Ўзбекистон | 22:50 / 25.07.2019
111019
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қурилиш ва бузишлар: хато қаерда?

Кўп тадбирларда «ривожланган давлатлар тажрибаси, Европа стандартларига мос...» каби жумлалар билан бошланувчи нутқларни тинглаб, ўйлаб қоламан: жамиятда мавжуд муаммоларни ҳам ривожланган давлатлар тажрибасини синчиклаб ўрганиб, ҳал қилса бўлмайдими? Масалан, қурилиш ва бузиш ишларини ташкил этиш масаласи АҚШ ё Россияда қандай ҳал этилади? Уларнинг конституциясида бу борада нима дейилган?

АҚШ Конституцияси дунёдаги энг кичик ва энг ўзгармас Конституция ҳисобланади

АҚШ Конституцияси тарихи давомида унга бор йўғи 26та тузатиш киритилган, холос. Аслида, мамлакат Конституциясининг асосий матнига ҳеч қандай ўзгартириш киритилмайди, балки матн охирига алоҳида илова сифатида қўшимча киритилади. АҚШ Конституциясига киритилган биринчи тузатишда белгиланишига кўра, «Конгресс сўз ва матбуот эркинлигини чекловчи бирор-бир қонун чиқариши мумкин эмас».

V қўшимча ёхуд мулк ҳуқуқи ҳимояси

1791 йили АҚШ конституциясига V қўшимча киритилади. Унга мувофиқ, ҳеч бир шахс қонуний судда кўрилмай туриб, ҳаёти; эркинлиги ёки мулкидан маҳрум этилиши мумкин эмас (Due process of Law). Хусусий мулк ўрни қопланмасдан жамият фойдасига мусодара қилиниши мумкин эмас.

Конституцияда таъкидланишича, ҳукумат ёки хусусий компания бошқанинг мулкини огоҳлантириш ва муносиб компенсация пулини тўламай, тортиб олиш, мол-мулкка зиён етказишга ҳаққи йўқ. Одатда, мол-мулк тортиб олинаётгани учун тўланадиган компенсация пули бозор қийматидан паст бўлмайди. Ҳукумат ва мулкдор бу борада музокара олиб бориши белгиланган. Агар иш музокара билан ижобий ҳал этилмаса, суд масалани ўрганади ва одилона қарор чиқаришга интилади.

Суд ҳокимияти ҳар қандай масалада давлат ё жамият манфаатини кўзлаб эмас, балки адолатли қарор чиқаришга интилади. Масалан, ҳукумат таклиф этган нархдан норози бўлган мулкдор кўпроқ пул талаб этиши мумкин. Суд ишни кўриб чиқиб, албатта, ҳукумат манфаатини ёқламай, ишни мулкдор фойдасига ҳал этиши мумкин. Шунингдек, бозор қийматидан ортиқча компенсация пули талаб қилаётган шахсга нисбатан ҳам шундай амалиёт қўлланади. Муҳими суд ҳокимияти мустақил, асосли ва адолатли қарор чиқаради.

Мулк ҳуқуқи — инсон ҳуқуқларининг ажралмас қисми

Ҳар бир инсон якка ҳолда, шунингдек, бошқалар билан биргаликда мулкка эгалик қилиш ҳуқуқига эга. Ҳеч ким зўравонлик билан ўз мулкидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 17-моддасида эътироф этилган.

Россия қонунчилигига кўра, ўзганинг мол-мулки суд тартибида ва судловсиз тортиб олиниши мумкин. Суд тартибида тортиб олиниши мумкин бўлган ҳолатлар қуйидагича белгиланган:

  • Мусодара қилиш;
  • давлат ва жамият эҳтиёжи учун тортиб олиш;
  • қонун талабларига зид фойдаланилаётган мол-мулкни тортиб олиш;
  • эгасиз маданий қийматга эга мулк ёхуд ҳайвонларга нисбатан ножўя муносабатда бўлинганда.

Шунингдек, мол-мулкни миллийлаштириш ва реквизиция судловсиз амалга оширилади. Шунга қарамай, мусодара ҳолатидан ташқари, барчасида мулкдорга муносиб компенсация пули тўланиши керак.

АҚШ қонунчилигига кўра, компенсация пул кўринишида бўлиши лозим. Аммо мулкдорнинг розилиги билан компенсация бошқа қийматли нарсаларда қопланиши мумкин.

Ўзбекистон халқаро тажрибани яхши ўрганган

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 36-моддасида ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли эканлиги, 44-моддасида эса ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланганлиги белгиланган.

Ўзбекистонда мулк ҳуқуқининг йўқолишига қуйидаги ҳолатлар сабаб бўлади:

  • Мулк ҳуқуқи объектининг йўқ қилиниши (масалан, буюмнинг нобуд бўлиши);
  • мулк ҳуқуқи субъектининг ўлими (тугатилиши);
  • мол-мулкни ўзганинг эгалигига ўтказиш бўйича шартноманинг тузилиш (олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя каби);
  • мулкдан воз кечиш;
  • мулкни мулкдор эгалигидан олиб қўйиш юзага келганда.

Сўнгги бандда келтирилган асос бизга қизиқ бўлиши мумкин. Негаки, мулкдорнинг эрки, иродасидан ташқари мол-мулкнинг олиб қўйилиши орқали мулк ҳуқуқининг бекор бўлиши ашёнинг давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун, жиноят қуроли, деб топилиши оқибатида мусодара қилиниши, национализация қилиниши, суднинг ҳал қилув қарори асосида мулкдорнинг мажбуриятлари бўйича ундирувни мол-мулкка қаратиш каби ҳолатлардир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги №97-сонли «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига кўра низом тасдиқланган. Назаримда, ер участкаларни тортиб олиш ва компенсация бериш муносабатлари ҳукумат қарори билан тартибга солиниши бироз хавотирли, жамиятда адолатни адл қилмаяпти. Барча давлатларда аниқ белгилангани каби шу масалада қонун ишлаб чиқилиши, муносабатлар Ўзбекистон қонуни билан мустаҳкамланиши зарур.

Гарчи норматив ҳужжатларда ер участкаларини олиб қўйиш билан боғлиқ объектларни бузишга кўчмас мулкнинг бозор қиймати ҳамда олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарар тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилиши таъкидланса-да, амалда тартиб бузилиш учун жавобгарлик аниқ кўрсатилмаган ёхуд қатъийлаштирилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги №5495-сонли фармонида ҳам бу тартиб яна бир марта такрорланган бўлиб, ер участкаларини олиб қўйишда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарар ўрни тўлиқ қоплангандан кейин рухсат берилиши айтилади.

Атрофимизда содир бўлаётган ҳодисалар икки масалада қатъий сиёсий иродани кўрсатиш зарурлигини кўрсатмоқда: қурилиш ва бузиш ишлари, муносиб компенсация тўлаш масаласи қонун билан мустаҳкамлансин, ҳам қонунбузилиши учун жавобгарлик белгилансин.

Шунингдек, суд ҳокимияти амалда мустақил ва ҳақиқат, адолатни тиклаб, қарор чиқариши лозим. Судлар бузиш ишларида фақат давлат ва ҳукумат манфаатидан иш кўрмаслиги лозим. Акс ҳолда, вазият ривожи шундай давом этаверса, ҳеч бўлмаганда ўзимиз қабул қилган қарор ва фармонларга ўзимиз масъул бўлайлик. Ҳеч бўлмаса, ўзимиз бўйсуниб, амал қилайлик.

Алишер РЎЗИОХУНОВ

Мавзуга оид