Иқтисодиёт | 12:56 / 06.07.2019
5244
2 дақиқада ўқилади

Молия вазирлиги: 3 йиллик давлат қимматли қоғозлари бўйича бенчмарк янгиланди

2019 йил 5 июлда Ўзбекистон Республика Валюта биржасида (ЎзРВБ) ўтказилган электрон савдоларда 36 ойлик давлат қимматли қоғозларининг ўртача тортилган даромадлиги 10,11 фоизни ташкил этиб, 2018 йил 28 декабрдаги 14,86 фоиз даражасидаги бенчмарк янгиланди.

Молия вазирлиги хабарига кўра, ушбу аукцион савдоларида умумий қиймати 100 млрд. сўм бўлган давлат қимматли қоғозларини сотиб олиш учун дилерлар томонидан 403,6 млрд. сўм ҳажмдаги буюртмалар берилиши натижасида облигацияларнинг бирламчи бозордаги ўртача тортилган нархи номинал қийматига нисбатан 111,24 фоизни ташкил этди. 

Қайд қилинган аукцион натижалари:

миллий валютадаги минимал рискка эга бўлган юқори ликвидли ва кафолатланган молиявий инструментларга нисбатан юқори талаб сақланиб қолаётганидан дарак беради;

ички молия бозорларининг мазкур сегментида реал рақобат муҳитининг шаклланиши ҳамда облигация баҳосини аниқлашда бозор механизмлари ўрнининг мустаҳкамланишини акс эттиради.

Шу билан бирга, миллий валютадаги давлат қимматли қоғозларини сотиб олишга халқаро инвесторлар томонидан ҳам қизиқиш билдирилиши мазкур сегментнинг келгусида ривожланиши учун мавжуд салоҳиятни кўрсатади.

Ўрта ва узоқ муддатли давлат қимматли қоғозлари эмиссия қилиниши молиявий инструментларни диверсификациялаш ҳамда молия бозорига янги иштирокчиларни (суғурта компаниялари ва ҳ.к.) жалб этиш учун замин яратади.

Молия вазирлиги келгусида давлат қимматли қоғозларини чиқаришда ички давлат қарзини самарали бошқариш ва маҳаллий молия бозорларини ривожлантириш мақсадларидан келиб чиқиб, молия бозорларидаги жорий ҳолат ва талабни инобатга олган ҳолда амалга оширади, дейилади вазирлик хабарида.

Мавзуга оид