Жамият | 10:10 / 11.07.2019
86633
4 дақиқада ўқилади

Хотин-қизлар қўмитаси боласини ҳожатхонага ташлаб кетган аёл бўйича янги тафсилотларни маълум қилди

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Сурхондарё вилояти Денов туманида ўз боласини ҳожатхонага ташлаб кетган она воқеаси бўйича муносабатини эълон қилди

2019 йил 2 июль куни фуқаро Ф.Т. Сурхондарё вилояти Денов тумани, Лолазор маҳалласидаги “Ҳабибобод” бозори ҳудудида жойлашган аёллар ҳожатхонасида қиз бола чақалоқни туғиб, ҳожатхона ичига ташлаб кетган. Ундан кейин ҳожатхонага кирган аёл чақалоқ йиғисини эшитиб, одамларни ёрдамга чақирган. Натижада чақалоқ қутқариб қолиниб, касалхонага жойлаштирилган.

Сурхондарё вилояти Хотин-қизлар қўмитаси раиси Мавлуда Қобулованинг Денов туманида бўлган ҳолат юзасидан берган маълумоти:
 
Маълум бўлишича, оилада 6 фарзанд – 2 нафар ўғил, 4 нафар қиз улғаймоқда. Ф.Т.нинг маълумоти ўрта-махсус, отаси ишлашга рухсат бермаганлиги учун уйида тикувчилик билан шуғулланиб келган. Унинг номусига амакисининг ўғли, 1990 йилда туғилган, ўзи билан бир маҳаллада яшовчи А.Т. теккан.

Бола 02.07.2019 йилда туғилган, онаси ва ўзидан бошқа ҳеч ким билмаган. Отаси ва ака-укасидан қўрққанидан, қариндош-уруғ, қўни-қўшнидан уялганидан онаси билан келишган ҳолда болани йўқ қилиш учун шу йўлни топган. Бола ҳожатхона янги тозаланганлиги ва орқа томони билан тушганлиги сабабли ва ўз вақтида топилиб, тиббий ёрдам кўрсатилганлиги учун тирик қолган, ҳозирда саломатлиги яхши.
 
Туман Хотин-қизлар қўмитаси раиси оиладан хабар олди. Оила маҳалланинг оддий оилаларидан. Отаси ҳам, оила аъзолари ҳам воқеадан хабар топгач яна бир хатоликка йўл қўйиб қўймаслиги учун уларга вазиятни борича қабул қилиши ва яна кескинлаштирмаслиги тушунтирилди. Ҳозир вазият назоратга олинди, болага гувоҳномани расмийлаштириш чораси кўрилмоқда.

Тўғри, аслида бу каби бонг уришлар ҳам, халқ таъбири билан айтганда “бўлари бўлиб, буёғи сингиб бўлган”дан кейинги хабар олишлар ҳам, қайсидир масъулни ишдан олиш, кимгадир чора кўриш кабилар ҳам фожиани юмшатишга асос бўлолмайди.
 
Чунки, кўриниб турибдики, юқоридаги ҳолни содир этган эркак ва қиз яшаётган маҳаллада маърифий муҳит етарлича соғломлаштирилмаган. Қиз ҳомиласини “ҳожатхонага ташлаш учун” кўтариб юрган, 9 ой давомида ҳеч ким ҳеч нарсани сезмаган.

Бугунги ислоҳотлар натижасида шу ҳолатлар содир бўлишининг олдини олиш учун кўрилаётган чоралар, масалан “Қизлар саломатлик маркази”, “Аёллар маслаҳатхонаси”, “Аёллар реабилитация маркази” каби ижтимоий ҳимоялаш тузилмаларидан кўзланаётган мақсад ўз вақтида аҳолига етказилмаган. Қисқа қилиб айтганда, яна кечикилган, дейилади Хотин-қизлар қўмитаси муносабатида.

Қайд этилишича, боласини туғиб ҳожатхонага ташлаб юборган аёлнинг қилмишини мутлақо оқламаган ҳолда, ҳолат юзасидан қўзғатилган тергов иши якунларини кутиб, ушбу аёлни, унинг оиласини ҳозирги мураккаб руҳий ҳолатдан олиб чиқиш билан шуғулланиш Хотин-қизлар қўмитасининг вазифасидир.

Бундан олдин, Бош прокуратура Сурхондарёда чақалоғини ҳожатхонага ташлаб кетган аёл ҳақида маълумот берганди.

Мавзуга оид