Ўзбекистон | 11:00 / 30.06.2019
121682
12 дақиқада ўқилади

Андижон вилояти ҳокимлиги интернетда тарқалган аудиоёзув юзасидан изоҳ берди

Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиоёзув юзасидан изоҳ берди.

«Ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган Андижон вилоятига оид мақолалар кўплаб муҳокамалар, мулоҳазаларга сабаб бўлмоқда.

Жумладан, ҳудудда ташкил этилган дори воситалари ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг маҳсулотлари тиббиёт муассасаларига монопол тарзда  ўтказилаётгани билдирилмоқда. Бу хусусда қуйидагиларни айтиш мумкин:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 ноябрдаги «Фармацевтика тармоғини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5229-сонли Фармонига кўра аҳоли ва давлат соғлиқни сақлаш муассасаларини дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникалари, шу жумладан, маҳаллий ишлаб чиқарилган дорилар, тиббиёт буюмлари билан таъминлаш, ички бозорни янада тўлдириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш кўзда тутилган эди.

Фармон ижроси доирасида 2018 йилнинг апрель ойида «GOLD GROWN PHARMA» МЧЖ томонидан ижтимоий аҳамиятга эга тиббий буюмлар рўйхатига киритилган тиббиёт қўлқоплари (перчатка) ишлаб чиқарувчи корхона ташкил этилди ва 150та янги иш ўрини яратилиб, маҳаллий бюджетга ойма-ой 75 млн. сўмгача солиқ тўловлари амалга ошириляпти. 

Шунингдек, 2018 йил декабрь ойида «MAKRO FARM ANDIJAN» МЧЖ томонидан шприц ва инфузион системалар ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилди. 110 та янги иш ўрини яратилди. Ҳар ойда маҳаллий бюджетга 60 млн. сўмгача солиқ тўловлари келиб тушмоқда.

Ушбу корхоналарда ҳар йили 24 млн. дона ностерил ва 54 млн. жуфт стерил хирургик тиббий қўлқоплар ҳамда 136 млн. дона шприцлар ишлаб чиқарилади. Нарх масаласига келсак, бугунги кунда давлат тиббиёт муассасаларига 2 мл. ҳажмдаги шприц 260-300 сўмдан, 5 мл. шприц 280-500 сўмдан, 10 мл. шприц 320-600 сўмдан харид қилинмоқда. Республика комиссияси томонидан улгуржи сотиш нархлари бир дона ностерил резина қўлқоплари учун 650 сўм ва бир жуфт стерил хирургик резина қўлқоплари учун 2500 сўм этиб белгиланган.

Ҳозирда, «MAKRO FARM ANDIJAN» МЧЖ томонидан 2 мл. ҳажмдаги шприц 220 сўмдан, 5 мл. шприц 245 сўмдан, 10 мл. шприц 310 сўмдан, «GOLD GROWN PHARMA» МЧЖ томонидан ностерил резина қўлқоплари 500 сўмдан, бир жуфт стерил хирургик резина қўлқоплари 1800 сўмдан давлат тиббиёт муассасаларига етказиб берилмоқда.

2019 йил давомида Андижон вилоятида фаолият олиб бораётган давлат тиббиёт муассасалари «GOLD GROWN PHARMA» МЧЖ билан 8,4 млн. дона ностерил қўлқоплар, 9,6 млн. жуфт стерил хирургик қўлқоплар харид қилиш учун ҳамда «MAKRO FARM ANDIJAN» МЧЖ билан 5 турдаги 11,2 млн. дона шприцларни харид қилиш учун шартномалар имзоланган ва изчил бажариб келинмоқда.

Мазкур шартномалар имзоланиши ва тиббиёт буюмларини давлат тиббиёт ташкилотларига сифатли ва арзон нархларда етказиб берилиши ҳисобига тиббиёт қўлқоплари харидидан бюджет учун 6 млрд. 902 млн. сўм ҳамда шприц харидидан 2,1 млрд. сўм маблағлар иқтисод қилинган.

Шу тариқа ҳосил бўлган қўшимча 9 млрд. сўм маблағ эвазига 600 ўринли замонавий мактаб қуриб, жиҳозлаш мумкин. Ёки 2та янги боғча барпо этиш имконияти мавжуд. Айнан юқоридаги сумма 4та боғча ёки мактабни реконструкциясига кифоя қилади. 9 млрд. сўмга 3та ҚВП ёки бутун бошли тиббиёт бирлашмасини замонавий кўринишда реконструкция қилиб, жиҳозласа бўлади. Шу маблағга 90та оила учун уй қуриш, ёки 60 километрга ичимлик суви тармоғини тортиш мумкин. Юқорида иқтисод қилинган маблағ 80 километр йўлни шағаллаш ёки 30 километр йўлга асфальт етказиш харажатларини қоплайди.

Шунингдек, 2019 йил 14 январдаги ПФ-5629-сонли Фармонга асосан Андижон тумани, Хортум қишлоғи, З.М.Бобур массиви ҳудудида жами 52 гектар ер майдонида «Андижон-фарм» эркин иқтисодий зонаси ташкил этилмоқда.

Ушбу ҳудудда («GOLD GROWN PHARMA» МЧЖ ҳамда «MAKRO FARM ANDIJAN» МЧЖ ва бошқа ташаббускорларнинг) 2019-2020 йиллар давомида умумий қиймати 1 трлн. 20,6 млрд. сўм миқдоридаги, шундан хорижий инвесторлар маблағлари ҳисобига 84 млн. долларлик янги фармацевтика лойиҳалари ишга туширилиши ҳамда 1 415 нафар янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.

Вилоятда мазкур лойиҳаларни амалга оширишда 2019-2020 йиллар давомида импорт қилинаётган фармацевтика маҳсулотларини маҳаллийлаштириш ҳисобига 524,7 млн. дона дори воситалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, соҳанинг экспорт салоҳияти 15 фоизга ўсишига ҳамда дори воситалари ва тиббий буюмларнинг таннархи 30 фоизгача пасайишига эришилади.

Шу ўринда Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга нисбатан билдирилаётган фикрлар хусусида тўхталсак.

Ўзбекистон ҳудудининг юздан бир фоизини ташкил қилувчи вилоятда мамлакат аҳолисининг қарийб юздан ўн фоизи истиқомат қилади. Табиий ўсиш 53 минг кишига тўғри келади. Бу дегани аҳоли сони ҳар 12 ойда Хонобод шаҳри (42 минг) ёки Улуғнор тумани (54 минг) аҳолисига тенг миқдорда кўпаймоқда. Зичлик борасида нафақат мамлакатимизда ёки Осиёда, балки дунёда етакчи ўринларда турувчи Андижон вилоятида ижтимоий-иқтисодий муаммолар алоҳида долзарблик касб этиши табиий ҳол.

Вилоят ҳокимининг қабул кунлари юзлаб фуқаролар мурожаат қиладилар. Эрталаб соат 8дан бошлаб, кеч соат 22гача давом этадиган очиқ мулоқотларда аҳоли муаммоларини ҳал қилиш бўйича чоралар кўрилади. Ҳокимнинг фейсбук, инстаграммдаги саҳифаларига, бевосита мобил телефонига келиб тушадиган мурожаатлар ҳам эътибордан четда қолмайди. Уларнинг ечимини топиш, юзага келадиганларининг олдини олиш юқори жадаллик билан ишлашни тақозо этади. Бир кун, ҳатто бир соатлик сусткашликнинг таъсири сезилади.

Шу ўринда бўлиб ўтган йиғилишнинг ижтимоий тармоқларда ёритилишига тўхталсак. Йиғилишнинг амалий самараси четда қолиб, айнан эҳтиросли жиҳатлари бўрттириб кўрсатилган. Вилоят ҳокими ўша дори воситалари атрофидаги муаммоларни аввал ҳам бир неча бор кўтарган. Мутасаддиларга уларнинг нарх-наво, сифат кўрсаткичларини таҳлил қилиш юзасидан топшириқ берган эди. Ижтимоий тармоқларда бу жиҳатлар тушириб қолдирилган. Бу каби ёндашувни шов-шув кўтариш, сохта обрў орттириш деб баҳолаш мумкин.

Агар ушбу корхоналар фаолияти тўхтайдиган бўлса, унда 260 ишчи ўрни ҳамда 9 млрд. сўм йўқотилиши, ойма-ой 135 млн. солиқ тўловчи тадбиркорнинг фаолиятига чек қўйилиши, энг аҳамиятли жиҳатларидан бири импорт ўрнини босувчи маҳаллий маҳсулотнинг тўхтатиб қўйилиши ҳар қандай одамнинг кайфиятига салбий таъсир ўтказиши ортиқча изоҳ талаб этмайди. Шу ўринда муҳтарам президентимизнинг ушбу фикрини келтиришни жоиз деб билдик. «Энг ёмони, бунинг оқибатида мавжуд иш ўринлари йўқотилмоқда. Маълумки, тадбиркор ўзининг бола-чақасидан қийиб, тўплаган пули, мол-мулкини янги иш очишга сарфлайди. Банкдан кредит олса, уни ҳам фоизи билан ўзи тўлайди. Унга ҳеч ким ҳар 15 кунда бюджетдан аванс ёки ойлик бермайди. Шунга қарамасдан, таваккал қилиб, ҳузур-ҳаловатдан кечиб, бор имконияти ва маблағини хавф-хатарга қўйиб, ўз иши учун кеча-ю кундуз жонини бериб ишлайди. Шу йўл билан нафақат ўз оиласини, балки эл-юртни ҳам боқади. Шу маънода тадбиркор бу ҳақиқий фидойи инсон. Шахсан мен бундай инсонларни, иккитагина иш ўрнини яратган тадбиркорни бошимга кўтаришга тайёрман».

Айнан аҳоли ичига кириб, унинг муаммоларини ҳал этишни устувор вазифа сифатида қабул қилган вилоят ҳокими, биринчи навбатда, оддий фуқароларга хизмат қилмоқда. Зеро, ўша ижтимоий тармоқларда иддао қилинган («Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир». Ўзбекистон Конституциясининг 7-моддаси) масалада собитдир», — дейилади «Нега йиғилишнинг амалий самараси четда қолиб, айнан эҳтиросли жиҳатлари бўрттириб кўрсатилди?» сарлавҳаси остидаги баёнотда.

Бундан аввалроқ вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов 9 июнь куни ўтказилган йиғилиш вақтида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновни ҳамда соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Авазбек Абдураҳмоновни қўпол сўзлар билан ҳақоратлаганди.

«Анави маразинг, вазирчанг ифлос, Андижондан чиққан, бош прокурорга хат киргизибди, шприцни тендер қилмасдан ўткизяпти, сен маразсан, сен! Отасига раҳмат, бош прокурор менга айтаяпти, Шуҳрат ака дейди, гаплашволинг мана вазир билан дейди, хат қиляпти дейди», деганди ҳоким.

Кейинроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Унда Андижон вилояти ҳокимлиги вилоят молия бошқармасига пул маблағларини тиббиёт муассасаларидан йиғиб олиб, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳисоб рақамига марказлаштириш ҳамда ушбу пул маблағларига тўғридан-тўғри тузилган шартномаларга мувофиқ, шприц, инфузион система ва тиббий қўлқоплар сотиб олишни топширгани, топшириқ асосида Андижон шаҳрида жойлашган «MAKRO FARM ANDIJAN» компанияси билан юқоридаги қонун талабларига зид равишда тузилган тўғридан-тўғри шартномалар асосида жами 6,3 миллиард сўмлик мувофиқлик сертификати мавжуд бўлмаган шприц ва системалар сотиб олингани, худди шундай тартибда топшириқ асосида Андижон шаҳридаги «GOLD GROWN PHARMA» компаниясидан ноқонуний равишда жами 20,1 миллиард сўмлик мувофиқлик сертификати мавжуд бўлмаган тиббий қўлқоп маҳсулотлари харид қилингани айтилганди.

Қайд этилишича, «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунга кўра, тўғридан-тўғри шартнома тузиш йўли билан ушбу тиббий буюмларни харид қилиш тақиқланган.

«Аслида ушбу маблағларга вилоят аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш учун дори воситалари ва бошқа зарур тиббий буюмлар ҳам сотиб олиниши лозим эди. Бунинг оқибатида, Андижон вилоятида 2018—2019 йилларда шприц, система ва қўлқоплар билан таъминот даражаси зарур эҳтиёждан бир неча маротаба ортиққа таъминланган, лекин шошилинч ёрдам учун керакли бўлган ва бошқа дори воситалари эҳтиёжга нисбатан бир неча маротаба кам харид қилинган.

Оддий қилиб айтганда, пул маблағларининг нотўғри тақсимланиши ва давлат харидларини амалга ошириш тартиби бузилиши оқибатида ўрганилган ташкилотларда вилоят аҳолисининг дори воситаларига бўлган эҳтиёжи 44,5 фоизга («Актовегин» дори воситасига бўлган эҳтиёж ҳатто 5 фоизга) таъминланган бир пайтда, қўлқоп 265 фоизга, система 103 фоизга ҳамда шприц 500 фоизга эҳтиёждан ортиқ сотиб олинган.

Амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, юқоридаги кўрсатилган тиббий буюмлар мажбурий равишда сертификатлаштирилиши, яъни сифати Ўзбекистонда амалда бўлган стандартларга тўлиқ жавоб бериши шарт эди. Табиийки, бундай сертификати бўлмаган маҳсулотларни сотиш ва ишлатиш умуман мумкин эмас. Лекин, шунга қарамай, кўрсатилган ҳолатда бундай сертификати бўлмаган (ҳаттоки 47та ҳолатда бундай сертификат бериш рад этилган) сифатсиз тиббий буюмлар сотиб олинган», — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Юридик бўлими бошлиғи Руслан Муҳаммадиев.

Мавзуга оид