«Снос» келтирган ташвишлар: Қаршидаги «Шойхўжа-2» аҳолисига муаммолар бартараф этилгани кўрсатилган ёлғон хатлар келмоқда
Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри ҳудудида жойлашган Шойхўжа-2 массиви аҳлидан таҳририятимизга кетма-кет мурожаатлар келиб тушганидан сўнг вазиятни ўз жойига бориб ўргандик.
Маълум бўлишича, Қарши шаҳридаги аэропортга элтувчи марказий Буюк Турон кўчаси ёқасидаги аҳолининг уйлари бузилгач, уларнинг ўрнида кўп қаватли турар жойлар барпо этилган ва эвазига уларга мазкур ҳудуддан ер участкаси ажратиб берилган, иморат қуриш учун компенсация пуллари тўланган.
Аҳоли вакилларининг сўзларига кўра, кўчириш чоғида уларга шаҳар раҳбарлари томонидан тамомила бошқача ваъдалар берилганди. Чунончи, янги жойда барча зарур шароитлар ҳозирланиши айтилган. Бироқ, улар бу ерга кўчириб келинганидан буён ўтган уч йил мобайнида, электр, газ ва сув таъминотида қийинчиликларга бот-бот дуч келишмоқда.
Маҳаллага кирувчи тўртта йўлдан фақат биттасига шағал ётқизилган. Қолган йўллар тупроқлигича турибди, ёзнинг ҳозирги жазирама кунларида чанг тўзон кўтарилса, ёғинли фаслларда кўчалар кўлмак ва лойга тўлади.
Биз Шойхўжага кўчирилган қаршиликларнинг эътирозларига қулоқ солиш учун уларга микрофон тутдик.
Уларнинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, электр линияси тўғри тортилмаган, бунинг оқибатида ягона трансформатор подстанциясига юкланиш тушиб, тез-тез портлаб, ёниб кетмоқда. Маҳаллада ичимлик сув, газ билан боғлиқ муаммолар бор. Аввалги яшаган ҳудудида водопроводдан сув ичган қаршиликлар ҳозир ичимлик сувини ташиб келтиришади.
Газ таъминоти масаласида мутасаддилар 2016 йилда қувурлар ўтказилаётганини ваъда қилишган эса-да, кейинчалик қувурлар Қарши туман газ таъминоти идораси томонидан кесиб олиб кетилган. Ҳозир баллонда газ тарқатилмоқда. Аҳолининг айтишича, баллондаги газ эҳтиёжлари учун етмайди.
Аҳоли шаҳар ҳудудидан унинг четига кўчирилгач, транспорт ва мактаб муаммосига ҳам дучор бўлиб турибди. Яъни, маҳалла болаларининг аксарияти ҳамон қарийб 2-3 км наридаги ўзлари ўқиган мактабга қатнашмоқда. Ота-оналар ҳам ишга бориб келишда қийналишмоқда.
Шойхўжада шароит йўқлигидан, шу ерда уй тиклаган айрим инсонлар ўз уйини сотувга ҳам қўйиб юборишган.
Аҳоли турли идораларга мурожаат қилиб, бирор натижага эриша олгани йўқ. Қарши шаҳар ҳокимлиги юқори турувчи идораларга барча камчиликлар бартараф этилганини эътироф этиб, жавоб хати жўнатмоқда. Идоралардан аҳолига ёлғон ҳисоботлар акс этган хатлар келмоқда.
Масалан, Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги жавоб хатида ичимлик сув таъминоти бўйича ишлар 87 фоизга адо этилгани ва 2018 йилда ичимлик суви билан таъминланишини келтирган. Ҳозир 2019 йил ва шойхўжаликлар ҳамон сувни ташиб ичишмоқда.
Қарши шаҳри ҳокимлиги 2016 йил 14 сентябрда 950 метр кўчалар текисланиб, тош-қум аралашмаси тўшалгани, 1560 метрли газ қувури ўтказилганини вилоят ҳокимлигига маълум қилмоқда. Аммо ҳақиқатда фақат 400 метрли битта кўчага шағал ётқизилган. Яна 2700 метр кўча тупроққа беланиб ётибди.
Шойхўжаликлар ўз массивида электр энергияси таъминоти яхшиланиши, шаҳардаги аввал ўзлари яшаган ҳудудидагидек элементар шароитларни исташмоқда.
Kun.uz мухбири мазкур масала юзасидан Қарши шаҳар ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Улуғбек Авазов, шаҳар ҳокимлиги девонхонаси бошлиғи Аброр Жовлиев билан учрашди. Мутасаддилар аҳолини қийнаётган масалалар қисқа муддат ичида ҳал қилинишига ваъда беришди.
Билмадик, Қарши шаҳар ҳокимлиги ва бошқа мутасаддилар бераётган ваъдалар амалга ошадими-йўқми?. Шуниси аниқки, шойхўжаликлар уч йилдан буён ўзларини қийнаётган муаммолар ҳал бўлишини истаб, бош урмаган эшиги қолмаган. Улар ваъдалардан чарчаган. Уларга ёрдам керак…
Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
20:11 / 20.07.2024
Қарши аэропорти яқинида ёнғин содир бўлди
07:43 / 27.04.2024
Ўзганинг сир сақланиши лозим бўлган видеоларини тарқатмаслик эвазига пул талаб қилган аёл ушланди
22:32 / 20.04.2024
Қаршида DAMAS автомобилида 25 нафар болани ташиган ҳайдовчи аниқланди
23:02 / 16.04.2024