Ўзбекистон | 10:48 / 13.07.2019
22418
2 дақиқада ўқилади

Баҳодир Сидиқов: «Ўзбекнефтгаз» «Лукойл» билан қарзлар бўйича келишиб олди

Фото: Рамиз Бахтияров

«Ўзбекнефтгаз» компанияси «Лукойл» билан 600 млн долларлик қарзни қайтариш жараёни тўғрисида келишиб олди. Ушбу қарз Россия компанияси томонидан Ўзбекистонда экспорт учун қазиб олинган газни харид қилиш натижасида шаклланган. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» раҳбари Баҳодир Сидиқов маълум қилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Биз «Лукойл» бўйича келишиб олдик. Бугунги кунда қарзни қандай ва қачон тўлаш кераклиги бўйича ҳеч қандай муаммоли масалалар йўқ. Энди бизнинг асосий вазифа - бу вазият қайта содир бўлишига йўл қўймаслик. Агар биз аҳолини ўз газимиз билан таъминласак, бундай ҳолат такрорланмайди», - дейди Сидиқов. 

Бундан олдин, Ўзбекистон 2001 йилда қабул қилинган «Маҳсулот тақсимотига оид битимлар тўғрисида»ги қонунни қайта кўриб чиқиши хабар берилганди.

«Маҳсулот тақсимотига оид битимлар тўғрисидаги қонун 15 йил олдин қабул қилинган. Табиийки, унда акс эттирилган барча масалалар ҳам бизнинг талабларга жавоб бермайди. Қонун инвестицияларни жалб қилиш имконияти сифатида дастлабки ҳужжат тариқасида қабул қилинган», - деди Баҳодир Сидиқов журналистларга.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Сенатдаги чиқиши вақтида «Лукойл» компаниясидан 600 млн доллар миқдоридаги қарздорлик ҳақида гапирганди. Президент масъуллар маҳсулотни бўлиб олиш тўғрисидаги битим имзолаш олдидан миллий манфаатларни ҳисобга олиши кераклиги, лекин бу ҳолатда миллий манфаатлар ҳисобга олинмаганини айтган.

Мавзуга оид