Ўзбекистон | 22:25 / 14.07.2019
54371
4 дақиқада ўқилади

Абитуриентлар энг кўп ҳужжатни қаерда ва қайси олий ўқув юрти учун қайддан ўтказмоқда?

Бу йил олий ўқув юртларига қабул жараёни ҳар йилгидан ўзгача. Академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари билан бир қаторда, узоқ танаффусдан сўнг илк марта мактабнинг 11-синф ўқувчилари ҳам ҳужжат топширишмоқда.

Қабул жараёнига Давлат Тест Маркази ҳам жалб қилинган, олий ўқув юртлари, давлат хизматлари марказларида абитуриентларнинг ҳужжатлари ДТМ сайтида қайддан ўтказилмоқда.

Сизни тест жараёнига ҳужжат қайд этиш билан боғлиқ айрим факт ва рақамлар билан таништирамиз.

Бу йил қайд этилиши кутилаётган абитуриентлар сони тақрибан 1 миллион 200 минг нафар бўлиши кутилмоқда. Бу эса ўтган йилги натижа 814 минг 952 нафардан қарийб 45 фоизга кўпроқ дегани. Ўтган йилги натижа 12 июль куниёқ забт этилди.

Ўтган 2018 йилда бир кунда энг кўп топширилган ҳужжат 65 мингтани ташкил этган бўлса, бу борада ҳам рекорд ўрнатилди ва 9 июль куни рўйхатдан ўтказилган ҳужжатлар сони 114 минг 133 та тани ташкил этди.

Яна бир эътиборли жиҳат — Бу йил Тошкент давлат юридик университети ва яна 4 та олийгоҳ — Фарғона давлат университети; Гулистон давлат университети; Қорақалпоқ давлат университети ҳамда Самарқанд давлат университетига Давлат хизматлари маркази ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 24/7 режимда ҳужжат қабул қилинмоқда.

Олийгоҳлар ичида фақат юридик университетнинг ўзида ҳужжат қабул қилинмаяпти.

Абитуриентлар ўша саналган 5 та олийгоҳга исталган ДХА ёки бошқа олийгоҳларга эса исталган олий ўқув юртидан туриб ҳужжатни қайддан ўтказиш имкониятига эга бўлса-да, аксарият ўзи танлаган олийгоҳга келиб ҳужжат кўрсатишмоқда ва шу сабабли йирик олийгоҳларда улкан навбатлар ҳосил бўлмоқда.

Масалан, 12 июль соат 17:00 ҳолатига энг кам ҳужжат Миллий рақс ва хореография олий мактабида қайддан ўтказилган — 17 та.

Иккинчи ўринда Навоий кончилик институти Нукус филиали турибди — 32 та.

Тошкент шаҳрида миллий рассомчилик ва дизайн институтида 111 та ҳужжат қабул қилинган, холос.

Ҳолбуки, навбатлар кузатилаётган Тошкент давлат педагогик университетида бу кўрсаткич 2421 тани ташкил этмоқда.

Шу куни энг кўп ҳужжат қайддан ўтказилган олийгоҳлар учлиги қуйидаги кўринишга эга:

  • Қарши давлат университети — 4831 та
  • Андижон давлат университети — 4737 та
  • Урганч давлат университети — 4710 та

Давлат хизматлари маркази ичида энг кам ҳужжат Когон ва Томди туманларида қайддан ўтказилган — атиги 1 донадан.

Термиз туманида — 4 та, Ромитан туманида — 5 та, Нурафшон ва Оҳангарон шаҳарларида — 6 тадан.

Бу борада Самарқанд вилоятидаги ДХМлар етакчилик қилмоқда.

Энг кўп ҳужжат Паст Дарғом тумани Давлат хизматлари марказида қайддан ўтказилган — 3051 та

Самарқанд шаҳри ва Пайариқ туманида 2600 дан зиёд ҳужжатлар рўйхатдан ўтказилган.

Олий ўқув юртларига қабул учун рўйхатдан ўтказилган ҳужжатлар рўйхатида энг паст кўрсаткич Тошкент кимё технология институти Янгиер филиалида бўлиб турибди — 139 киши;

Шунингдек Навоий кончилик институти Нукус филиали — 186, Миллий рақс ва хореография олий мактаби — 241 та ҳужжат билан учликда турибди

Энг кўп ҳужжат Урганч давлат университетида ўқиш учун қайддан ўтказилган — қарийб 40 минг

Кейинги ўринларда 38 минг 200ни қайддан ўтказган Қарши Давлат университети ва 37 минг 200 кишини рўйхатга олган Андижон давлат университети бормоқда.

Ҳужжатлар қайддан ўтказилиши якунланишига саноқли кунлар қолди. Ўйлаймизки, Давлат тест маркази, Давлат хизматлари марказлари ва Олий ўқув юртлари бу қизғин ишни муваффақиятли якунлашади. Тест синовларини янада шаффоф ва мукаммаллашуви учун қўйиладиган навбатдаги хайрли қадам бўлади.

Мавзуга оид