Ўзбекистон | 16:34 / 29.06.2019
72963
4 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Андижон вилоят ҳокими иддаоларига жавоб қайтарди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг овози акс этган аудиоматериал юзасидан муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, Андижон вилоят ҳокимлигида 2019 йил 3 январда ўтказилган йиғилиш баёни қарори билан вилоят молия бошқармасига пул маблағларини тиббиёт муассасаларидан йиғиб олиб, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳисоб рақамига марказлаштириш ҳамда ушбу  пул маблағларига тўғридан-тўғри тузилган шартномаларга мувофиқ, шприц, инфузион система ва тиббий қўлқоплар сотиб олиш топширилган.

Ваҳоланки, «Давлат харидлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига кўра, тўғридан-тўғри шартнома тузиш йўли билан ушбу тиббий буюмларни харид қилиш тақиқланган. Юқоридаги топшириқ асосида Андижон шаҳрида жойлашган «MAKRO FARM ANDIJON» МЧЖ билан юқоридаги қонун талабларига зид равишда тузилган тўғридан-тўғри шартномалар асосида жами 6,3 млрд сўмлик мувофиқлик сертификати мавжуд бўлмаган шприц ва системалар сотиб олинган.

Худди шундай тартибда топшириқ асосида Андижон шаҳридаги «GOLD GROWN PHARMA» МЧЖдан ноқонуний равишда жами 20,1 миллиард сўмлик мувофиқлик сертификати мавжуд бўлмаган тиббий қўлқоп маҳсулотлари харид қилинган.

«Аслида ушбу маблағларга вилоят аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш учун дори воситалари ва бошқа зарур тиббий буюмлар ҳам сотиб олиниши лозим эди.

Бунинг оқибатида, Андижон вилоятида 2018-2019 йилларда шприц, система ва қўлқоплар билан таъминот даражаси зарур эҳтиёждан бир неча марта ортиққа таъминланган, лекин шошилинч ёрдам учун керакли бўлган ва бошқа дори воситалари эҳтиёжга нисбатан бир неча марта кам харид қилинган.

Оддий қилиб айтганда, пул маблағлари нотўғри тақсимланиши ва давлат харидларини амалга ошириш тартиби бузилиши оқибатида ўрганилган ташкилотларда вилоят аҳолисининг дори воситаларига бўлган эҳтиёжи 44,5 фоизга («Актовегин» дори воситасига бўлган эҳтиёж ҳатто

5 фоизга) таъминланган бир пайтда, қўлқоп 265 фоизга, система 103 фоизга ҳамда шприц 500 фоизга эҳтиёждан ортиқ сотиб олинган.

Амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ. Юқоридаги кўрсатилган тиббий буюмлар мажбурий равишда сертификатлаштирилиши, яъни сифати Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган стандартларга тўлиқ жавоб бериши шарт эди. Табиийки, бундай сертификати бўлмаган маҳсулотларни сотиш ва ишлатиш умуман мумкин эмас. Лекин шунга қарамай, кўрсатилган ҳолатда бундай сертификати бўлмаган (ҳаттоки 47та ҳолатда бундай сертификат бериш рад этилган) сифатсиз тиббий буюмлар сотиб олинган», - дейди Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Юридик бўлими бошлиғи Руслан Мухаммадиев.

«Ушбу ҳолатлар вазирлик томонидан аниқланганидан кейин дастлаб 2019 йилнинг 13 май куни Андижон вилоят ҳокими номига бу тўғрида расмий  хат юборилиб, юзага келган муаммоли масаланинг ечимида амалий ёрдам кўрсатиш сўралган. Вазият бўйича ҳеч қандай ижобий ўзгариш сезилмаганидан кейингина ҳамда вилоят тиббиёт муассасаларида дори воситаларига эҳтиёж кучайиб, дори воситалари таъминоти билан боғлиқ вазият чигаллашишни бошлаганидан кейин (орадан 15 кун ўтиб) жорий йилнинг 28 май куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юқоридаги ҳолат бўйича тўпланган материаллар юборилган ва масаланинг оқилона ечимини топишда амалий ёрдам кўрсатиш сўралган.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборилган хатда Андижон вилояти ҳокимлиги ёки ҳоким Шуҳрат Абдураҳмонов ҳақида ҳеч қандай маълумот мавжуд эмас», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати маълумотида.

Мавзуга оид