Иқтисодиёт | 17:33 / 01.08.2019
31404
2 дақиқада ўқилади

Молия вазири: «Лукойл» билан шартнома қайта кўриб чиқилмайди»

Бугун, 1 август куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги, "Ўзтрансгаз" АЖ ва "Ўзбекэнерго" АЖ мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбирининг “Кўпчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлган Лукойл билан шартнома қайта кўриб чиқиладими ва бекор қилиниши мумкинми?” деган саволига Молия вазири Жамшид Қўчқоров – “Лукойл билан шартнома қайта кўриб чиқилмайди, чунки у халқаро шартнома. Агар биз ҳамма шартномаларни қайта кўриб чиқиб, бекор қилаверсак, бебурд бўлиб қоламиз”-деб жавоб берди.

Жамшид Қўчқоров

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев Сенатдаги чиқиши вақтида «Лукойл» компаниясидан 600 млн доллар миқдоридаги қарздорлик ҳақида гапирганди. Президент масъуллар маҳсулотни бўлиб олиш тўғрисидаги битим имзолаш олдидан миллий манфаатларни ҳисобга олиши кераклиги, лекин бу ҳолатда миллий манфаатлар ҳисобга олинмаганини айтганди.

Шунингдек, Reuters агентлиги шу йилнинг март ойида Ўзбекистон «Лукойл»дан 2018 йилда газ етказиб бергани учун 600 миллион долларга яқин қарз бўлиб қолгани ҳақида хабар берган.

Бу ҳолатни изоҳларкан, «Ўзтрансгаз» АЖ бошқарув раиси ўринбосари Муродулла Бошманов: «Табиий газ экспорти ички истеъмолга таъсири бўляпти. «Лукойл» компаниясидаги қарздорлигимиз шунга сабаб бўлди. Аслида, бундай бўлиши керакмас. Ўтган йили баланс кўрсаткичларидаги айрим хатоликлар туфайли ушбу вазият юзага келди. «Лукойл»дан 146 АҚШ долларига газ олиб, 40 доллардан сотдик. Натижада биз зарар кўрдик. Бу хато бизники ва уни ўзимиз тўғрилашимиз керак. Аҳолининг газ истеъмолига таъсир ўтказмаслигимиз керак», - деган.

Мавзуга оид