Жамият | 18:20 / 14.07.2019
12367
3 дақиқада ўқилади

Танқидга муносабат: Навоий давлат педагогика институтида қабул жараёнида тартибсиз навбатларнинг олди олинмоқда

Kun.uz сайтида жорий йилнинг 12 июль куни «Абитуриент–2019: Навоийдаги қабул жараёнларида ҳам муаммолар ва тартибсиз навбатлар юзага келмоқда» сарлавҳали танқидий материал эълон қилинган эди.

Унда Навоий давлат педогогика ва Навоий давлат кончилик институтларида абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш жараёни ёритилганди.

Хусусан, Навоий давлат педогогика институтидаги қабул жараёнларида тартибсиз, узундан-узун навбатлар юзага келаётгани, жазирама иссиқда абитуриентлар узоқ вақт тик оёқда туриб қолаётгани, бу ҳолатлар қатор ноқулайликларни келтириб чиқараётгани, бунга асосан ДТМ серверидаги узилишлар, банкдаги тўловлардаги муаммолар сабаб бўлаётгани таъкидланганди.

Мақолада келтирилган муаммоларни бартараф этиш юзасидан олиб борилган ишлар ҳақида Навоий давлат педагогика институти қабул комиссияси томонидан таҳририятга маълумот тақдим этилди.

«Навоий давлат педагогика институтига 2019/2020 ўқув йилида жами 28та таълим йўналиши бўйича 1965 нафар, магистрлар учун 82 нафар, сиртқи бўлимнинг 11та йўналишига жами 740 нафар қабул қилиш тасдиқланган. Институтда қабул жараёни иш фаолияти узайтирилиб, эрталаб соат 7:00дан кеч соат 20:00га қадар давом этяпти.

Бу йил абитуриентлар жуда кўп. Тартибсиз навбатларнинг олдини олиш мақсадида ҳужжатларни расмийлаштириш учун компьютерлар сони 45тадан 80тага етказилди. 2та қўшимча хона жиҳозланди.

Банкдаги пул тўловлари учун «Агробанк» Навоий шаҳар филиалининг махсус кўчма кассаси 8 июнь кунига қадар 2 дона ташкил этилган эди. Абитуриентлар сони ортиб бораётгани сабабли бошқа банкларнинг ҳам 12та сайёр кассалари фаолияти ташкил этилди. Бу орқали абитуриентларнинг навбатларда кутиб қолишларига барҳам берилди.

Электр тармоқларидаги носозликлар олдини олиш ва муаммоларни ҳал қилиш учун институтга 2та электр таъминловчи движок электр тармоқлари корхонаси томонидан етказиб берилди.

Абитуриентлар учун 3та жойда маслаҳат хонаси, 4та телефон ўрнатилган «CALL CENTR» хоналарида операторлар ўз масалаҳатларини беришмоқда.

Ҳавонинг иссиқлигини инобатга олган ҳолда, абитуриентлар салқин жойларга жамланиб, уларга тушунтиришлар берилмоқда. Навбатлар гуруҳларга тақсимланган ҳолда ташкил қилинди.

Шу кунга институт қабул комиссияси томонидан 19155 нафар абитуриентлар ҳужжатлари расмийлаштирилди», – дейилади маълумотномада.

Мавзуга оид