Спорт | 11:35 / 31.07.2019
32422
2 дақиқада ўқилади

UFC’да қозоғистонлик биринчи жангчи пайдо бўлди. У Ўзбекистонда туғилиб ўсган

Фото: МИА "Казинформ"

24 ёшли қозоғистонлик жангчи Шавкат Раҳмонов UFC билан шартнома имзолади. Бу ҳақда унинг менежери Саят Абдраҳмонов Instagram саҳифасида маълум қилди, деб хабар бермоқда Tengrinews.kz.

«Шавкат Раҳмонов UFC билан шартнома имзолади ва тарихга энг яхши ММА ташкилоти билан шартнома имзолаган қозоғистонлик биринчи жангчи сифатида киради. Дебют ноябрга режалаштирилган. Шавкат биринчи бўлди, аммо, ишончим комилки, у мамлакатимизнинг UFC'даги сўнгги вакили бўлмайди», - деб ёзади Абдраҳмонов.

ММА’да Шавкат Раҳмоновнинг профессионал дебюти 2014 йил ноябрь ойида бўлиб ўтди. Шу йил март ойида у иккинчи ярим ўрта вазнда M-1 Global чемпионлик камарини қўлга киритди, июнь ойида эса камарини биринчи маротаба муваффақиятли ҳимоя қилди. Жангчи 12та жангда 12та ғалабага эришган.

Қайд этилишича, Шавкат Раҳмонов Ўзбекистонда туғилиб ўсган. Миллати бўйича у қозоқ.

Жангчининг Vesti.kz’га берган интервьюда айтишича, бундан олдин бозорда юк ташувчи бўлиб ишлаган. Жанг санъатидаги доимий машғулотлар туфайли у ММА’да ғалабаларга эришишга муваффақ бўлди.

Мавзуга оид