Ўзбекистон | 21:50 / 05.07.2019
21965
8 дақиқада ўқилади

«Тунги ҳаёт фақат тунги клуб дегани эмас». «Хавфсиз шаҳар» учун қонунчилик доирасида қандай амалиётлар зарур?

Оммавий ахборот воситаларида тунги клублар мавзуси яна тилга олина бошлади. Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди, дейишади. Бу бежиз эмасдек. Чунки, ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов тунги вақтларда ишловчи ресторанлар, кафе ва бошқа кўнгилочар масканларга хавфсизликни таъминлаш бўйича муайян талаблар қўйилиши тўғрисида маълум қилган эди. Орадан ҳеч қанча ўтмай телеграмдаги davletovuz каналида унинг фаолиятига ҳуқуқий ечим топилиши ҳақида хабар тарқатилди.

«Айтишларича, Ички ишлар вазирлиги томонидан тунги клубларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилаётган экан. Чиндан ҳам, тунги клубларда юз берган охирги инцидентлар  сабабли ушбу масала жамиятимиз кун тартибига чиққан эди. Ҳукумат шуларни ҳисобга олган ҳолда мақбул ечимни излаётганга ўхшайди. Чунки, маълум бўлишича, республика бўйича икки юзга яқин тунги клублар фаолият юритса-да, уларда ҳуқуқ-тартибот ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича умумий талаблар белгиланмаган. Ҳамма ўз билганича иш тутади.

Охирги воқеалар, айниқса, Юнусободдаги «Аурум 898» тунги клубидаги ҳодисалар шуни кўрсатдики, одамларимиз учун тунги клублар жуда баҳсли, нозик масала. Агар ушбу масала тартибга солинмас экан, тунги клубдаги ҳар бир ҳолат учун жамоатчиликнинг қаҳрига дуч келаверамиз.

Дунё кўрган юртдошларимиз биладики, энг яхши шаҳар, истаймизми-йўқми, тунги ҳаёти бор шаҳар. Тунги ҳаёт ҳар қандай мегаполиснинг энг муҳим атрибутларидан бири саналади. Айниқса, бизга ўхшаб шаҳар аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этадиган мамлакатлар учун бу жуда муҳим. Кошки ёшларни соат 23:00дан кейин уйга қамаб қўйиш билан бирор мақсадга эриша олсак. Албатта, шуни унутмаслик керакки, тунги ҳаёт тунги клублардан иборат дегани эмас.

Яна бир масала. Ўзбекистон бугун ўз эшикларини туристларга кенг очаяпти. Бундай пайтда туристлар фақат тарихий обидаларни кўриб, мазза қилиб кетади, дейиш билан иш битмайди. Ўзбекистон шаҳарлари фақат пенсионер туристларни эмас, балки ёш сайёҳлар учун ҳам қизиқ, қайноқ ва жозибали бўлиши керак. Фақат битта шарти бор: тунги клуб ва бошқа кўнгилочар масканлар атрофдаги одамларнинг ҳаловатини, оромини бузмасин, бундай жойга борган одамнинг ҳаёти, соғлиғига биров хавф солмасин», дейилади унда.

Хабарда илгари сурилган таклифларга қўшилган ҳолда айтиш мумкинки, чиндан ҳам сўнгги вақтларда тунги клубларда содир бўлган кўнгилсиз ҳодисалар одамларимиз учун баҳсли, хавотирли масалага айланди.

Лекин, бургага аччиқ қилиб кўрпага ўт қўйилмаганидек, тунги клублар фаолиятини чеклаш, уларга максимал даражада талаблар қўйиш қонунчиликка зид.

Биринчидан, уззуккун фаолият юритадиган айрим кўнгилочар масканларга жамоат тартибини сақлаш билан боғлиқ максимал даражада талаблар ўрнатиш ва хизмат кўрсатиш вақтини чегаралаб қўйиш тадбиркорлар ҳуқуқлари чекланишига ва улар орасида турли резонанс ҳолатларнинг пайдо бўлишига олиб келади, шунингдек, туристлар учун қулай шароитлар яратишга тўсқинлик қилиши ва мамлакатимиз туризм рейтингига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Иккинчидан, амалдаги қонунчиликка кўра, тадбиркорлик субъектларига муайян кўрсатмалар ёки фармойишлар бериш билан боғлиқ нормаларни Қонун билан белгилаш талаб этилади.

Учинчидан, борди-ю тунги вақтларда ишловчи ресторанлар, кафе ва бошқа кўнгилочар масканларга қатъий ва максимал даражада талаблар ўрнатилса, тадбиркорлик субъектлари ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлаш ва чекланмаган миқдорда даромад (фойда) олиш борасидаги ҳуқуқини чекловчи нормаларни вужудга келтиради. Бу ўз навбатида, ҳуқуқий демократик давлат тамойилларига ҳам номутаносиб. Бундай вазиятда етти ўлчаб бир кесган маъқул, муҳими, сих ҳам, кабоб ҳам куймасин.

Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда республика бўйича 184та умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектлар тунги вақтда фаолият юритмоқда (шундан 52таси Тошкент шаҳрида, 48таси Самарқанд шаҳрида). Уларда ҳуқуқ-тартибот ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан умумий талаблар белгиланмаган. Биргина Тошкентнинг ўзида тунги клублар яқинида қотиллик ёки тан жароҳати етказиш билан якунланган 7та жиноят содир этилиши хавфсизлик чоралари кўрилмагани натижасидир.

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов учини чиқарган ҳужжатда ана шу жиҳатлар ўз ифодасини топган деб, умид қиламиз. Йўқса, тунги клубдаги ҳар бир ҳолат учун жамоатчиликнинг қаҳрига дуч келаверамиз.

Дарвоқе, янглишмасак, шу йилнинг февраль ойларида Ички ишлар вазирлиги томонидан бу бўйича ҳужжат тайёрлаган ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига жойлаштирилган. Лойиҳа юзасидан аксарият фикр билдирувчилар тунги клубларда ҳуқуқ-тартибот ва жамоат хавфсизлигини таъминлашни илгари сурган эди. Ҳукумат шуларни ҳисобга олган ҳолда мақбул ечимни излаётган бўлса керак, деб яхши гумонда бўламиз.

Тунги клублар мавзуси қизғин муҳокама қилинган кунларда томонлар икки қутбга бўлинган эди. Масъул амалдорлардан бири чеклаш ёки ёпиш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини айтиб, фикрини Гандининг («уйимга тоза ҳаво кириши учун деразаларни очсам, шабада билан бирга чанг, ғубор ва довуллар ҳам ёпирилиб кириб келади...») умрбоқий ўгити мисолида далиллаган эди.

Хўш, тунги вақтларда ишловчи ресторанлар, кафе ва бошқа кўнгилочар масканларда хавфсизликни таъминлаш бўйича амалдаги қонунчилик доирасида қандай амалиётни жорий қилса бўлади?

Мавзунинг моҳиятидан келиб чиқиб, келинг, сўзимизни тунги клубларда хавфсизликни таъминлаш борасидаги мулоҳазаларимиз билан давом эттирсак.

Биласиз, «Хавфсиз шаҳар» концепцияси экспертлар томонидан мамлакатимизда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг мутлақо янги тизими сифатида эътироф этилмоқда.

Назаримизда, мазкур тизимни умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектлар фаолиятига ҳам татбиқ қилиш мумкин. Айтайлик, тунги клубларга тасвирни узоқ муддат сақлаш қувватига эга бўлган видеокузатув камералари ўрнатилса, у ерга борувчи одамларнинг ҳушёрлигини оширади.

Агар кузатган бўлсангиз, аксарият тунги клубларнинг ён-атрофи қоронғи. Бу безори ва жиноятга мойил кимсалар учун айни муддао. Шу маънода, тунги вақтда фаолият юритувчи объектларнинг ён-атрофи, автопарки ва уларга тегишли бошқа ҳудудларни етарли даражада ёритиш воситалари билан таъминлаш мақсадга мувофиқдир.

Кўнгилочар масканлар аҳоли турар-жой биноларига яқин ёки туташ жойлашган. Юртимиз аҳолиси ва меҳмонларига ҳордиқ чиқариши учун қулайлик яратиш ҳисобига бошқа одамларнинг осойишини бузиш ярамайди. Шу мақсадда тунги вақтларда ишловчи ресторанлар, кафе ва бошқа кўнгилочар масканлар тўлиқ товуш ўтказмайдиган мосламалар билан жиҳозланса, айни муддао бўлар эди. Шунингдек, техник ва табиий жиҳатлар инобатга олиниб, тунги клублар ёнғин ўчириш воситалари ҳамда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур воситалар билан таъминланса, фойдадан холи бўлмайди.

Демоқчимизки, тунги вақтларда ишловчи ресторанлар, кафе ва бошқа кўнгилочар масканлар бўйича қабул қилинадиган ҳужжат мазкур субъектлар учун қулай шароитларни яратиши, уларда жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар олдини олиш чораларини кучайтиришга хизмат қилсин.

Элчин Нафасов

Мавзуга оид