Жамият | 14:29 / 02.08.2019
61930
8 дақиқада ўқилади

Бизга инвесторлар керакми ё йўқ: Ҳиндистонлик инвесторни Сурхондарёда қийнаётган муаммолар ҳақида

Бугунги кунда республикада инвестицион муҳитни яхшилаш, хорижий инвесторларни жалб қилиш ва янги инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича изчил ва тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, президент Шавкат Мирзиёев қатор йиғилишларда бу масалага тўхталиб, инвестиция жалб қилиш юзасидан қатор вазифаларни белгилаб бермоқда.

Бу вазифалар ижроси ҳудудларда етарлича таъминланяптими? Хорижий инвесторларга қулай шароитлар яратиб бериляптими? Уларга берилаётган ваъдалар бажариляптими?

Тан олиб айтиш керак, хорижий инвесторлар мамлакатимизда ўз лойиҳаларини амалга оширишида қатор тўсиқларга учраётгани бу борада ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар борлигини кўрсатиб бермоқда. Мавжуд салбий ҳолатлар хорижий инвесторларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Хорижий инвесторлар дуч келаётган муаммолар ҳақида сайтимизда ҳам журналистик суриштирувлар асосида танқидий мақолалар мунтазам бериб борилмоқда.

Kun.uz таҳририятига шу масалада навбатдаги мурожаат Сурхондарё вилояти, Узун туманида инвестицион лойиҳасини амалга ошираётган ҳиндистонлик инвестор Нараян Сундарамдан келди.

Хорижий инвестор мурожаатини ўрганиш мақсадида Узун туманида бўлдик ва Нараян Сундарам билан учрашиб, унинг эътирозларини тингладик.

«Лойиҳамиз коврак ўсимлигини етиштириш, йиғиб олиш, қайта ишлаш ва экспорт қилишни ўз ичига олади. Президент Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 19–20 январь кунларида Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида коврак ўсимлиги юзасидан лойиҳалар билан танишган эди. Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси ва бошқарувимдаги Россиянинг «ТК Комета» компанияси ўртасида 2018 йил 6 мартда имзоланган Меморандумга кўра Ўзбекистон Республикасида фаолият олиб бориш учун «Ферула Шифобахш» МЧЖни ташкил этганмиз.

Лойиҳа Узун туманидаги Боботоғ ёнбағирларидаги ўрмон хўжалигига тегишли ерларда амалга оширилиши кўзда тутилган. Шу асосида «Боботоғ» давлат ўрмон хўжалиги билан «Ферула Шифобахш» МЧЖ ўртасида ўрмон фонди ерларини узоқ муддатга ижарага бериш шартномаси тузилган. Шунингдек, «Боботоғ» давлат ўрмон хўжалиги билан бошқарувимиздаги яна учта масъулияти чекланган жамият ҳам шартнома тузган.

Ушбу лойиҳа асосида катта маблағ сарфладик, аммо инвестиция мажбуриятларини бажаришда бир қатор қийинчиликларга дуч келмоқдамиз. Жумладан, шартномада кўрсатилган ҳудудларда маҳаллий аҳоли томонидан коврак ўсимлиги очиқчасига талон-торож қилинмоқда. Ачинарлиси, «Боботоғ» давлат ўрмон хўжалиги ходимлари улар билан тил бириктирган ҳолда шунга  шароит яратиб бермоқда.

Сурхондарё вилояти ва Узун тумани ҳокимликлари, прокуратура ва ички ишлар органлари, «Боботоғ» давлат ўрмон хўжалиги раҳбарларига бир неча марта бу борда амалий ёрдам сўраб, мурожаат қилдик. Афсуски, бизга ёрдам берилмаяпти, қулай инвестицион шароит йўқ. Бу аҳволда биз қандай қилиб инвестиция мажбуриятларини бажаришимиз мумкин? Ўзбекистондаги қонунчиликни ҳурмат қиламиз, аммо бизнинг ҳуқуқларимиз ҳимоя қилинмаяпти», — дейди ҳиндистонлик инвестор.

Шу ўринда коврак ўсимлиги ҳақида маълумот берадиган бўлсак, у доривор ўсимлик бўлиб, халқ табобатида бўғин, бронхиал астма, сариқ касаллиги, кўк йўтал, сил, диабет, қон кетишига қарши, тутқаноқ, инсон организмидаги гелминтларни йўқ қилиш ҳамда нафас қисишига қарши восита сифатида фойдаланилади.

Сассиқ коврак ва Кўҳистон коврагининг шираси антисептик хусусиятга эга бўлгани боис Кичик Осиё, Яқин Шарқ ва Осиёнинг бошқа кўплаб давлатларида озиқ-овқат зиравори сифатида, фармацевтика саноати, ўсимлик касалликлари ва зараркунандаларга қарши курашда қўлланади. Ўсимлик асосан МДҲ давлатлари, Ҳиндистон, Афғонистон, Покистон, қисман Европа мамлакатларига экспорт қилинади.

Хорижий инвестор дуч келаётган муаммо юзасидан маҳаллий ҳокимлик ва тегишли ташкилотлар мутасаддилари билан учрашдик.

Дастлаб Узун тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Усмон Алимов билан суҳбатлашдик.

«Бу масала юзасидан инвестор бизга мурожаат қилмаган. Муаммодан хабаримиз йўқ. Бу масала асосан «Боботоғ» давлат ўрмон хўжалиги билан боғлиқ. Муаммодан хабар топдик, энди биз ҳам зарур чораларни амалга оширамиз», — дейди у.

Аммо туман ҳокимлигига бу масалада ёрдам сўраб, хат билан мурожаат қилинган. Бизга ушбу хат нусхаси тақдим этилди. Туман ҳокими биринчи ўринбосарининг «муаммодан хабаримиз йўқ», дейиши тушунарсиз ҳолат.

Ушбу ҳолат юзасидан Узун тумани ИИБ бошлиғи Анвар Нормаматов билан кўришиб, инвесторга кўмак бериш имкониятлари ҳақида суҳбатлашдик.

«Бу масалада уч кун аввал бизга ариза билан мурожаат қилишган. Аммо ҳудуд жуда ҳам катта. Бунча катта ҳудудни доимий қўриқлаш имкониятига эга эмасмиз. Бу иш билан «Боботоғ» давлат ўрмон хўжалиги шуғулланиши керак. Уларнинг ўзларида қоровуллар бор. Зарур вақтда кўмак сўрашса, мен ходимларимни чиқаришим мумкин. Бизга тушган ариза бўйича албатта чора кўрамиз. Ходимларимиз чиқишади ва ҳудудни талон-торож қилаётганлардан тозалаб берамиз. Аммо доимий қўриқлашга имкониятимиз етмайди. Ўрмон хўжалиги ходимларига қаршиликлар бўлса, бизга чиқишсин, ёрдам берамиз», — дейди Нормаматов.

Ўзбекистон Республикасининг «Ўрмон тўғрисида»ги қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июлдаги 530-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тўғрисида»ги Низомда ўрмон хўжалигининг мажбуриятлари, хусусан, тасарруфидаги ҳудудларни муҳофаза қилиш ҳам белгиланган.

Мазкур масала юзасидан «Боботоғ» давлат ўрмон хўжалигида бўлдик ва хўжалик раҳбари Турсунпўлат Мирзаевдан изоҳ сўрадик.

«Биз бу борада ёрдам берамиз ва бу бизнинг вазифамиз. Эртагаёқ тегишли чораларни кўрамиз. Бундай ҳолатга йўл қўяёттган ходимларимиз ҳам жазосини олади. Ҳаммасини ҳал қиламиз», — дейди Мирзаев.

Турсунпўлат Мирзаев «Боботоғ» давлат ўрмон хўжалиги тасарруфидаги ерларда хорижий инвестор ва шартнома имзолаган МЧЖлар дуч келаёттган асосий муаммо, яъни улар ижарага олган ҳудудларда коврак ўсимлиги талон-торож қилинаётгани, хўжалик томонидан ҳудудларга қўйилган назоратчи ва қоровулларнинг ўзлари тил бириктириб, шу қинғирликларда иштирок этаётганини инкор этмади.

Ўрмон хўжалиги раҳбарининг ваъдаларидан тадбиркорлар бироз таскин топгандек, бизнесни хотиржам давом эттиришларига оз бўлса-да ишонч пайдо бўлгандек эди.

Аммо, мақолани тайёрлаш чоғида ҳиндистонлик инвестор Нараян Сундарам билан қайта суҳбатлашганимизда, мутасаддилар томонидан берилган ваъдалар бажарилмагани, нима қилишни билмай боши қотгани маълум бўлди.

Бугунги кунда Президент томонидан инвесторларни мамлакатга жалб қилиш, қулай инвестицион муҳит яратиш бўйича ташаббус ва таклифлар билдирилаётган, бу борада қатор вазифалар белгилаб берилаётган бир вақтда ҳудудлардаги аҳвол кишини таажжубга солмай қўймайди. Муаммога маҳаллий ҳокимлик ва тегишли ташкилотлар панжа орасидан қараётгани янада ачинарли ҳолдир.

Kun.uz бу масалага Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва тегишли ташкилотлар жиддий эътибор қаратишига, ҳиндистонлик инвесторнинг муаммолари тез кунларда ҳал этилишига ишонч билдириб қолади.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид