Жамият | 01:10 / 12.07.2019
6085
3 дақиқада ўқилади

ОТВ вакили: «Жамоатчилик назорати бўлмаса, қайси ўқитувчи пора олаётганини била олмаймиз»

Фото: KUN.UZ

10 июль кун Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг 2019 йил биринчи ярмидаги фаолияти юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда олий таълим муассасаларидаги порахўрлик масаласи ҳам муҳокама этилди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Нодира Бўлдиеванинг қайд этишича, Ўзбекистондаги бир қатор олийгоҳларда, хусусан, Бухоро муҳандислик ва технологиялар институти, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, бир қатор ОТМларнинг юридик факультетларида талабалардан пора талаб этиш ҳолатлари учрайди. Аммо университетда таъқибга дуч келишдан қўрққан талабалар ўқитувчини «тутиб бериш»дан ҳайиқади.

Олий таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Отабек Бозоров мазкур ҳолатга ўз муносабатини билдирди. «Ҳаммамиз коррупция бор экан, деймиз. Бундан хабаримиз бор. Лекин ҳеч ким амалий ҳаракат қилмайди, таклиф бермайди.

Мамлакатда антикоррупцион тизимни йўлга қўйиш мақсадида олтита йўналишда коммиссия иш олиб боряпти. Шу йўналишлардан бири таълимдаги коррупция. Олийгоҳларда пора олди-бердиси бўлишини биламиз. Лекин айнан ким пул олаётганини нега талабалар айтмайди? Қайси ўқитувчи қанча пул олаётганини биз фол очиб била олмаймиз-ку. Жамоатчилик назорати бўлиши керак. Фалончи пора олаётган бўлса керак, деган фараз билан бировни тутиб ололмаймиз», — деди у.

Шунингдек, анжуманда маълум қилинишича, Россиянинг Узоқ шарқ федерал университетида таҳсил олувчи ўзбекистонлик талабалар у ердаги ўзларига нисбатан ноқонуний механизмлардан жабр кўрмоқда. «У ерда нефть ва газ факультетида таҳсил олувчи ўзбек талабалари учун ёзилмаган талаб бор. «Ички тартиб» бўйича талабани бошқа факультетга ўтказишга ҳаракат қилишади. Истамаганларни эса имтиҳонлардан йиқитиб, университетдан ҳайдашга уринишади. Курсдан қолдириш, ҳеч қандай сабабсиз баҳони қўймаслик ҳоллари ҳам учрайди. Бу талабаларнинг ҳуқуқини ким муҳофаза қилади?» ─ дейди анжуманда иштирок этган инсон ҳуқуқлари бўйича ташкилот вакили.

Зайниддин Низомхўжаевнинг қайд этишича, Ўзбекистоннинг Россия федерациясидаги элчихонасида бу масала кўтарилмаган. «Кўпинча консуллик ва элчихоналарнинг зиддиятли ҳолатларда фуқароларга ёрдам бера олмаслигига чет элга кетганларнинг ўзи сабаб бўлиб қолади. Ўқишга кирган деб ҳужжатларини расмийлаштирган, лекин ўзи ўқишга қатнамаганлар ҳам бор. Чет элга ўқишга борган талабалар Ўзбекистон консуллигига бориб, рўйхатдан ўтиши шарт. Рўйхатдан ўтмаса, консул ким қаерда эканлигини билмайди. Бу фуқаро билан муаммо юзага келганда эса уни ҳимоя қилиш анча мураккаблашади. Улар консуллик билан мулоқотни сақлаб турган бўлса, ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш мумкин бўлади», — деди у.

Мавзуга оид