Жамият | 10:20 / 01.08.2019
43334
5 дақиқада ўқилади

Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган низом қоидаларида қарама-қаршилик мавжудми? Президент мактаблари ва ОТМда савол туғилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 мартдаги 244-сонли қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасига хориждан ишчи кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Таъкидлаш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори малакали чет эллик мутахассислар томонидан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қулай шароитлар яратиш, Ўзбекистон Республикасининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва уни мутлақо янги поғонага кўтариш ҳамда рақобатбардош меҳнат ресурсларини жалб қилишни рағбатлантириш мақсадида қабул қилинган.

Мазкур низом республикага хориждан ишчи кучини жалб қилиш учун рухсатномалар бериш (узайтириш), шунингдек, чет эл фуқароларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган тасдиқномаларни бериш (узайтириш) шартлари ва тартибини белгилайди.

Бироқ, низомда бир бирига қарама-қарши қоидалар мавжудлиги иш берувчилар томонидан хорижлик мутахассисларни жалб қилишда айрим саволларни келтириб чиқармоқда.

Жумладан, низомнинг 2-бандига кўра, ушбу низом қоидалари Президент мактаблари, шунингдек, олий таълим муассасаларида ишлаш учун жалб этиладиган чет эл фуқаролари бўлган ўқитувчилар ва мутахассисларга татбиқ этилмаслиги белгиланган.

Бундан шуни тушуниш мумкинки, Президент мактаблари ва олий таълим муассасалари хориждан ишчи кучини жалб қилиш ҳуқуқини берувчи рухсатнома ёки чет эл фуқаросига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома олмасдан хориждан ишчи кучини жалб этишга йўл қўйилади.

Бироқ, низомнинг 38-бандида унинг 2-бандига зид келадиган Президент мактаблари ва олий ўқув юртларида ишлашга жалб этилаётган ўқитувчилар ва мутахассисларга тасдиқнома бериш учун энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилиши ҳақида қоида белгиланган.

Бундан ташқари, низомнинг 44-бандида Президент мактаблари ва олий ўқув юртларида ишлашга жалб этилаётган ўқитувчилар ва мутахассисларга бериладиган тасдиқномаларнинг амал қилиш муддатига оид қоидалар ифодаланган.

Масаланинг айнан ушбу жиҳати бугунги кунда, айниқса олий таълим муассасалари ҳисобланган иш берувчиларнинг савол ва эътирозларига сабаб бўлмоқда. Тез орада илк дарс жараёнларига старт бериладиган Президент мактабларида ҳам шу каби саволлар пайдо бўлиб қолса ажаб эмас.

Қонун ҳужжатларини ўргана туриб, бир нарса диққатимизни тортди. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июндаги 526-сон қарори билан тасдиқланган «Президент мактаблари тўғрисида» низомнинг 70-бандида Ўзбекистон Республикасига хориждан ишчи кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 4-бандига мувофиқ юқори малакали ва (ёки) малакали мутахассисларни, шунингдек, Президент мактабларида ишлаш учун ўқитувчилар ва мутахассисларни жалб этишда иш берувчининг рухсатнома олиши талаб этилмаслиги белгиланган.

Бундан келиб чиқадики, биз муҳокама қилаётган низом қоидаларидаги Президент мактаблари ва олий таълим муассасалари учун истисно фақат Рухсатнома олиш тартибига оид қисмига татбиқ этилиши назарда тутилган бўлиши мумкин. Борди-ю шундай бўлиб чиқса, шу низомнинг 2-бандига тегишли истиснолар киритилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Чунки, таълимни ривожлантиришга оид қатор ҳужжатлар қабул қилиниб, соҳага хорижлик мутахассисларни кенг жалб этиш лозимлиги такрор ва такрор уқтирилмоқда.

Низомнинг 2-бандидаги истиснони ўқиган ОТМ вакили, табиийки, ҳужжатнинг давомини ўқиб ҳам ўтирмайди. Энди фараз қилайлик, низомнинг давомидан бехабар олий таълим муассасаси хорижлик мутахассисни тасдиқнома олмасдан туриб ишга қабул қилган бўлса, қонунни бузган бўлиб қоладими?..

Боз устига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда хорижий ишчи кучини Ўзбекистон Республикасига жалб қилиш ва ундан фойдаланиш тартибини бузишда ифодаланган қилмиш учун маъмурий жавобгарлик (49-4-модда) белгиланган.

Хулосамизни расмийларга савол билан билан якунламоқчимиз: Президент мактаблари ва ОТМлар ушбу муҳокама қилинган низомда айтилган тасдиқномани олишга мажбурми ёки мажбур эмасми?

Эслатиб ўтамиз, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонуннинг 43-моддасига кўра, қонун ости ҳужжатлари нормаларига расмий шарҳни уларни қабул қилган органлар беради. Шуни инобатга оладиган бўлсак, ҳужжат юзасидан Вазирлар Маҳкамаси шарҳ бериши жоиз. Ҳеч бўлмаганда Адлия вазирлиги ёки соҳа бўйича масъул Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги албатта муносабат билдиришидан умид билдириб қоламиз.

Дилшод Абдуқодиров,
ҳуқуқшунос

Мавзуга оид