Жаҳон | 08:42 / 15.07.2019
9031
7 дақиқада ўқилади

Меҳнат шароитларининг яхши эмаслиги – дунёдаги бандликнинг асосий муаммоси

Фото: Wayne S. Grazio / Flickr

Дунёда ишсизлик кўрсаткичининг қисқариши борасидаги олға силжиш иш сифатининг яхшиланиши билан кечмайди, дейилади Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг “Бандлик ва ижтимоий соҳа истиқболлари: 2019 йил тенденциялари” маърузасида.

Бандлик сифатининг пастлиги глобал меҳнат ташкилотларининг асосий муаммоси ҳисобланади, чунки Халқаро меҳнат ташкилотининг (ILO) янги ҳисоботига кўра, миллионлаб одамлар номуносиб меҳнат шароитларига рози бўлишга мажбур.

Янги маъруза - “Бандлик ва ижтимоий соҳа истиқболлари: 2019 йил тенденциялари” учун тўпланган маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, 2018 йилда бутун дунёда ишлайдиган 3,3 миллиард кишидан кўпчилик иқтисодий хавфсизлик, моддий фаровонлик ва имкониятлар тенглигига етарли даражада эга бўлмаган. Бундан ташқари, бутун дунёдаги ишсизликнинг қисқариши иш сифатининг яхшиланишида акс этмаяпти.

ХМТ томонидан эълон қилинган маърузада муносиб меҳнатда бир қатор жиддий камчиликлар сақланиб қолаётгани ёдга олинади ва жорий суръатларда Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ), айниқса 8 БРМда баён қилинган барча учун муносиб меҳнатга эришиш кўп мамлакатлар учун нореал бўлиб кўринади.

“8 БРМ – нафақат тўлиқ бандлик, балки ушбу бандликнинг сифати ҳамдир”, - деди Дебора Гринфилд, Сиёсат бўйича ХМТ бош директорининг ўринбосари. “Тенглик ва муносиб меҳнат барқарор ривожланиш асосидаги иккита устун саналади”.

Ҳисоботда янги технологиялар туфайли амалга оширилган айрим бизнес моделлар меҳнат бозорининг бандликдаги расмиятчилик ва хавфсизлик, ижтимоий ҳимоя ва меҳнат стандартлари каби соҳаларида мавжуд ютуқларга путур етказиши ҳақида огоҳлантирилади.

Ишга жойлашиш ҳар доим ҳам муносиб ҳаётни кафолатламайди, - деди ХМТ Тадқиқотлар бўйича директор, Дамиан Гримшоу,. “Масалан, 700 миллион киши банд бўлишларига қарамай, ўта ёки мўътадил қашшоқлик шароитида яшамоқда.

Юқорида қайд этилган муаммолар орасида иш кучида иштирок этишда гендер тенглиги тафовутини бартараф этиш борасида олға силжиш йўқ. Аёлларнинг фақат 48 фоизигина иш билан банд. Аёллар ҳам салоҳиятли, бироқ етарли даражада фойдаланилмаётган ишчи кучининг катта қисмини ташкил этади. Яна бир муаммо норасмий бандлик сақланиб қолаётганидадир. 2 миллиард ишчи, ёки дунёдаги иш кучининг 61 фоизи норасмий банд дея таснифланган. 25 ёшгача бўлган ёшларнинг ҳар беш нафаридан бир нафаридан ортиғи иш, маълумот ёки профессионал тайёргарликка эга эмаслиги ҳам хавотир туғдиради. Чунки бу ҳолат уларнинг келажакда ишга жойлашиш истиқболини хавф остига қўяди.

Йиллик ҳисоботда айрим муваффақиятлар ҳам ёритилган. Агар жаҳон иқтисодиёти катта инқирозни четлаб ўтишга муваффақ бўлса, кўплаб мамлакатларда ишсизликнинг янада камайиши прогноз қилинган. Сўнгги 30 йил ичида ўрта даромадли мамлакатларда ишлаётганларнинг қашшоқлиги сезиларли даражада камайди. Таълим ва профессионал тайёргарликка эга бўлаётганларнинг сони эса ортди.

Минтақалар бўйича асосий хулосалар:

Африка

Минтақа меҳнатга лаёқатли аҳолисининг 4,5 фоизигина ишсиз ҳисобланади, 60 фоизи эса иш билан банд. Бироқ яхши ишлаётган меҳнат бозори ўрнига бу ҳолат кўпчилик ишчиларда хавфсизлик, муносиб маош ва ижтимоий ҳимояга эга бўлмаган паст сифатли ишга киришдан ўзга танлов мавжуд эмаслиги билан боғлиқ.

Прогнозларга кўра, иш кучи йилига 14 миллиондан ортиқ кўрсаткичга кўпаяди. 2020 йилгача иқтисодий ўсиш суръатлари тез ўсаётган ишчи кучи учун етарли даражада сифатли иш ўринларини яратиш учун жуда паст бўлади.

Шимолий Америка

Ишсизлик даражаси 2019 йилда энг паст кўрсаткич – 4,1 фоизга етиши кутилмоқда.

Бандликнинг ўсиши ва иқтисодий фаоллик 2020 йилда пасайиши прогноз қилинмоқда.

Таянч маълумотга эга кишилар олий маълумотлиларга қараганда икки марта кўпроқ ишсизга айланадилар.

Субминтақа рақамли иш платформалари соҳасида етакчи саналади. Бундай ишнинг синчковлик билан олиб бориладиган мониторинги сиёсатчилар учун авж олаётган муаммо ҳисобланади.

Лотин Америкаси ва Кариб денгизи давлатлари

Иқтисодий ўсишнинг тикланишига қарамай, бандлик 2019 ва 2020 йилларда 1,4 фоизгагина ўсиши кутилмоқда.

Минтақадаги ишсизлик кўрсаткичининг нисбатан секин пасайиши турли мамлакатлар меҳнат бозоридаги хилма-хил шароитларнинг натижаси саналади.

Норасмийлик ва паст сифатли иш бандликнинг барча турларида мавжудлигича қолади.

Араб давлатлари

Минтақадаги ишсизлик 2020 йилга қадар 7,3 фоиз кўрсаткичида барқарор қолиши прогноз қилинмоқда. Ишсизлик Кўрфаз мамлакатлари ҳамкорлиги Кенгашига кирмаган мамлакатларда ушбу Кенгашга кирганларга қараганда икки марта кўп. Меҳнат қилаётган мигрантлар минтақадаги жами бандликнинг 41 фоизини ташкил этади. Кўрфаз мамлакатлари ҳамкорлиги Кенгаши мамлакатларида эса жами меҳнат қилаётганларнинг ўртача ярмидан кўпи мигрантлар ҳисобланади. Аёллар ўртасидаги ишсизлик кўрсаткичи 15,6 фоиз. У эркаклар ишсизлиги кўрсаткичига қараганда уч марта кўпроқ. Ёшлар ҳам ишсизликдан азият чекмоқда. Ёшлар ўртасидаги ишсизлик катта ёшдаги аҳоли ишсизлигига қараганда тўрт марта юқори.

Осиё ва Тинч океани

Аввалги йилларга қараганда секин суръатларда бўлса-да, иқтисодий ўсиш давом этади.

Прогнозларга кўра, минтақадаги ишсизлик 2020 йилгача 3,6 фоиз даражасида қолади, бу эса жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан паст.

Трансформация ишчиларни қишлоқ хўжалигидан чиқариб олди, бироқ бу иш сифати сезиларли даражада яхшиланишига олиб келмади; ишчиларнинг катта қисми иш кафолати, ёзма шартнома ва даромадларнинг барқарорлигига эга эмас.

Айрим мамлакатларда ижтимоий ҳимоя сезиларли даражада кенгайтирилганига қарамай, қашшоқлик даражаси энг баланд мамлакатларда у жуда паст кўрсаткичда қолмоқда.

Европа ва Марказий Осиё

Шимолий, Жанубий ва Ғарбий Европада ишсизлик сўнгги ўн йил ичида энг паст кўрсаткичда ва 2020 йилгача пасайишда давом этади. Шарқий Европада банд кишилар сони 2019 ва 2020 йилларда 0,7 фоизга қисқариши кутилмоқда. Бироқ иш кучининг қисқариши бир вақтнинг ўзида ишсизлик кўрсаткичининг пасайишини ҳам англатади. Айрим мамлакатларда узоқ вақт давом этган ишсизлик 40 фоизга етади. Марказий ва Ғарбий Осиёда норасмийлик ҳали ҳам кенг тарқалган (43 фоиз). Ишлаб туриб қашшоқ бўлиш, ишнинг ёмон сифати ва меҳнат бозоридаги доимий нотенглик муаммолигича қолади.

Аввалроқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан бандликка оид маълумотлар тақдим этилган эди. Унга кўра, Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 19 миллионга яқин бўлса, банд аҳоли сони 13 миллиондан зиёд. Уларнинг 5 миллиондан ошиғи расмий секторда, 8 миллионга яқини норасмий секторда банд. Хорижда ишлаётганлар сони эса 2 миллион 300 мингдан зиёдни ташкил этади. 

Мавзуга оид