Жамият | 18:05 / 19.07.2019
67394
10 дақиқада ўқилади

Очиқ осмон остида яшаётган хоразмликлар. Шаҳар ҳудудида «снос» ишлари авжига чиқмоқда

Яқинда Хоразм вилояти, Урганч тумани, Ашхобод маҳалласида яшовчи бир нечта фуқаролардан мурожаат келиб тушди. Мурожаатда ёзилишича, улар яшаб турган ҳудудда давлат ва жамоат эҳтиёжи учун мақсадли қурилиш ишлари бошланиши режалаштирилган. Шу сабаб ҳозирда бузиш ишлари бошлаб юборилган. Лекин аҳолини кўчириш, уларга мулк бериш, зарарларини қоплаш ва бошқа масалалар бўйича қонунларга тўлиқ амал қилинмаяпти.

Мурожаатни Урганч шаҳридан ташқаридаги аҳоли кўчиб борган жойларни ўрганишдан бошладик. Бу ер Урганч туманига қарашли Чандирқиёт қишлоғи деб номланаркан.

Аввал қурилган намунали уйлар яқинида яқинда кўчиб келган Ашхобод маҳалласида яшаган кўплаб хонадон вакилларини учратдик. Баъзилари ҳокимият томонидан берилган компенсация пулига қурилиш ишларини бошлаб юборган. Усталар жавлон уриб ишламоқда.

Айрим фуқаролар эски уйи қолдиқлари бўлган ёғочлардан чайлага ўхшаш вақтинчалик шийпонлар қуриб олишган. Шийпоннинг биринчи хонасида овқат тайёрлашса, иккинчисида овқатланишади, телевизор кўришади. Бошқа биридан эса ётоқхона сифатида фойдаланишади. Ўзбекистон келажаклари бўлмиш болалар таҳсил оладиган шаҳар мактабларига шу ердан қатнашмоқда. Ҳатто аҳоли ўзи билан маиший техникаларигача олиб келган. Айниши мумкин бўлган маҳсулотларни музлатгичда сақлайди-да. Ўша ердаги электр устунларидан сим тортиб токдан эҳтиёжлари учун фойдаланишмоқда. Ҳа, бу ерда ростдан ҳам инсонлар яшамоқда.

Вазиятни янада чуқурроқ ўрганиш учун ўша ерда яшаётган фуқароларнинг бир нечтаси билан суҳбатлашдик. Улардан бири Ашхобод маҳалласи 584-уйда яшаган аёл бўлиб, бундан 20 кун аввал кўчиб келган. Бу ерда фарзандлари билан яшайди. Турмуш ўртоғи Россияга ишлагани кетган.

Унинг айтишича, уларнинг бузилган уйи баҳоловчи ташкилот томонидан 230 миллион сўмга баҳоланган. Шундан 10 фоизи (тахминан 24 миллион сўми) кўчириш, қурилиш материаллари ва бошқа хизматларга ушлаб қолинган. Маҳаллада бузиш ишлари 1,5 ой аввал бошланган бўлса-да, ҳалигача уларга пул маблағи берилмаган. Аёл кунда молия бўлими ва бошқа ташкилотларга қатнаб сарсон бўлмоқда. Аёлнинг айтишича, шаҳар ҳокими Шухрат Абдуллаевдан ёрдам сўраб қабулига борса, одатда уни тингламайди.

Сал нарироқда оиласи билан яшаётган, илгари Ашхобод маҳалласи 502-уйда яшаган Тўти Ибрагимовадан ҳам изоҳ олдик.  Унинг икки ён қўшниси намунали уй олиб кўчиб чиққанидан сўнг, уларнинг мулклари бузиб ташланган. Кейин бу оила ҳам шу ерга кўчиб ўтишга мажбур бўлган. Бузиш ишлари ҳақида оғзаки огоҳлантирилган. Уларнинг ҳам 142 миллион сўмга баҳоланган мулкининг қийматидан 10 фоизи кўчириш ишлари ва бошқа харажатларга деб ушлаб қолинган. Бироқ уларга қолган сумманинг ярми (64 миллион сўм) берилган. Қолган 50 фоиз сумма тегишли ташкилотларга қарзи мавжуд эмас деган ҳужжатни топширса, 15 иш кунидан кейин берилиши тушунтирилган.

«Турмушидан ажраб келган қизимнинг касал фарзандига иссиқларда қараб ўтирибман. Шу болам учун вақтинчалик яхшироқ жой ажратиб беринглар десам додимни ҳеч ким эшитмади», - деди Тўти Ибрагимова. Уларга ҳам 4 сотих ер сизларники деб кўрсатилган, лекин ерга эгалик ҳуқуқини берувчи бирорта ҳужжат берилмаган. Яна бир нечта оила вакиллари билан учрашдик. Улар ҳам деярли худди шу гапларни айтишди.

Биз суҳбатлашган оилаларнинг аксарига ерга эгалик ҳуқуқини берувчи бирорта ҳужжат берилмаган. Вақтинчалик яшаб туришга эскироқ бино бўлса ҳам ажратилмаган. Улар очиқ осмон остида чайла қуриб яшашмоқда. Кўпларига компенсация пулларининг ярми берилган. Кўчириш ишларига деб баҳолатилган сумманинг 10 фоизи ушлаб қолинмоқда. Яна баъзи фуқароларга бир сўм ҳам пул ажратилмаган ҳоллар ҳам мавжуд. Ваҳоланки, уйлари аллақачон бузиб ташланган.

Улар билан тузилган келишув шартномаларини кўздан кечирдик. Фуқаро Юлдашбай Курамбаев ва шаҳар ҳокими ўртасида жорий йилнинг 23 июнь куни келишув шартномаси тузилган. Махсус комиссия хулосаси, Урганч шаҳар ҳокими қарори ва ушбу шартномага мувофиқ Урганч шаҳар ҳокими фуқаронинг аризасига асосан барча қурилиш материалларини қийматини чегирган ҳолда, уй-жойи (квартира)нинг ижара ҳақи билан бирга тўлиқ компенсация пули 143 042 000 сўмни, 50 фоиз миқдори олдиндан берилади. Қолган қисми турар-жойи (квартираси) бузилиб, уларнинг ер майдони тозаланиб, янги қурилишга яроқли ҳолга келтирилиб, бу ҳақда шаҳар комиссияси томонидан далолатномалар тузилиб тақдим қилинганидан кейин қоплаб берилади. Одамлар сони ва бошқалардан қатъи назар, 4 сотихдан ер майдони ҳам ажратилади дейилган. Шунингдек, ҳокимликка ер, пул, мулк ва бошқа масалалар бўйича ҳеч қандай эътироз йўқлиги юзасидан фуқаро имзоси олинган.

Юқоридагиларни ўз кўзимиз билан кўрганимиздан сўнг, Ашхобод маҳалласига бордик. У ерда ҳали ҳам бузиш ишлари давом этарди. Шаҳар ҳокими Шухрат Абдуллаевдан тушунтириш олдик. У қўл остидаги масъул шахслар бўлаётган қурилиш-бузиш ишлари, компенсация ва бошқа масалалар юзасидан тушунтириш беришини айтиб ўтди.

«Урганч шаҳрининг бош режасига асосан Ашхобод маҳалласи саноат минтақаси ҳудуди ҳисобланади. Бу ерларда 50-60 йиллар аввал аҳоли кўчиб келиб ўрнашиб қолган. Бу ер темирйўл ўтган 32 гектарли майдон ҳисобланади. Уйлар умуман талабларга жавоб бермайди, жуда хароб ҳолга келиб қолган. Ҳозирда бу ердаги аҳоли тўлиқ кўчирилиб, ўрнига бир нечта ишлаб чиқариш объектлари қурилиши режалаштирилди. Мисол учун, умумий майдоннинг 4 гектар қисмига технопарк қурилади. Лойиҳа тўлиқ ишга туширилса, 1000 га яқин янги иш ўрни яратилади.

Ҳозирда аҳолига берилган Урганч тумани ҳудуди бош режага асосан кейинчалик шаҳар ҳудудига қўшиб олинади. Бу ерда 394 хонадонда 700 оила истиқомат қилиб келган. Уларнинг баъзиларига намунали уйлар ажратилган, қолганига ер ажратилиб компенсация маблағлари берилмоқда», - деди Урганч шаҳар бош архитектори Баҳодир Отажонов.

Сўнгра Урганч шаҳар молия бўлими мудири ўринбосари Отабек Бобожоновдан изоҳ олдик.

«Ҳозирга қадар маҳалла фуқароларига 14 миллиард 220 миллион сўм берилди. Ҳаммаси келишув шартномаси бўйича амалга оширилмоқда. Аввалига баҳоланган сумманинг ярми берилмоқда. Комиссия талаблари бажарилганидан кейин қолгани ҳам ўтказилмоқда. Пулдан муаммо бўлгани йўқ.

Отабек Бобожонов

10 фоиз маблағ масаласига келсак, уйи бузилганидан кейин қайта қурилишга ишлатилиши мумкин бўлган материаллар қолмоқда. Маълум маблағлар уларнинг розилиги билан шу материаллар учун ушлаб қолиняпти. У ерда фоизлар ҳар хил бўлади. Кўчиришга техника берилмоқда, ёрдамлашилмоқда», - деди у.

Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори асосида «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида» низом тасдиқланган.

Унинг 4-бандига кўра, тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ер участкасини олиб қўйиш, ер участкасида жойлашган уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатларни, иншоотларни бузиш ва дов-дарахтларни кўчириб ташлаш тўғрисидаги тегишли қарорлари нусхаларини билдиришномага илова қилган ҳолда, бузиш бошлангунгача 6 ойдан кечикмай, имзо қўйдириб уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар мулкдорларини қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиши шарт. Демак, мулкдор мулки бузилишидан камида 6 ой аввал ёзма равишда огоҳлантирилиши керак. Улар бу тартибга амал қилганми? Афсуски, йўқ.

Низомнинг 12-бандига кўра, айрим ҳолларда, бузилаётган уй (квартира), иморатлар, иншоотлар ва кўчирилаётган дов-дарахтлар эгасининг хоҳишига кўра, уй-жойни бузишдан олинган материаллар тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари қарорига биноан мулкдорга берилиши мумкин. Бу ҳолда комиссия мулкдорга бериладиган бузишдан олинган материаллар қийматини бузиш вақтида амалда бўлган бозор нархлари бўйича уларнинг эскирганлигини ҳисобга олган ҳолда белгилаши керак. Яъни мулк эгасининг хоҳишига кўра, бузишдан олинган материаллар қиймати ҳисобга олиниши зарур. Мажбурий эмас. Низомда барчаси тўлиқ ва аниқ тушунтириб қўйилган.

Ёз фаслининг ўртаси, ҳаво қизиганидан-қизиб бормоқда. Боз устига Хоразм республикадаги энг иссиқ минтақалардан бири ҳисобланади. Бундай иссиқда очиқ осмон остида яшашнинг ўзи бўладими? Нега шаҳар ҳокимлиги буларни ҳисобга олмади? Нега уларга вақтинчалик яшаб туриш учун жой бериш чораларини кўрмади?

Фуқароларнинг баъзилари уйи бузиб ташланган, аммо компенсация пулларини ҳали олмаганини айтмоқда. Уларга пуллари қачон тўлиқ ўтказиб берилади? Ҳокимликлар қачон Вазирлар Маҳкамасининг 97-сонли қарорига тўлиқ амал қилишни бошлайди?

Куздан кейин қиш ҳам келиб қолади. Лекин улардан баъзиларининг борадиган жойи ҳам йўқ. Оддий машиналар 100 миллион сўмдан қимматга сотилаётган бир пайтда берилган бу пулларга 3-4 ой ичида 5-6 кишилик оила учун ижарага вақтинча яшаб ва уй қуриш мумкинми? Бу саволларга ҳозирча тўлиқ жавоб ололмадик.

Вазирлар Маҳкамаси, тегишли вазирликлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи  ташкилотлардан бу борада изоҳ кутиб қоламиз ва ўша ердаги фуқароларнинг кейинги тақдири ҳам давлат назоратига олинади деган умиддамиз.

Зафарбек Солижонов журналист,
Мирраҳимов Мирвоҳид тасвирчи

Мавзуга оид