Жамият | 17:08 / 12.07.2019
24503
3 дақиқада ўқилади

Самарқанднинг тарихий қисмида ноқонуний қурилишлар давом этмоқда: энди «ГОМ»ни бузиб, «дом» кўтаришмоқда

Самарқанд шаҳрининг ЮНЕСКО рўйхатидаги тарихий қисми буфер зонасида — Отатурк кўчаси 13-уйда жойлашган 3-сонли шаҳар милиция бўлинмаси биноси бузиб ташланиб, ўрнида навбатдаги ноқонуний қурилиш бошлаб юборилган. Бу ҳақда самарқандлик мустақил блогер Мирзо Субҳонов Kun.uz’га маълум қилмоқда.

«Республика даражасидаги амалдорлар, шунингдек вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов томонидан Самарқанд шаҳрининг тарихий қисмидаги барча қурилишлар тўхтатилгани борасида берилаётган расмий баёнотларга қарамасдан, мазкур ҳудуддаги ноқонуний қурилишлар тўхтамаётганини алоҳида айтиб ўтиш зарур», деб ёзади блогер.

Самарқанд вилоят ИИБ қошидаги молия ва моддий техника бошқармаси бошлиғи подполковник А.Қудратовнинг сўзларига кўра, жорий йилнинг 15 февралида вилоят ИИБнинг ўша пайтдаги бошлиғи, ҳозирда ички ишлар вазири биринчи ўринбосари лавозимига ўтган Азиз Тошпўлатов Самарқанд вилоят ҳокимлигига мурожаат билан чиққан. Бу мурожаатда Самарқанд шаҳар ИИБга қарашли 3-сонли ички ишлар бўлинмасининг ёнида кўп қаватли яшаш хонадони қурилаётгани туфайли маъмурий бино хизмат олиб бориш учун яроқсиз ҳолатга келиб қолгани билдирилган. Шунинг учун ушбу бинони Самарқанд шаҳар Типография кўчаси 8-уйда жойлашган, муқаддам Самарқанд шаҳар МИБ тасарруфида бўлган бино билан алмаштиришга розилик сўралган ва таклиф вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган.

Аммо, Давлат активларини бошқариш агентлигининг Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи С.Махмараимовнинг берган расмий маълумотига кўра, бугунги кунда Отатурк кўчаси 13-уйда жойлашган «3-сонли шаҳар милиция бўлинма»си маьмурий биноси кадастр ҳужжатларига асосан Самарқанд вилоят ИИБга тегишли ва Самақанд вилоят ҳокимлиги балансига ўтказилмаган. Ҳозирги кунда ушбу милиция бўлинмаси биноси ноқонуний бузилиб, йўқ қилингани сабабли уни вилоят ҳокимлиги балансига олишга имкон йўқлиги ҳам айтиб ўтилди. 

Самарқанд шаҳрининг тарихий қисмида жойлашган, вилоят ИИБ тасарруфидаги давлат мулкининг бузиб, йўқ қилингани ва унинг жойида навбатдаги ноқонуний қурилиш бошлаб юборилгани ҳолати Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура томонидан ўрганилиб, расмий муносабат билдирилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Мавзуга оид