Ўзбекистон | 13:51 / 11.07.2019
84289
4 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда хусусий фирма ходимлари ва ДХХ чегара қўшинлари ҳарбийлари ўртасида келишмовчилик келиб чиқди. ДХХ расмий маълумот берди

Фото: Видеодан кадр

Жорий йилнинг 5 июль куни соат 16:00да Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани чегара ҳудудида хизмат фаолиятини олиб бораётган чегара нарядлари томонидан ноқонуний равишда Давлат чегараси белгиланган ҳудудга катта тезликда, ичида бир қанча фуқаролар билан ҳаракатланаётган 4 дона транспорт воситаларига тўхташ ишорасини берганида, улар ҳарбий хизматчиларнинг “Тўхта” буйруғига бўйсунмасдан йўлини давом эттиргач, ушбу соҳада хизмат фаолиятини олиб бораётган бошқа чегара нарядлари томонидан мазкур транспорт воситалари мажбурий тўхтатилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ДХХ чегара қўшинлари хабар берди.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)
 

Мазкур транспорт воситалари текширилганда, унда ҳаракатланиб келаётган фуқаролар, Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган, Ш. Комилов раҳбарлигидаги «Only Tea» хусусий фирмасининг ишчилари эканлиги, шунингдек, улар Давлат чегарасида коврак ўсимлигини териш учун чегара ҳудудига ҳаракатланаётганлиги аниқланган. 

Шундан сўнг, транспорт воситаларида бўлган хусусий фирма ходимлари ва ДХХ чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ўртасида келишмовчилик келиб чиққан. Чегарачилар томонидан фирма ишчиларини белгиланган ҳудудга киритиш бўйича ҳеч қандай кўрсатма берилмаганлигини билдириб, уларни ортга қайтиши ва тегишли рухсатнома билан келишлари тушунтирилган. Аммо, фирманинг масъул ходимлари ҳокимлик ва тумани ИИБ томонидан тақдим этилган ҳужжатларни рўкач этиб, ДХХ чегара қўшинларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни менсимаган ҳолда ҳаракатланиш қисмида ҳарбий хизматчилар бўлишига қарамасдан транспорт воситасида чегара ҳудуди томон ҳаракатланмоқчи бўлган. Буйруққа бўйсунмаган фуқароларни тўхтатиш ва ҳарбий хизматчиларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, чегара наряди таркиби томонидан осмонга қарата огоҳлантирувчи ўқ узилган.

Бўлиб ўтган воқеага аниқлик киритиш мақсадида ушбу ҳолат ДХХ Чегара қўшинлари масъуллари томонидан ўрганиб чиқилди. Ўрганиш давомида, Қумқўрғон туман ҳокимининг қарорига асосан, мазкур «Only Tea» хусусий фирмасига коврак ўсимлигини йиғиш учун Боботоғ тоғ тизмаларининг чегара ҳудудидан жой ажратилган. «Only Tea» хусусий фирмаси раҳбари Ш. Комилов 2019 йил 1 июль куни Қумқўрғон тумани ИИБдан чегара ҳудудида бўлиш учун мурожаат этган ва тегишли рухсатнома олган. 

Шу билан бир қаторда, у 2019 йил 20 июнь ва 4 июль кунлари ДХХ чегара қўшинларига қарашли 9222-сонли ҳарбий қисм қўмондонлигига хат орқали коврак ўсимлигини териш учун тегишли рухсатнома олиш мақсадида мурожаат этган. Бироқ, мурожаат қўшимча ўрганув талаб этганлиги ва ҳарбий қисм томонидан унга жавоб хати берилмасдан туриб, хусусий фирма ишчилари ҳоким қарори ва туман ИИБ томонидан берилган рухсатномага таянган тарзда чегара режимини бузишга ҳаракат қилган. 

Таъкидланишича, ҳокимлик қарори ва ички ишлар бўлими рухсатномалари Давлат чегараси ҳудудларида фаолият олиб бориш ва бўлиш учун етарли асослар ҳисобланмайди. Чунки Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддасида чегара олди минтақасига кириш (чиқиш), у ерда бўлиш ва ҳар хил турдаги фаолиятларни олиб бориш ДХХ чегара қўшинларининг рухсати билан амалга оширилиши белгиланган.

Бундан ташқари, ДХХ чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг ҳаракатлари қонуний бўлиб, улар Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонунининг 25 ва 28-моддалари талабларига мувофиқ ҳаракат қилганлар.

Мамлакатимизда жорий этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талаблари фуқаролар томонидан ўз манфаатини устун қўймаган ҳолда ҳуқуқий маданият нуқтаи назаридан ўз фаолиятларини олиб борсалар, бу каби тушунмовчиликлар ўз-ўзидан бартараф этилиб, юридик шахслар фаолияти янада жадаллашиши табиийдир, дейилади ДХХ чегара қўшинлари хабарида.

Мавзуга оид