Жамият | 18:00 / 04.07.2019
28651
6 дақиқада ўқилади

«Сал қолса машина босиб кетарди...» — Чироқчининг бетартиб кўчаси манзаралари

— Йўлдан қоч!

— Кўзингга қарамайсанми?

— Арава кимники? Четга олинглар!

Машиналар сигнали, уларнинг хавфли ва тартибсиз ҳаракатлари, бақир-чақир – буларнинг барини Чироқчи тумани деҳқон бозори олдида кузатиш мумкин.

Kun.uz таҳририятига Қашқадарё вилоятидан навбатдаги мурожаат келиб тушди. Мурожаатни мазкур вилоятнинг Чироқчи туманида истиқомат қилувчи бир гуруҳ кексалар йўллашган. Унда айтилишича, туман марказида жойлашган деҳқон бозори атрофидаги 1-1,5 км масофада ҳар куни тирбандлик. Тирбандлик оқибатида бозор-ўчар, савдо-сотиқ қилгани келувчилар ёки шу атрофда истиқомат қилувчи аҳоли қийналмоқда. Чунки бу ерда машиналар йўл хавфсизлиги қоидаларига амал қилмасдан ҳаракатланади.

«Таклифимиз шуки, автотранспорт воситалари йўлда бир томонлама ҳаракатлансин. Бундан ташқари, бозор олдида тартиб ўрнатиш учун автотураргоҳ барпо қилиш зарур», - дейди Чироқчи тумани, «Карим Содиқов» МФЙ, Бойли қишлоғида яшовчи Тўйма бобо Сатторов ва бошқа кексалар ўз мурожаатларида.

Вазиятни ўрганиш мақсадида Чироқчи туманида бўлдик. Шаҳар кўчалари равон, замонавий қиёфага келтирилган. Аммо мурожаатда назарда тутилган кўчага қайрилгач, гувоҳи бўлдикки, ҳолат ҳақиқатан ҳам жиддий.

Хонжон деб номланувчи кўчада деҳқон бозори, солиқ идораси, фуқаролик суди, болалар боғчаси, мактаб, масжид, турли дўконлар, емакхоналар жойлашган. Кўчадаги энг бетартиб жой бозор олдида вужудга келган. Бу ерда машиналар қатор этиб териб қўйилган, ҳаракатланаётган автомобиллар эса исталган тезликда юришади, хоҳлаган жойларида тўхташади. Йўловчи олишади, йўловчи туширишади. Кўчада автомашиналар икки томонлама ҳаракатланади.

«Сиз бу ерга чоршанба куни келиб шунча тирбандликни кўряпсиз. Жума ва якшанба кунлари келинг, ҳақиқий ҳолатни кўрасиз. Бозор кунлари бу ерга яқинлашиб ҳам бўлмайди. Ур-йиқит, тўполон. Боя биттаси «Нексия»сини шувиллатиб ҳайдаб устимга келяпти. Сал қолса, босиб кетарди. Мана, қаранг, ўзингиз гувоҳи бўляпсиз, машинасини ўртага тўхтатиб, бемалол тарвуз ортяпти. Бу нима аҳвол?», дейди мурожаатчилардан бири.

Дарҳақиқат шундай. Деҳқон бозори рўпарасида тартибсиз қўйилган ва ҳаракатланаётган автоуловлардан ташқари йўлнинг икки четида қатор қилиб тарвуз-қовун, сабзавот маҳсулотлари ва бошқа буюмлар сотаётганларга гувоҳ бўлиш мумкин. Уларнинг ортида эса емакхоналар ишлаяпти. Улар олдида ҳам тумонат машиналар, одамлар...

Сабзавот маҳсулотлари сотаётган сотувчилардан бирининг ёнига яқинлашиб, нега бозор ичида эмас, бу ерда савдо қилаётгани билан қизиқиб кўрдик.

— Помидорлар қанча бўлди?

— Бир килоси икки ярим минг сўм...

— Арзон-ку. Шаҳрисабз, Қаршида 4 минг сўм.

— Бу тўғри даланинг ўзидан келади. Сиз айтган жойлардан келиб, биздан олиб кетишади. Шунинг учун қиммат бўлса керак.

— Бу ерда офтоб остида қийналиб ўтирганингиздан кўра, бозор ичига кириб савдо қилсангиз бўлмайдими?

— Менга керакмас. Фалон сўм чек тўлайми, бир этаккина помидоримнинг фойдасини кўрайми? Бунинг устига бозор ичидаги хотинлар жанжалкаш, бегона «помидорчи»ларни сиғдирмайди...

Кўчанинг ўртасидан анҳор оқиб ўтган. Уни кичик бир кўприк боғлаб турибди. Анҳорнинг нариги тарафи бироз тартибли. Чироқчи туманининг турли қишлоқларига қатновчи машиналар, автобуслар йўл ёқасида қатор тизилиб турибди.

Хонжон кўчасидаги ҳолат ҳақида изоҳ олиш учун туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Эркин Бобоқулов билан суҳбатлашдик.

«Бу муаммо ҳақида анчадан буён бош қотириб келяпмиз. Гап шундаки, бозор атрофида автотураргоҳ қуриш масаласи мураккаброқ. Биринчидан, бозор биқинидаги жой тадбиркорга тегишли бўлиб, унинг ерида қурилиш қилиш қонунга хилоф. Иккинчидан йўлнинг нариги қисмида автотураргоҳ қуришга тадбиркорлар жалб этиляпти, аммо қурилиш ишлари ўта қимматга тушаётгани учун бу ишга ҳеч бир тадбиркор қўл урмаяпти. Бозорга яқин жойлар тор, қулайлари узоқда жойлашган... Аммо барибир автотураргоҳ қурамиз, бунинг учун жой ҳам топамиз, лойиҳасини ишлаб чиқамиз. Унгача бу тартибсизликни биргина йўл билан ҳал қилиб турса бўлади, у ҳам бўлса машиналарни бир томонлама ҳаракатини йўлга қўйиш орқали», - дейди мутасадди.

Шаҳарларнинг бозор олди ҳудудларида доим ана шундай муаммо кузатилади. Чунки бугун автотранспорт воситалари кўпайган, исталадими йўқми тирбандликлар вужудга келади. Чироқчининг деҳқон бозоридаги ҳолатни қандай қилиб изга солиш мумкин?

Биринчидан, кўча бошидаги Қарши ва бошқа туманларга қатновчи автомобилларни бошқа ерга кўчириш зарур. Чунки туманларга кетадиган йўловчи учун бу унча қийинчилик туғдирмайди.

Иккинчидан, йўлдаги ҳаракатни бир томонлама қилиш энг долзарб масала. Кўча бозор олдида тўхтаб турган автомобиллар ва сотувчилар ҳисобига жудаям торайиб қолган. Бунинг устига икки қатновли. Ана шу ҳолат ҳам тирбандлик ва тартибсизликни юзага чиқармоқда.

Учинчидан, кўчада савдо қилаётганларни ҳайдаб, қувиб солиш ўрнига арзон нархларда бозорга олиб кириш ёки уларга алоҳида жой қилиб бериш лозим. Шунда балки, кўчадаги ҳолат бироз яхшиланар, ҳаракат хавфсизлиги ошар? Бу ёғи эса, албатта, мутасаддиларнинг зеҳнига, пухта ўйлаган режасига ва ҳаракатига боғлиқ.

Сарвар Анвар ўғли,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид