Жамият | 15:50 / 14.07.2019
16407
4 дақиқада ўқилади

ДТМ вакиллари сервердаги узилишлар ва узун навбатлар муаммосига изоҳ берди — видео

Ушбу ўқув йилидан бошлаб олий ўқув юртларига ҳужжатлар тўлиқ Давлат тест маркази (ДТМ) дастури орқали университет ва институтларда, шунингдек, давлат хизматлари агентликларида қабул қилинмоқда. Илк бор қўлланилаётган тажриба жараёнида юз бераётган носозликлар ва бунинг оқибатида куннинг жазирамасида талабалар улкан навбатларда туришга мажбур бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалиб турибди.

Kun.uz яна бир бор Давлат тест марказида бўлиб, мутасадди ва техник мутахассисларни суҳбатга тортди ҳамда бу ҳолга нималар сабаб бўлаётганига қизиқди.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

Маълум бўлишича, 8 июль кунидан бошлаб ҳужжатларни рўйхатдан ўтказишда катта қийинчиликлар юзага кела бошлаган ва ДТМ серверларига юкламалар туша бошлаган. Бироқ, ДТМ серверида ҳеч қандай муаммо юз бермаган. Сервер сониясига 20та, дақиқасига 1200та қайдни бемалол кўтариш имкониятига эга.

Давлат тест маркази бўлим бошлиғи Улуғбек Норалиев мазкур вазият юзасидан ўз фикрларини билдирди. Дастлабки кунлари турли субъектив сабабларга кўра олийгоҳларда навбатлар ҳосил бўлганига қарамасдан, айни кунларда ҳужжатни рўйхатдан ўтказиш бир маромда давом этмоқда.

Давлат тест маркази бўлим бошлиғи Улуғбек Норалиев

Давлат тест маркази бош мутахассиси Ҳабибулла Нуралиевнинг тушунтиришича, ДТМда мавжуд имкониятлар захираси тўлиқ ишга тушмасдан ҳам айни қабул жараёнида ишларни тўхтовсиз амалга ошириш имконини беради. Kun.uz’нинг техник мутахассиси жараённи ўз кўзлари билан кузатди ва ўзини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

ДТМ мутахассислари олийгоҳдаги турли тушунмовчиликлар ва муаммоларни бартараф этиш учун мутасаддилар билан доимий алоқани йўлга қўйишган.

Ҳозирги ҳужжат қайд этишнинг энг чўққига чиққан кунларида ҳам дақиқасига 120тадан 200тагача ҳужжатлар қайддан ўтказиб борилмоқда. Бир кун давомида қайд этилаётган ҳужжатлар сони 100-110 мингдан ошади.

Биз борган 12 июль куни соат 17:00га қадар қайддан ўтказилган ҳужжатлар сони 101 минг 300дан ошган эди.

Давлат тест маркази ахборот хизмати раҳбари Орзиқул Бобоев олийгоҳлар билан қайта алоқа ўрнатилганини шундай тушунтирди:

Ҳужжат қайд этилганидан сўнг топширган олийгоҳи ёки таълим йўналишини алмаштириш ҳоллари ҳам кўп учрамоқда ва навбатлар ҳосил бўлишига сабаб бўлмоқда. 8 июль куни 81 минг қайд ўтказилган бўлса-да, жами операциялар сони 89 мингтани ташкил этган. Яъни, қарийб 8000 абитуриент ўз маълумотларини таҳрирлаган.

Давлат тест маркази ахборот хизмати раҳбари Орзиқул Бобоев

Давлат тест маркази директори ўринбосари Қаҳрамон Ҳақбердиев ҳужжатларни қайддан ўтказиш жараёни эсон-омон якунлангач, тест имтиҳонларигача бўладиган жараёнлар ҳақида қисқача тушунтириш бериб ўтди.

Давлат тест маркази директори ўринбосари Қаҳрамон Ҳақбердиев

Давлат тест маркази мутахассислари илк марта қўлланаётган бу усулда айрим камчиликлар бўлиши билан биргаликда, катта тажриба тўпланилаётганини қайд этишди. Бу тажриба келгуси йилларда янада асқотиши, шунингдек, белгиланган муддатда абитуриентларнинг барчасининг ҳужжатлари қайддан ўтказилишига улгуришлари таъкидлаб ўтилди. 

Мавзуга оид