Ўзбекистон | 16:39 / 13.07.2019
23742
17 дақиқада ўқилади

«МАК фақатгина ички йўналишларда монополдир». «Ўзбекистон ҳаво йўллари» махсус баёнот билан чиқди

Фото: KUN.UZ

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси шу кунларда миллий авиаташувчи чипталарига нарх белгилаш, чартер ва мунтазам парвозлар тушунчасини тўғри талқин қилмайдиган ва мамлакат фуқаро авиацияси билан боғлиқ бошқа масалалар кўтарилган бир нечта мақола ва постларни диққат билан ўрганиб чиқди, дейилади МАК хабарида.

Миллий авиакомпания ўзини Ўзбекистон Республикасининг корпоратив фуқароси деб билади ва унинг жамоаси бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» олдига қўйилган ва соҳа инфратузилмасини тубдан такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли вазифаларни амалга ошириш устида иш олиб бормоқда. Биз оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги барча нашр ва чиқишларни бизга хизмат сифатини яхшилашга ёрдам берадиган жамоатчилик фикрини акс эттирувчи кўзгу, деб биламиз, дейилади маълумотда.

«Бироқ, фуқаро авиацияси, хусусан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси борасидаги баъзи тушунчаларни тўғри талқин қилмайдиган муаллифлар ҳам бор. Биз мақолалар муаллифлари, блогерлар, онлайн-нашр ва оммавий ахборот воситалари вакилларини йиғиб, уларнинг саволларига юзма-юз учрашувда жавоб беришга тайёрмиз. Ҳозир эса, шу кунларда юзага келаётган саволлар бўйича нотўғри маълумот тарқалмаслигининг олдини олиш мақсадида жавоб беришни жоиз, деб топдик.

Азиза Умарованинг ижтимоий тармоқларда чоп этилган материалларидан: «Оддий одамлар таътилда хорижга уча олмайди, чунки монопол-авиаташувчи Ўзбекистонга рақобатчи қўймайди», - дея давом этади МАК ўз баёнотида.

Билдирилишича, 2018 йилга келиб Ўзбекистонга учадиган хорижий авиакомпанияларнинг сони 2017 йилга нисбатан 14 дан 18 гача (28% га) ортган. Хорижий авиакомпаниялар томонидан амалга оширилган рейслар сони 6 833 дан 9 657 га (41% га) ўсган. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпаниясидан ташқари, халқаро ҳаво ташиш бозорида ўн саккизта хорижий авиакомпания дунёнинг 9 та мамлакатидан Ўзбекистон Республикасининг Тошкент ва бошқа аэропортларига тижорий қатновларни амалга оширади. «Аэрофлот», Asiana Airlines, Korean Air, China Southern, Kam Air, Rossia, S7, Turkish Airlines, Ural Airlines, Yakutiya, NordWind, Red Wings, Iraero, Buta Airways (Azal Airlines), Somon Air, Fly Dubai, UTair шулар жумласидан. Мисол тариқасида Ўзбекистон ва Қозоғистонга парвоз қилувчи хорижий авиакомпанияларнинг қиёсий жадвалини келтириш мумкин.

2019 йилдан бошлаб Fly Dubai (БАА) ва Buta Airways (Озарбойжон) каби лоукостер авиакомпаниялар Ўзбекистонга парвоз қилишни бошлади. Россия Федерациясидан паст бюджетли авиакомпаниялар тамойили асосида Red Wings, NordWind ва Ютэйр парвоз қилмоқда.

2019 йилнинг ёзидан саёҳат агентликлари билан биргаликда Шарм-ал-Шайхга арзон нархлардаги йўлланмаларни таклиф қилаётган «Al Masria» (Миср) чартер авиакомпанияси Ўзбекистонга парвозларини йўлга қўйди.

«Бизнинг авиаташувлар бозорида бундай авиакомпаниялар ишлаётганини биламиз ва уларни санаб, номини келтириш маркетинг ва реклама нуқтаи назаридан тўғри эмасдир. Ҳар бир авиакомпания бозорда ўзини ўзи тақдим этиши керак. Бироқ, биз Ўзбекистон Республикаси фуқароларида ижтимоий тармоқлардаги маълум бир нашрлардан сўнг нотўғри фикр шаклланишига йўл қўймаслик учун бунга журъат этдик.

Қайд этилган авиакомпанияларнинг парвозлар географияси ва қатновлар сонига қараб, аксарият йўналишларда биз улар билан тенглик асосида ишлаётганимизга ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Йўловчиларда эса, танлаш имконияти мавжуд.

Йуналишларда бевосита рақиб бўлмаган ҳолатда хорижий авиакомпаниялар муқобил, яъни альтернатива сифатида транзит ташувларни таклиф этмоқда. Бу қандай тамойил асосда шаклланиши қуйида акс эттирилади.

Ҳиндистон, Франция, Германия, Италия, Латвия, АҚШ, Япония ва бошқа давлатларнинг авиаташувчилари Ўзбекистонга паритет қатновларни амалга ошириш ҳуқуқига эгалигини ва Ўзбекистон томони уларни рад этиш учун юридик ҳуқуққа эга эмаслигини ҳам таъкидлаб ўтишни истардик.

А.Умарова фуқароларнинг таътилга учиб кета олмаслигининг сабабини топди: «Оддий фуқаролар таътилда хорижга уча олмайди, чунки монопол-авиаташувчи Ўзбекистонга рақобатчи қўймайди». Ва бунда Туркия алоҳида қайд этилган. Шу жойда муаллифнинг ушбу фикрлар ва қарашларига нисбатан келишмасликни ўзимизга эп билдик. Ушбу йўналишда Turkish Airlines билан жуда жиддий рақобат бор. Улар, нафақат Тошкентга/дан, балки Самарқандга/дан ҳам қатновларни амалга оширади (яна рақобатчимиз ҳақида гапиряпмиз, бунга бизни Интернет тармоғидаги баҳс-мунозаралар мажбур этди). Шунингдек, Истанбулга қиёсий нархлар жадвалини келтириб ўтамиз», - дейилган изоҳда.

МАКнинг билдиришича, фикрловчи муштарий Ўзбекистон бозорида рақобатнинг ривожланишига МАК тўсқинлик қилмаётганини осонгина англаши мумкин, чунки Миллий авиакомпания хорижий авиаташувчиларнинг Ўзбекистонга парвоз қилишига қаршилик қила олмайди. Чунки ушбу ваколатлар Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигига юклатилган.

Бундан ташқари, унинг матнида яна қуйидаги сўзлар келтирилган: «Бизда чартер рейслар, лоукостерлар ва маҳаллий муқобил авиакомпаниялар йўқ. (Хоҳловчилар жуда кўп)». Республикада альтернатив авиакомпанияни яратиш масаласи МАК ваколатига кирмайди. Бунда «Ўзбекистон ҳаво йўллари»ни айблаш нотўғри деб, ҳисоблаймиз. Авиакомпания Ўзбекистон байроғи остида йўловчи ва юк ташувларини амалга оширади, парвозлар географиясини кенгайтиради ҳамда ҳавода ва ерда йўловчилар хавфсизлигини таъминлайди, дейилади баёнотда.

Монопол авиация хизматлари борасида таъкидланишича, МАК фақатгина ички йўналишларда ягона авиакомпаниядир (монополдир). Агар кимдир мамлакат ичида ташувларни ташкил этиш бўйича таклиф билан чиқса, бунда ҳам МАК бу жараёнга қаршилик қила олмаслиги айтилади. Шу билан бирга, фуқаролар авиакомпания рақобатлашаётган ер усти транспортидан фойдаланиш имкониятига эгалар.

«Энди чартер қатновларга тўхталсак. Пост муаллифи: «Ҳар ёз мавсумида мафтункор «Ҳаво йўллари»миз Анталияга амалга оширадиган стандарт рейсини «чартер» деб атаб, унга чипталарни Истанбулгача бўлган рейс қийматида сотади. Жойлар эса доим аниқ бир турфирма орқали брон қилинади».

Келинг, чартер нима эканлигига аниқлик киритайлик. Чартер қатновлари сайёҳлик операторлари томонидан сайёҳлик мавсуми давомида ташкил этилади, мунтазам қатновлар эса, авиакомпаниялар томонидан ташкиллаштирилади.

Ёзги мавсумда маҳаллий сайёҳлик агентликлари чартер қатновларига буюртма бериш учун авиакомпанияга мурожаат қилишади. Одатда, Анталия, Бодрум, Иссиқкўл каби машҳур йўналишларга қатновлар амалга оширилади. Авиакомпания мажбуриятига самолёт, учувчи таркиби хамда парвоз хавфсизлигини таъминлаш киради. Йўловчилар учун авиаташувнинг якуний нархланиш масаласи билан сайёҳлик агентликлари шуғулланади. Чартер қатновининг асосий буюртмачиси (сайёҳлик агентлик) жойларнинг бир қисмини бошқа сайёҳлик агентликларига сотишга тақдим этади.

Шунинг учун, «ҳар ёз мавсумида биз севган» «Ҳаво йўллари» сўзини «Анталиядаги стандарт парвоз» деб аташади ...», каби ибораларни келтириш нотўғри. «Ҳаво Йўлларидан чартер» деб таъкидлаш - бу тушунчаларни «очиқ чалкаштириш» нега кераклиги тушунарли эмас.

Шу билан бирга, шундай жумла келтирилган: «Ўзбек турфирмалари ўтган сафар ўзлари чартер рейсларни йўлга қўйишни таклиф этганди, бироқ улар қатъий рад жавобини олди. Фақат «Ўзбекистон ҳаво йўллари» учади». Бу нимани англатишини тушуниш учун бу жумлани бир неча марта қайта ўқиш керак бўлди. Аммо биз, муаллиф вазиятни тўлиқ ва охиригача тушунмаган ёки бундай нотўғри ташвиқот ёки фитналар билан ўқувчиларни адаштиришга уринган деган хулосага келдик», - дейилган МАК хабарида.

Маҳаллий авиакомпанияга ички қатновлардаги авиачипталар нархи борасида ҳам саволлар кўп экани айтилади. Хусусан, фуқароларда республика ичида рақобат йўқлиги учун МАК юқори нархларни белгиламоқда, деган фикр туғилмоқда. Қуйидаги жумлани ўқиб, аксарият кишилар буни ҳақиқат, деб қабул қилишлари, ва эҳтимол, самолётда учишдан бош тортишлари мумкин, агар ўзлари шахсан маълумотни текширмасалар: «Гап фақат Туркия қирғоқлари ҳақидагина эмас. Сиз ва бизнинг ҳаётимиз ҳақида мулоҳаза юритмоқдамиз. Нукусдан Тошкентгача бўлган чипталар 100 доллардан ортиқ туриши ҳақида», дейилган хабарда.

Билдирилишича, ўзини ҳурмат қилган ҳар қандай журналист ёки шахс муайян фактларни ёки рақамларни келтиришдан олдин, маълумотни қайта-қайта текшириб, тўлиқ ва ишончли маълумотни тақдим этади.

«Бу ҳолатда, А.Умарова сайтнинг бронлаш бўлимига кириш учун вақт топа олмаганга ўхшайди. Сайтда ҳамма маълумот очиқ. Биз эринмасдан билетларни сотиб олиш ва бронлаш сайтларидан Нукус-Тошкент қатновига скрин тасвирларни олдик. Айни пайтда, масалан, 15 июль санаси ҳолатига бронлашнинг барча 10 та классига (эконом класс) билетлар сотилмоқда, энг арзонидан (404 391 сўм, яъни тахминан $47 доллар), то энг қимматигача (924 322 сўм. $107). Барча нархларни қуйидаги расмда кўришингиз мумкин. Халқаро амалиётдан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир тариф учун маълум жой ажратилган. Табиийки, фуқаро қанча олдинроқ авиачипта сотиб олса, билет шунча арзонга тушади. Қатнов куни яқинлашган сари тарифлар қимматлашади.

Нима учун муаллиф фуқароларни айнан ва фақат энг қиммат нарх ҳақида хабардор қилаётгани унинг виждонига ҳавола», - дея давом этади МАК.

Энг паст ва энг юқори тарифлар орасида бир неча таклифлар мавжуд. Парвоз вақти - 1 соат-у 20 дақиқа.

Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг авиация бозоридаги, масалан, Тошкент - Самарқанд йўналиши бўйича авиачипта нархи кўриб чиқилган (парвоз вақти 50 дақ.).

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК веб-сайтида - $ 11

Қозоғистонда худди шундай йўналишда иккита авиакомпания «Нур-Султон-Павлодар» қатновларини амалга оширади, парвоз вақти 50 дақиқа.

Авиачипталарни Қозоғистон авиакомпаниялар сайти орқали сотиб олиш қуйидагича: ($ 1 = 382,693 доллар) $ 40,65 ва $ 112. Бу энг арзон тарифлар.

Яна бир мисол. Урганч - Тошкент йўналиши бўйича авиачиптанинг нархи 385 минг сўмдан бошланади. Парвоз вақти - 1 соат-у 30 дақиқа. Бироқ, «Нур-Султон - Алмати» йўналиши бўйича энг арзон авиачипта ўша сана ва ўша парвоз вақти билан (1 соат 35 мин.) – 344 минг сўмни ташкил этади. Ушбу нарх Қозоғистон лоукостери томонидан тақдим этилган. Эътибор беринг, лоукостер. Барча кўрсатилган нархларни очиқликча текшириш мумкин, дейилади изоҳда.

МАКнинг ички йўналишдаги фаолияти бўйича режалари: айни дамда рейсларнинг сонини кўпайтириш ва тарифларни қўшимча равишда оптималлаштириш масаласи кўриб чиқилмоқда.

«Вилоятлардаги ёпиқ ёки бўш аэропортлар ҳақида». Бундай иборани оғриқсиз ўқиш мумкин эмас, агар ҳақиқий вазият билан таниш бўлмасанг. Ўзбекистонда 11 та аэропорт мавжуд: Андижон, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Урганч, Навоий, Термиз, Қарши ва Нукус шаҳарларида. 2019 йилнинг 1-ярим йиллиги натижаларига кўра, вилоят аэропортларидан (Тошкент шаҳридан ташқари) 9 302 қатнов амалга оширилиб, 969 427 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатилган, 2018 йилнинг шу даврида эса, 8 620 та қатнов амалга оширилиб, 717 629 йўловчига хизмат кўрсатилган.

Ўтган йили МАК Қарши шаҳрига учмаган (аммо аэропорт штат жадвалига мувофиқ фаолият юритган, хорижий авиакомпаниялар у ерга парвоз қилган) ва Андижон аэропорти учиш-қўниш йўлаги самолётларни қабул қилиш имкониятига эга бўлмагани сабабли вақтинча ёпилган бўлса-да, статистика маълумотларига кўра бошқа аэропортлар ишини фаол амалга ошириб келган.

Маълумот учун: 27 июлдан бошлаб Қаршига/дан авиакомпаниянинг халқаро ва маҳаллий қатновлари режалаштирилган.

Ҳозирги вақтда Термиз ва Андижон аэропортларида учиш-қўниш йўлакларини реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланмоқда.

Шу билан бирга, хорижий авиакомпанияларни жалб қилиш мақсадида Нукус аэропортида «очиқ осмон» тамойили жорий этилган. Лойиҳа муваффақиятли амалга оширилса, бу тамойил республиканинг бошқа минтақавий аэропортларида ҳам қўлланилади.

А.Умарованинг Россиядаги меҳнат муҳожирлари тўғрисида ёзганини ўқиш (Қозоғистон даштлари орқали юрганда тириклай инсонлари билан ёнган автобуслар) жуда қийин ва ачинарли, дейилган маълумотда.

МАК баёнотида айтилишича, унинг сўзларида аҳолининг барқарор кайфиятини бузишга уринишни кўриш мумкин. Содир бўлган воқеа – оилалардаги катта фожиадир, аммо бу ҳодисани қандай қилиб авиакомпания билан боғлаш мумкин? Бундай фалокат ҳар қандай йўналишда, нафақат халқаро автобус йўналишида, балки исталган мамлакатнинг ички йўналишида ҳам содир бўлиши мумкин. Аксарият мамлакатларда, лоукостерлар бўлса ҳам, фуқаролар автобус ташувларидан фаол фойдаланадилар (АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия, Россия ва бошқалар), дейилади.

Агар халқаро қатновлардаги авиачипталарнинг нархига тўхталадиган бўлсак, кўплаб йўналишларга (Москва, Санкт-Петербург, Қозоғистон, Сеул, Душанбе) қатновлар сони оширилди ва барча турдаги харажатлар (авиация керосинлари, аэропортлар, авиакомпания тўловлари) ошганига қарамасдан, МАК ўз тарифларини пасайтирмоқда. Россия Федерациясининг шаҳарларида ишлаётган меҳнат муҳожирларимиз учун мавжуд тарифларнинг 50% гача чегирмалар қўлланилади.

«Мана «Ҳаво йўллари»нинг тўғридан-тўғри қатнови ва «Air Astana»нинг Олмаота орқали қатнови учун нархлар. Нега тўғридан-тўғри қатнов тўхтаб ўтиш билан амалга ошириладиган қатновдан қиммат? Чунки аксарият йўналишларда (нафақат Тбилиси) Олмаотага учиб бориш (ёки масалан Чимкентдан) Тошкентдан қараганда арзон. Чунки у ерда рақобат, бизда эса, монополия” - бу Юлий Юсупов постидан иқтибос. У авиаташувлар сотуви бўйича сайтдан скрин жойлаштирган.

Шуниси қизиқки, муаллиф ўша 4 йўловчи учун Олмаотадан Тбилисига бўлган тўғридан-тўғри қатнов нархига қарамаган.

Бу ҳақиқатан ҳам, аниқлаштиришни, тушунча бериш зарурлигини талаб этувчи мавзу.

Бунинг учун эса, шу ўринда рақобат шароитида кўпгина авиакомпанияларнинг маркетинг сиёсати қандай кўрилиши ҳақида гапириб ўтиш зарур, дея таъкидлайди МАК.

Авиакомпаниялар тўғридан-тўғри учаётган йўловчилардан ортган жойларни тўлдириш учун транзит йўловчиларни жалб қилади. Бундай шароитларда хорижий авиакомпания учун бошқа мамлакатдан тўғридан-тўғри йўловчини рейсдан-рейсга ўтиб амалга ошириладиган парвозга жалб қилишнинг ягона усули пастроқ нархларни таклиф қилишдан иборатдир.

Айтилишича, Юлий Юсуповнинг келтирилган 4 йўловчи Тошкентдан Тбилисига тўғридан-тўғри учганда чипта нархи 12 млн. 131 минг сўм бўлиб, учиш вақти 3 соат 40 дақиқа ташкил қилади. Олмаота орқали учганда эса чипта нархи 11 млн. 751 сўмни ташкил этади. Фақатгина парвоз вақти 8 соат 20 дақиқа ва ортга 21 соат 55 дақиқани ташкил этади. Демак, тўрт йўловчи учун 380 минг сўм тежалади.   

Йўловчилар миқдори ва саналар худди шу каби бўлганда, Олмаотадан Тбилисига тўғри учадиган рейс Тошкентдан Тбилисига қараганда қимматроқ бўлиб, 13 миллион 809 минг 786 сўмга тўғри келмоқда.

«Шулардан келиб чиққан ҳолда, ҳурматли муаллифлар, биз сизлардан маълумотни объектив ёндашган ҳолда ўрганиб, сўнгра кенг оммага холисона етказишингизни сўраймиз.

Қайд этиш жоизки, ушбу мақола авиакомпания мутахассисларини асосий хизмат вазифалари баробарида вақт ажратган ҳолатда тайёрланди. Биз ижтимоий тармоқдаги авиакомпанияга нисбатан бўлаётган айбловларга жавобан индамаслигимиз мумкин эди. Лекин биз Миллий авиаташувчини йўловчилар, матбуот ва ижтимоий тармоқ иштирокчилари билан фаол мулоқотга киришган ҳолда ўз иш услубини сезиларли даражада ўзгартирган Ўзбекистоннинг корпоратив фуқароси, деб ҳисоблаймиз.

Сизнинг таклиф-мулоҳазаларингиз ҳар доим инобатга олинган ва бундан кейин ҳам олинади. Авиакомпания ва аэропортлар бўйича барча маълумотлар бизнинг эътиборимизда. Агар авиакомпанияда айбли ҳолатлар бўлса, уларни тўғрилаш чора-тадбирлари кўриб чиқилади.

Лекин, ҳақиқат атайин қоралаб кўрсатилса, биз шунга яраша жавоб қайтариш ҳамда тўғри ва аниқ маълумотни етказишга масъулмиз. Биз мамлакатимиз фуқаро авиацияси тўғрисидаги материалларни чоп этувчилар аниқ ва холисона маълумотга эга бўлиши учун юқорида зикр этилган постлар ва бошқа мақолалар муаллифлари билан учрашишга, барча саволларга жавоб беришга тайёрмиз», - дея якунланади МАК хабари.

Мавзуга оид