Ўзбекистон | 19:20 / 12.07.2019
17085
2 дақиқада ўқилади

«Нега ўзбекистонликлар маҳсулотларни қимматга сотиб олиши керак?» — Депутат божхона тўловлари ставкаларининг юқорилигини таъкидлаб ўтди

Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган анжуманда қўмита аъзоси Улуғбек Сотиболдиев Ўзбекистонда бож ставкаларининг юқорилигини айтиб ўтди.

«Қўшни давлатларда бизга нисбатан бож ва солиқ юки енгил бўлгани сабабли маҳсулотларнинг қўшилган қиймати ва солиқ тўловлари уларда қолган ҳолда кириб келяпти. Ўз-ўзидан савол туғилади: нега Ўзбекистон аҳолиси қўшни давлат фуқароларидан кўра маҳсулотларни қимматга сотиб олиши керак? Охирги пайтларда фуқаролар қўшни давлатлар маҳсулотларини истеъмол қилишга қизиқиши ортиб бораётгани бежизга эмас, чунки ички бозоримизда кенг танлов йўқ. Эркаклар ва болалар кийимлари ишлаб чиқариш ривожланган, аммо аёллар либосларига келганда хомашё ва аксессуарлар етишмайди», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қўмита аъзоси Улуғбек Сотиболдиев тўқимачилик соҳасида Қирғизистон тажрибасини мисол қилиб келтирди. Унга кўра, қўшни мамлакатда бож юки енгил. Товар ишлаб чиқаришга хомашё етарли. Аввалига Қирғизистон бозорларида четдан келган маҳсулотлар сотила бошланди. Кейин секин-асталик билан маҳаллий шароитда тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарила бошланди. Бугунги кунга келиб танлов кенгайди ва тижорат гуллаб-яшнаяпти.

Сотволдиев экспортга чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳисоби юритилаётгани, лекин ички бозордаги маҳсулотлар савдоси яширин йўл билан амалга ошаётганини танқид қилди. Унинг айтишича, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва сотиш назоратсиз. Бунда яширин иқтисодиёт шароити яратилиши учун имконият ҳам, жозиба ҳам юқори. Кўчмас мулклар қурилиши ва сотилишида ҳам шу аҳвол. Мамлакатда ишлаб чиқарилаётган бошқа маҳсулотлар ҳам яширин иқтисодиёт омилидир.

Бунда сал аввалроқ Давлат божхона қўмитаси Ўзбекистонда ундириладиган бож ставкаларининг ўртача қиймати бўйича изоҳ берган эди.

Мавзуга оид