Жамият | 17:20 / 01.08.2019
11801
5 дақиқада ўқилади

Танқиддан сўнг навоийлик ҳунармандга ўрмон хўжалиги амалий ёрдам кўрсатмоқда. Бошқалар ҳамон сукутда

Kun.uz сайтида жорий йилнинг 22 июль куни «Навоийлик ҳунарманд: Вилоятдаги бюрократик тўсиқлардан тўйдим» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Мақолада навоийлик ҳунарманд Жаҳонгир Иргашевнинг фаолиятида дуч келаётган муаммолари ёритилган эди.

«Тол новдаларидан буюм ясаш билан шуғулланаман. 25-мактаб интернатида имконияти чекланган тарбияланувчиларга ҳам ўз ҳунаримни ўргатиб келмоқдаман. Аммо хом ашё доим муаммо бўлгани учун ер олиб «Америка толи»ни ўзим етиштиришни мақсад қилдим. Жуда кўп оворагарчиликлар бўлди. Ташаббусимни ҳеч ким қўллаб-қувватламади. Анча сарсон бўлганимдан кейин Кармана туманидаги Навоий давлат ўрмон хўжалигига тегишли ҳудуддан ижара асосида уч гектар ер ажратишди. Зарафшон дарёси қирғоғига яқин ҳудуддан. Шу ерни олишга мажбур бўлдим. Кейин маблағ масаласидан ҳам анча қийналдим. Банкдан маблағ ажратилиши ҳам осон бўлмади. Дарё бўйида «Америка толи»ни экдим. Аммо муаммолар жуда кўп. Навоий давлат ўрмон хўжалиги билан тузган шартномамиз ҳам мукаммал эмас. Пудратчининг манфаатларига кўп томонлама зид. Буларнинг ҳаммаси ҳунарманд учун бюрократик тўсиқлар. Шу туфайли ҳозир фаолиятим ҳам боши берк кўчага кириб қолди. Ҳунармандни вилоятда ҳеч ким қўллаб-қувватламайди», – дея ўз эътирозларини баён этганди биз билан суҳбатда Ж.Иргашев.

Ҳунарманднинг мурожаатини ўрганиш давомида тегишли ташкилотлар мутасаддилари ҳунармандга амалий ёрдам беришга ваъда беришганди.

Ушбу танқидий мақолада келтирилган важлар юзасидан олиб борилган чора-тадбирлар ҳақида Kun.uz таҳририятига Навоий вилояти ўрмон хўжалиги бошқармаси ва Навоий давлат ўрмон хўжалиги томонидан маълумот тақдим этилди.

«Навоий давлат Ўрмон хўжалиги жорий йилнинг 22 июль куни Kun.uz сайтида эълон қилинган «Навоийлик ҳунарманд: «Вилоятдаги бюрократик тўсиқлардан тўйдим» сарлавҳаси остидаги мақола билан танишиб чиқди.

Мақолада кўрсатилган муаммо ва эътирозларни ўрганиб чиқиш мақсадида Навоий вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси ҳамда Навоий давлат ўрмон хўжалиги мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи тузилди. Шу куннинг ўзида ишчи гуруҳ мурожаатномада кўрсатилган ер майдонига бориб ҳунарманд Ж.Иргашев фаолияти ва у билан боғлиқ муаммоларини ўрганиб чиқди.

Ўрганишлар жараёнида маълум бўлдики, ҳақиқатдан хам Ж.Иргашев 2018 йил май ойида Навоий давлат ўрмон хўжалиги Кармана бўлими 1043 контуридан 3 га ер майдонини 10 йиллик муддатга пудрат шартномаси асосида фойдаланишга олган. Шу кунга қадар шартнома шартлари тўлиқ бажарилган.

Ишчи гуруҳ ер майдонини кўздан кечирганида 1 га ер майдонига сават ясаш учун «Америка толи» экилган, 2 га ер майдонига эса полиз ва сабзавот экинлари (қовун, тарвуз ва қовоқ) экилгани аниқланди.

Ҳозирда ишчи гуруҳи томонидан ҳунарманд Ж.Иргашевга Ўрмон хўжалиги томонидан кўчатларни ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта экиш ҳамда етиштиришда амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Янги шартнома тузилаётган вақтда ҳунарманднинг манфаатлари инобатга олинади», — дейилади маълумотномада.

Танқидий мақоладан хулоса чиқариб, ўрмон хўжалиги мутахассислари томонидан ҳунармандга амалий ёрдам кўрсатилаётгани яхши, албатта. Аммо ҳунарманд бир қатор муаммолардан шикоят қилганди ва бу мақолада ёритилганди. Ўрмон хўжалиги мутахассислари амалга оширган ишлар орқали ҳунарманд муаммоларининг бир қисми ижобий ҳал бўлди, дейиш мумкин, холос.

Хўш, вилоятдаги бошқа тегишли ташкилотлар нега ҳунарманднинг муаммолари юзасидан сукут сақламоқда. Жумладан, Ж.Иргашев ҳунармандчилиги етарлича қўллаб-қувватланмаётгани боис тол новдасидан ясаган ҳунармандчилик маҳсулотларини сотишга ҳам қийналаётганини таъкидлаганди. Қолаверса, у ўз ҳунарини махсус мактаб интернатидагина имконияти чекланган болаларга ҳам ўргатиб келмоқда.

Нега бу жиҳатлар эътиборга олиниб, ҳунарманд қўллаб-қувватланмаяпти? Вилоят савдо-саноат палатаси, «Ҳунарманд» уюшмаси мутасаддилари ва жоиз бўлса, маҳаллий кенгашлар депутатлари нега бу борада жим? Ёки «қачон аъзолик бадалини тўлаб, аъзо бўласан, кейин сенинг муаммонг билан қизиқамиз», қабилида қўл қовуштирилиб турилавериладими? Ёхуд ҳунарманд таъкидлаганидек, вилоятда лоқайдлик ва бюрократик тўсиқлар илдиз отиб кетганми?

Kun.uz ҳунарманд Ж.Иргашевни қийнаётган қатор масалаларга Навоий вилоятидаги бошқа тегишли ташкилотлар ҳам эътибор қаратишига, унга амалий ёрдам берилишига ишонч билдиради.

Бардошбек САМАД ўғли,

Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид