бўлажак қиролнинг елкасига шапатилаб қўйди, бу эса протокол бўйича тақиқланган. Яна бир қизиқ ҳолат эса Трамп ва Испания бош вазири вазифасини бажарувчи Педро Санчес ўртасида юз берди. Санчес Трампни кўргач, икковлари бир-бирлари билан сўрашишди. Сўнгра Санчес Оқ уй раҳбарига нимадир демоқчи бўлганида, АҚШ президенти унга бармоғи билан ўтирган ўрнини кўрсатиб, йўлида давом этди. Санчес Трампнинг бу ишорасига кулиб қўйиб, ўрнига ўтирди.

Мавзуга оид