Жамият | 14:14 / 13.07.2019
43230
5 дақиқада ўқилади

Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази куйдирги касаллиги ҳақида эслатма билан чиқди

Фото: ru.slovoidilo.ua

Дунёнинг кўпчилик давлатларида, жумладан Ўрта Осиё давлатлари қатори Ўзбекистонда ҳам ҳар йили ёз-куз ойларида куйдирги касаллиги қайд этилиб туради, деб хабар бермоқда Республика давлат санитария-эпидемиология назорати маркази.

Куйдирги ҳайвонлардан одамларга юқадиган, асосан ўзига хос яра (карбункул), камдан-кам ҳолларда эса ўпка ва ичак шаклларида намоён бўладиган ҳайвонлар ва одамларда учрайдиган ўта хавфли юқумли касалликдир. Ушбу касалликнинг тери, ўпка ва ичак шакллари учрайди, оғир ҳолларда септик турига ҳам айланиши мумкин. Энг кўп учрайдиган тери шакли ўз вақтида даволаш чоралари кўрилса тузалиб кетади.

Касалликни куйдирги бактериялари келтириб чиқаради, касаллик ҳайвонлардан ҳайвонларга ва одамларга юқади, бироқ касалликни одамдан одамга ва одамдан ҳайвонларга юқиши аниқланмаган.

Куйдирги касаллиги одамларга шу касалликка чалинган ҳайвонларни сўйиш, терисини шилиш, гўштини майдалаш, ошқозон-ичаклари ва калла-почасини тозалашда, шунингдек касалланган ҳайвонларни парваришлаш жараёнларида, етарли термик ишлов берилмаган гўшт маҳсулотларини истеъмол қилиш натижасида ёки ҳайвон териларини ташиш, сақлаш ва қайта ишлаш жараёнида юқади. Чорвачилик билан шуғулланувчилар, гўшт маҳсулотларини қайта ишловчилар ва овчилар кўпроқ касалланадилар.

Касалликнинг яширин даври бир неча соатдан 14 кунгача, ўртача 2-3 кун давом этади.

Касаллик белгилари:

Терига тушган куйдирги таёқчаси дастлаб терида қичишиш ва қизил доғ ҳосил қилади. Доғ тугунчага айланиб, бир неча соат ичида пуфакча ҳосил бўлади. Доимий қичишиш оқибатида пуфакча ёрилиб, ичидан суюқлик ажралади (сачраган суюқлик янги пуфакчаларни ҳосил қилади). Ёрилган пуфакча ўрнида қора рангли ўзидан зардобли суюқлик ажратиб турувчи, атрофи шишиб кўтарилган яра ҳосил бўлади. Шу вақтга келиб, ярага яқин жойлашган лимфа тугунлари ҳам катталашади. Унинг энг характерли белгиси яралар оғриқсиз бўлади. Яра ҳосил бўлиши билан тана ҳарорати кўтарилади. Беморнинг эти увушади, боши айланади, кўнгли айнийди, ҳолсизланади. Ўпка шаклида қон қусади, ичак шаклида эса ич кетиши қон билан кузатилиб, бу ҳолат 5-7 кун давом этади.

Куйдиргининг тери шакли

Юқоридаги белгилар кузатилганда тезда шифокорга мурожаат қилиш лозим!

Куйдирги касаллигининг олдини олишда қуйидаги чора-тадбирларга амал қилиш керак:

-         қишлоқ хўжалик ҳайвонларини даврий ветеринария кўригидан ўтказиб туриш;

-         молхоналарда ветеринария-санитария қоидаларига қаттиқ риоя этиш;

-         ҳайвонларни ветеринария назоратисиз сўймаслик ва гўштини аҳолига тарқатмаслик;

-         куйдирги билан касалланган ҳайвон гўштини дезинфекция қилиш ва зарарсизлантириш;

-         касал ҳайвонлар ётган жойларни 2 фоиз формалин, 20 фоиз хлорли оҳак эритмаси ва бошқа воситалар билан дезинфекция қилиш, ўлганларни эса 2-2,5 метр чуқур қилиб, устига 10 см қалинликда оҳак солиб кўмиш ёки ёқиб юбориш;

-         куйдирги ярасига ишлатилган воситаларни дезинфекция қилиш, ўрин-кўрпаларни дезкамерадан ўтказиш;

-         чорвачилик, гўшт комбинати, тери ва қоракўл заводи ишчилари, ветеринарлар, лаборатория ходимларини куйдирги касаллигига қарши эмлатиш;

-         гўшт, сут маҳсулотлари билан ишлашда эътиборли бўлиш, пичоқлар ва тахтачаларни алоҳида бўлишига қатъий риоя этиш талаб этилади.

Куйдирги хасталигини олдини олишда санитария-профилактика ишларини кучайтириш муҳим вазифадир. Яъни қишлоқларда, мактабларда, чорвачилик корхоналарида, овқатланиш шохобчаларида, сув ҳавзаларида касалликнинг келиб чиқишини, олдини олиш чора-тадбирларини, шахсий ва умумий гигиена қоидаларига амал қилишнинг аҳамиятини аҳолига тушунтириш ўта муҳимдир, дейилади хабарда.

Мавзуга оид