Жамият | 13:33 / 01.07.2019
17341
3 дақиқада ўқилади

Сариосиёнинг Маржона қишлоғида аҳоли тоза ичимлик сувига муҳтож: раҳбарлар нима дейди?

Сурхондарё вилоятининг олис Сариосиё тумани «Маржона» маҳалласидан таҳририятимизга келиб тушган мурожаатни ўрганиш учун ушбу маҳаллага йўл олдик. Бугунги кунда маҳалла аҳлини тоза ичимлик суви муаммоси қийнаб келмоқда.

Маҳалла фаолларининг вилоят ва тумандаги мутасадди ташкилотларга мурожаатига ваъдалардан бошқа жавоб берилмаяпти.

Видео: Youtube

 Видео: Mover (tas-ix)

Маҳалла фуқаролари йиғини масъул котиби Ботир Бўтаевнинг мухбиримизга билдиришича, «Маржона» маҳалласида айни кунда яшовчи аҳоли сони 4440 нафарни ташкил этади. 672та хўжаликда 1122 оила истиқомат қилмоқда.

Ҳисор тоғ тизмаси этагида жойлашган мазкур хушҳаво қишлоқда ўртасидан Шарғунсой дарёси оқиб ўтади. Бироқ улар айни кунларда ариқларда шалдираб оқаётган лойқа сувни тинитиб, қайнатиб ичишмоқда ёки дара бўйлаб жойлашган булоқлардан сувни ташиб ичишади.

Дарё ва ундан ариқларга олинаётган сувнинг лойқаланишига сабаб нима?

Гап шундаки, қишлоқнинг юқорироғида жойлашган корхоналардан чиқаётган оқова сувлар номигагина тиндирилиб, дарёга оқизилмоқда. Бунинг натижасида дарёнинг зилол суви қизғиш рангга кириб, лойқаланмоқда.

Маҳалла фаолларидан бири Маъруф Маматмуродовнинг айтишича, геология-разведка ишлари олиб борилиб, қишлоққа артезиан қудуғи бурғилаш тавсияси ҳам берилган, жойи ҳам кўрсатилган.

Ёки тоғ дараси бўйлаб ғорлардан (штольнялар) оқиб чиқаётган тоза сувларнинг барчаси ДСЭНМдан экспертизадан ўтказилган. Уларнинг ичида истеъмолга яроқлиси аниқланган. Гап ўша сувларни қувур тортиб қишлоққача келтиришда.

«Бир пайтлар аҳоли Шарғунсойдан сув ичган, қолаверса қишлоққа тоза ичимлик суви ҳам келарди. Вазият кейин шу 4-5 йилда кескин ёмонлашди», — дейди М.Маматмуродов.

Маҳаллий аҳоли вакилларидан Шуҳрат Қурбоновнинг таъкидлашича, қишлоқни ичимлик суви билан таъминлаш учун вилоят ҳокими 850 миллион сўм ажратилганини айтиб ўтган. Вилоят телевидение эфирида эса қишлоққа ичимлик суви ўтказилгани ҳақида лавҳа ҳам берилган. Аммо амалда бу борада бирор иш амалга оширилмаган. Сўнгги ваъда «маҳалла сайловлари ўтиб олгандан кейин» дейилган.

«Қишлоқда эски водопровод қувурлари бор. Хонадонларгача сув ўтказилсин демаймиз. Кўчада ҳар 200-300 метрда жўмрак чиқариб қўйилса бас. Халқнинг тоза сувга бўлган чанқоғи қондирилган бўларди», — дейди Ш.Қурбонов.

Биз ўша куни мазкур мурожаат бўйича мутасаддиларнинг жавобини олиш учун Сариосиё туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари ва бошқа раҳбарлар билан учрашишнинг имконини топа олмадик.

«Маржона» маҳалласи аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланадими? Берилган ваъдалар амалга ошадими? Ажратилган маблағлар нима бўлди? Kun.uz бу борада вилоятдаги ва тумандаги мутасаддилардан жавоб кутиб қолади.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,

Kun.uz мухбири

Мавзуга оид