Жамият | 12:30 / 20.07.2019
150475
9 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда номусга теккан шахс қизнинг отаси томонидан «самосуд» қилинди

Бундан бир неча йил илгари содир этилган жиноят нафақат воқеа иштирокчиларини таниган қўни-қўшни ва яқинларини, балки бу мудҳиш воқеани эшитган ҳар қандай кишини афсуслантирди, деб ёзмоқда Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси бўлим катта прокурори Рахман Санкибаев “Ҳуқуқ” нашрида.

2016 йил 27 март. Республиканинг олис туманларидан бирининг ички ишлар бўлими навбатчи қисмига номаълум шахснинг қумга кўмилган мурдаси топилганлиги ҳақида хабар келиб тушди. Воқеа жойи кўздан кечирилар экан, қийнаб ўлдирилган номаълум шахс туман ҳудудида истиқомат қилган, 1968 йилда туғилган Собирбек Бўриев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) эканлиги маълум бўлди.

Собирбек аслида кимлигини, қайси манзилда яшашини, касби-корини аниқлаш ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларида деярли қийинчилик туғдирмади. Гап шундаки, марҳум ички ишлар бўлими ходимларига бундан сал аввалроқ, яъни 2015 йилнинг ноябрь ойида юз берган бир воқеа туфайли жуда яхши таниш бўлиб қолганди.

* * *

С.Бўриев икки хонали уйда ёлғиз яшарди. У оиласида юзага келган келишмовчиликлар туфайли турмуш ўртоғи билан ажрашгач, бошқа оила қурмаган. Ҳеч қаерда ишламасди. На иши, на тайинли бир касб-кори бўлмаган. У тенгилар аллақачон ўғил уйлантираётган, қизларини турмушга бераётганди. Мақсадсиз ҳаёт тарзига ўрганган С.Бўриев эса бундай бахтдан ўзини ўзи бенасиб қилиб қўйганди.

Шундай кунларнинг бирида у кимдандир туман ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаро Зулфия Хожаниязованинг қўл телефони рақамини олади ва унга қўнғироқ қилиб, танишиш мақсадини билдиради. Табиийки, нотаниш йигитнинг кутилмаган таклифи Зулфия томонидан шу пайтнинг ўзидаёқ рад этилади. Лекин С.Бўриев З.Хожаниязовага такрор ва такрор қўнғироқ қилиб, ўзини 1990 йилда туғилганлиги, ҳар куни уни кузатиб юрганлиги, ҳаттоки, уни бир кўришдаёқ ёқтириб қолганлиги ҳақидаги ёлғонларига ишонтиришга уринади. Албатта, ёши бир жойга бориб қолган С.Бўриев қизни ўз қармоғига илинтириш осон кечмаслиги аниқ эди. Шунинг учун ҳам у Зулфиянинг соддалигидан фойдаланган ҳолда бошқа қатор ёлғонларни ўйлаб топиб, охири қизни, аввал гаплашишга, сўнг эса ўзи билан учрашувга чиқишга кўндиради.

Хуллас, йигитнинг гапларига ишонган қиз учрашувга чиқади. Аммо атроф қоронғи, устига-устак С.Бўриев кепкасини юзига тушириб кийиб олганлиги боис, аслида салкам эллик яшар "йигит"ни аниқ кўра олмайди. С.Бўриевнинг ҳийласини қарангки, у Зулфия билан бўлган илк учрашувда бу менинг расмим деб бошқа бир ёш йигитнинг расмини унга бериб кетади.

Ҳа, ёш йигитнинг ролини қойилмақом ижро этаётган С.Бўриевнинг нияти сезиб турганингиздек, қора эди. У ўзининг шу қора ниятини амалга ошириш мақсадида Зулфияни яна учрашувга чақиради. Кун ботиб, қоронғи тушганидан сўнг қизнинг уйига яқин атрофда туриб, телефон орқали уни чақириб олади. Қиз ёнига келиши билан эса унинг белидан қучмоқчи бўлади. Табиийки, унга қаршилик кўрсатилади. Ана шу пайт С.Бўриев Зулфиянинг биқинига пичоқ тираб, уни олиб қочмоқчилигини, агар овоз чиқарса, қўшнилар олдида шарманда қилишини айтади ва уни йўловчи машинада ўзи яшаб турган уйга олиб боради.

Хуллас, шу куни С.Бўриев Зулфиянинг кўрсатган қаршилигига қарамасдан унинг номусини оёқости қилади. Эртасига эса шовқин кўтарилмаслиги учун қизнинг яқинларига уяли телефон рақамларини яширган ҳолда қўнғироқ қилиб, Мен қизингизни ўз розилиги билан олиб кетдим, бугун-эрта уйдагиларни олдингизга юбораман, деб, тинчлантириб қўяди.

Аммо, бир маротаба қилинган қўнғироқдан кейин бошқа хабар бўлмагач, З.Хожаниязованинг ота-онаси ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, қизини топишда ёрдам сўрайди…

Албатта, туман ички ишлар бўлимига олиб келинган С.Бўриев ва З.Хожаниязовалар сўроқ қилинар экан, бўлиб ўтган воқеалар негадир, умуман бошқача тус олади. Яъни З.Хожаниязова ички ишлар бўлими ходимларига берган тушунтириш хатида фуқаро С.Бўриевнинг уйига ўз розилиги билан борганлигини, ҳеч ким уни бунга мажбур қилмаганлигини, ўзининг уйидан ота-онасининг рухсатисиз кетиб қолишида Собирбекнинг айби йўқлигини билдиради.

Зулфиянинг ушбу кўрсатмасидан сўнг С.Бўриевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят иши қўзғатиш рад этилади.

Гарчи, қиз ўзини ҳеч ким мажбур қилмаганлиги ҳақида берган кўрсатмалари асосида жиноят иши қўзғатилмаган бўлса ҳам Зулфиянинг ота-онаси ушбу воқеалар тагида нимадир яширинганини сезарди. Шу боисдан ҳам фарзанди, қолаверса, оиласи шаъни билан боғлиқ ушбу воқеанинг тагига етиш мақсадида уйга қайтганидан сўнг қизини қанча сўроққа тутмасин, у рози бўлиб ўзим борганман деган жавобдан нари ўтмайди.

Табиийки, кутилмаганда содир бўлган ушбу сирли воқеа ота-онага қаттиқ таъсир қилади. Айниқса, Зулфиянинг отаси О.Хожаниязов ўзини қўярга жой топа олмай, қандай йўл билан бўлмасин, бу воқеанинг тагига етишни, шу билан бирга, С.Бўриевдан ўч олишни мақсад қилади. Минг афсуски, номусга чидамаган ота бу ишининг жиноят эканлигини хаёлига ҳам келтирмасди.

О.Хожаниязов шу куннинг ўзидаёқ шахсий автомашинаси юкхонасига чамаси икки метрлик арқон ва бир дона пичоқ солиб қўяди. Туман кўчалари бўйлаб киракашлик қилар экан, унинг фикр-у хаёлини фақат бир нарса, яъни қизининг номига иснод келтирган Собирбекдан ўч олиш нияти банд қилганди.

* * *

2016 йил 24 март. О.Хожаниязов излаган одамини туман кўчаларининг биридан топди. С.Бўриев бошқарувидаги автомашина рулини бораётган йўлак томон бурди. Атрофга қаради, ҳеч ким йўқ. Машинадан тушиб, дарҳол унинг ёнига борди. Вужудини кемираётган нафрат зарбага қўшилиб, бир уришда Собирбекни ерга йиқитди. Кўз очиб юмгунча С.Бўриев ўзини оёқ-қўллари боғланган ҳолда машинанинг орқа ўриндиғида кўрди.

О.Хожаниязов қизини йўлдан уриб, у орқали оиласининг устидан кулган С.Бўриевга ўзича ҳукм чиқарганди. Шунинг учун ҳам машинасини одамсиз жойларда бир неча маротаба тўхтатиб, ўзини ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлмаган Собирбекнинг дуч келган жойларига уриб-тепиб, унга азоб беришни давом эттирди.

Тирик ўлжага айланган С.Бўриев ҳолдан тойганидан кейингина О.Хожаниязов Беруний туманида истиқомат қилувчи божаси С.Махсудовга қўнғироқ қилиб, қизини алдаб кетган кишини машинасида олиб келаётганлигини айтди ва айтилган манзилда кутиб туришини илтимос қилди.

С.Махсудов саноқсиз берилган зарбалардан ўлар ҳолатга келиб қолган С.Бўриевнинг аҳволини кўрибоқ, О.Хожаниязовнинг бу иши яхшилик билан тугамаслигини уқтирган бўлди. Лекин ғазаб отига минган ота унинг бу гапларига парво қилмасдан Собирбекни ўлдириш учун божасидан хилватроқ жой топиб беришни сўради.

Шундай қилиб, ярим тунда О.Хожаниязов бошқарувидаги "Спарк" автомашинаси С.Махсудовнинг кўрсатмаси бўйича туман ҳудудидаги зиёратгоҳнинг шимоли-шарқий томонига ўн километрлар чамаси юриб, кимсасиз қумликка келиб тўхтади. Юкхонадан қўл ва оёқлари боғланган С.Бўриев туширилиб, қийноқ ҳаракатлари яна давом эттирилди. Шундан кейин у С.Бўриевни табиий чуқурликка тепиб тушириб, ёнида олиб келган белкурак ёрдамида кўмиб ташлади.

* * *

Одам ўлдиришдек ўта оғир жиноятни содир қилган шахслар мурда топилгандан икки кун ўтиб қўлга олинди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Иш судда кўрилар экан, судланувчиларнинг жинояти уларнинг ўз қилмишларига тўла иқрор бўлиб берган кўрсатмалари ҳамда ишга тегишли бошқа далиллар билан тасдиқланди. Шундай қилиб, судланувчилар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм этилди.

Таҳририятдан: шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, фарзанд тарбиясига, унинг руҳий ҳолатига, ўзини тутишига, хатти-ҳаракатига биринчи навбатда ота-она жавобгардир. Айниқса, балоғат ёшидаги қизни кучлироқ назорат қилиш, унга керакли вақтда маслаҳат бериш, йўл-йўриқ кўрсатиш талаб этилади. Фарзандлар тарбиясига беэътибор бўлманг.

Мавзуга оид