Ўзбекистон | 20:30 / 01.08.2019
22559
2 дақиқада ўқилади

Абитуриент-2019. Имтиҳоннинг тўртинчи кунида молия ва иқтисод йўналишлари бўйича тест топширилди

1 август куни Олий ўқув юртлариаро спорт мажмуасида абитуриентлар молия ва иқтисод йўналиши бўйича имтиҳон топширишди. Биринчи сменада 900 нафар абитуриентдан 31 нафар, 2 сменада эса 22 нафари тест жараёнида қатнашмади.

Жами 30та гуруҳга 2 нафардан назоратчи бириктирилди. Шунингдек, захирада 6 нафар ёрдамчи назоратчи тест синовига жалб этилди. Имтиҳон сиртқи ва кундузги таълим шакли абитуриентлари учун аралаш тарзда ўтказилди.

1-сменада 2 нафар абитуриент тест синовидан четлаштирилди. Улардан биринчиси абитуриент гувоҳномасини сохталаштириб, ўринга-ўрин киришга уринган. Видеофиксация пайтида бугун имтиҳонда қатнашадиган абитуриентлар рўйхатида унинг исм-шарифи йўқлиги маълум бўлди. У аслида эртага тест синовида қатнашиши керак эди. Назоратчилар томонидан ушбу ҳолат аниқланганидан сўнг абитуриент имтиҳондан четлаштирилди. Шу билан бирга, абитуриент ўзи ҳужжат топширган йўналиш бўйича ҳам тест топшириш ҳуқуқидан маҳрум этилди.

Иккинчи ҳолат имтиҳон жараёнида уяли алоқа воситасидан фойдаланиш билан боғлиқ. Абитуриент тест синовининг иккинчи соатида саволлар китобчасини суратга туширган ва мессенжер орқали танишига жўнатган.

Иккала ҳолат бўйича ҳам абитуриентларнинг бу йили тест топшириш ҳуқуқи бекор қилинди. Энди улар кейинги йилдан имтиҳонда қатнашишлари мумкин.

Мавзуга оид