Иқтисодиёт | 16:10 / 15.07.2019
26811
2 дақиқада ўқилади

Молия вазири ўринбосари: Маошлар 7 фоиз оширилиши режалаштирилганди, президентимиз ташаббуси билан 10 фоизга ошди

Фото: Халқаро пресс-клуб

Бугун, 15 июль куни «Халқаро пресс клуб»нинг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида» Фармонига бағишланган бу анжуманда фармонга доир ўзгаришлар тушунтириб берилди, саволларга жавоблар олинди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазири ўринбосари Шоҳруҳ Шораҳметов мазкур фармон юзасидан фикрларини билдирди.

«Маошларнинг навбатдаги оширилишини молиялаштириш учун 2,2 трлн сўм маблағ ажратилган. Энди 10 фоиз оширилиш камми ёки кўпми деган саволга жавоб изласак. Умуман ҳукумат режаси ва бюджет параметрларига кўра маошлар ва пенсиялар 7 фоизга оширилиши кўзда тутилган эди. Аммо президентимиз ташаббуси билан бу кўрсаткич 10 фоизга кўтарилди. Демак, ана шу ошишни қоплаш учун йил охирига қадар қўшимча тарзда маошлар учун 361 млрд сўм, пенсиялар учун эса 463 млрд сўм қўшимча маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Айни шу маошлар ошиши 2,5 млн аҳолининг турмуш даражасига таъсир қилади», дея вазир ўринбосари сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

12 июль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори оширилиши тўғрисидаги фармонини имзолади

Унга кўра, 2019 йилнинг 1 августдан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори ўрта ҳисобда 1,1 (10 фоиз) баравар оширилди.

Мавзуга оид