Ўзбекистон | 18:36 / 03.08.2019
36063
8 дақиқада ўқилади

Қайноқ ҳафта – «Автотест»нинг «иш ташлаши»дан тортиб юқори минбарларга чиққан «снос» мавзусигача

Оммавий ахборот воситалари учун аудиторияга тақдим этилувчи қизиқарли янгиликлар сув ва ҳаводек зарур. Баъзан бирор арзирли, аниқроғи ёдда қоладиган хабарсиз бутун ҳафта якунланиб кетиши мумкин. Аммо давлат ва жамият учун ўта муҳим аҳамиятга эга хабарлар ҳам бот-бот янграб турадики, улар албатта ахборот оқимида етакчи мақомни эгаллайди. Якунланиб бораётган ҳафта ҳам ана шундай воқеаларга ниҳоятда бой бўлди.

Ўтган ҳафта «қаҳрамон»ининг кейинги тақдири

Ҳафта бошида Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари Мансур Туймаевнинг устига бензин сепиб ёқиб юборган ва шу билан «снос» муаммосига энг юқори даражада эътибор қарата олишга эришган, аммо кимнингдир ҳаётига суиқасд қилганликда ҳақли равишда айбланган тадбиркор Баҳриддин Исомов устидан экспертиза жараёни бошланди. Дастлаб жабрланувчи мақомида бўлган «замҳоким» ҳам шифохонага ётқизилди, кейинроқ ишдан олиниб, ўз ваколатига кирмайдиган хатти-ҳаракатларни амалга оширгани сабабли унга нисбатан ҳам Жиноят кодексининг тегишли бандлари асосида жиноят иши қўзғатилди.

Янги нархлар

Яна ҳафтанинг илк кунларида ҳукумат 15 августдан бошлаб ёқилғи, электр энергияси ва табиий газ истеъмоли учун нарх ва тарифларни ошираётганини эълон қилди. Гарчи анчадан буён бундай маълумотлар айланиб юрган бўлса-да, барибир нархлар оширилиши кутилганиданда кўпроқ муҳокамаларга сабаб бўлди. Умуман, бундай янгилик бирор марта хурсандчилик билан кутиб олинмаслиги табиий. Фақат олдинги йиллардан, нархлар ҳатто бирданига 40-50 фоизгача оширилган даврлардан фарқли равишда бу сафар нарх ошиш сабаблари айтилди, оқибатлари атрофлича таҳлил қилинди ва энг муҳими – ислоҳотдан мақсадни тушунтиришга ҳаракат қилинди.

Молия вазири Жамшид Қўчқоровнинг «Энергоресурсларга нархлар яна ошади» дея баёнот бериши бу муҳокамаларни яна қизитди.

Луғатдаги янги сўз

ОАВ учун, демак бутун жамият аҳамиятига молик яна бир муҳим воқеа юз берди. Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов ОАВ бўйича селектор ўтказди. Ҳукумат раҳбари вазирлик, ҳокимлик идоралари ва бошқа ташкилотларда ОАВ билан ишлаш талаб даражасида эмаслигини танқид қилди. Айни шу йиғилишда ўзбек тилига «снос» деган сўз кириб келаётгани ҳам таъкидланди. Аслида бу муаммо кўпдан бери ечимини кутаётганди. Юқори минбарда кўтарилиши сабаби ҳам тез орада аён бўлди. Бу ҳақда қуйида яна тўхталамиз.

Абитуриент-2019

Узоқ кутилган ва катта ислоҳотлардан сўнг биринчи марта ўтказилаётган тест синовлари ҳам бошланди. Илк кунларданоқ ҳисоботларда рўйхатдан ўтган, аммо синовларга келмаган минглаб (биринчи куннинг ўзида 2 538 нафар) абитуриентлар ҳақида ҳар куни хабарлар чиқа бошлади. Лекин шунга қарамай бу ҳолатни очиқловчи арзирли изоҳ топилмади. Тест синовлари ҳамон давом этмоқда, аммо олдинги йиллардан фарқли равишда оммавий қоидабузарликлар қайд этилмаяпти. Балки шу боис абитуриентлар жамғарган ўртача баллар паст бўлмоқда.

Халқаро ҳаётга оид янгиликларнинг энг кўп муҳокама қилингани Ўзбекистон Хитойнинг уйғурларга нисбатан сиёсатини қўллаб-қувватладими ёки йўқ, деган савол бўлди. Аммо бу борада узуқ-юлуқ ва тасдиқланмаган хабарлар билан кифояланишга мажбур бўлинди. Бирор вазирлик, жумладан ТИВ вазият бўйича расмий баёнот бермади, ижтимоий тармоқларда уйғурларга диндошлар ва ҳатто миллатдошлар дея мақом бериб, улар ҳимоясига айтилган гаплар аста-секин тина бошлади.

Шов-шувли 23талик

Жиноятчиликка мойил дея малакаланган 23 тоифа аёллар рўйхати тузилиши ва Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳамда Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида эълон қилиниши ижтимоий тармоқларни «портлатди» деб таърифлаш мумкин. Рўйхатга кўра, Ўзбекистон аёлларининг жуда кўп қисми жиноятга мойил дея баҳоланиши мумкинлиги интернетда қатор мутойибалар ва ғазабли изоҳларга сабаб бўлди. Дастлаб бу рўйхат Хотин қизлар қўмитаси томонидан эълон қилинган деган шубҳа туфайли қўмита раиси Элмира Боситхонова жамоатчиликка мурожаат билан чиқиб, бу картотекаларни шакллантириш масаласига алоқадор эмаслигини билдирди.

Ўйиндан чиққан «Автотест» ўрнига — «Ватанпарвар»

«Avtotest Report» МЧЖ юридик шахслар ҳайдовчиларининг малака оширишдан ўтгани тўғрисидаги сертификатни беришни тўхтатаётганини эълон қилди. Балки узоқ муҳокамалар ва қатор танқидлардан кейин «Avtotest» балки шу тармоғидан воз кечишни афзал билгандир. Аммо шундан кейин ҳам юридик шахслар ҳайдовчиларининг малака оширишига оид талаб ва жарималар сақланиб қолаверди.

Сўнгги хабарларга кўра, «Avtotest» ўрнига, эндиликда Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти сертификат беришни бошлайди. Ҳозирги кунда «Ватанпарвар» ташкилоти малака ошириш курсларини очиш учун лицензия олиш ишларини ниҳоясига етказмоқда экан.

Риштонда «меҳнат фронти»

Фарғона вилоятининг Риштон тумани катта сафарбарлик эълон қилинди ва вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг шахсан ўзи велосипедда юриб, ишчилардан хабар олди. Аммо ҳашар дея баҳоланган бу тадбир кейинчалик мажбурий тарзда уюштирилгани маълум бўлди ва буни қатор вазирликлар тасдиқлади. Бу мавзу кейинчалик ҳам энг юқори доирада давом этди.

Туроб Жўраевга ҳукм

Ва ниҳоят Самарқанд вилоятининг собиқ ҳокими Туробжон Жўраев ва унинг шерикларига нисбатан суд ҳукми ўқилди. Кабинетидаги сейфининг ўзидан 1 млн. доллар чиққани таъкидланган ҳоким жиноят кодексининг қатор моддалари билан айбдор деб топилди ҳамда 13 йилга озодликдан маҳрум этилди. Айрим маълумотларга кўра, суд жараёнида Жўраевга 2,5 млн долларга яқин пора иши бўйича маҳкама ўтказилган.

«Тонировка»нинг янги нархлари

Ҳайдовчилар узоқ кутган «тонировка» бўйича ҳукумат қарори қабул қилинди ва янги нархлар белгиланди. Гарчи кўпчилик кутганидек бу қулайлик бутунлай бепул бўлмаган, ҳозир ҳам тузуккина харажат талаб қиладиган бўлсада, шу пайтга қадар амалда бўлган базавий ҳисоблаш миқдорининг 90 баробари талаби анча туширилди. Энди БҲМнинг 10 баробари миқдорда тўлов орқали ойналар тусини ўзгартириш мумкин бўлди.

Яна «снос»

Ҳафтанинг энг муҳим воқеаси шубҳасиз президент селекторидаги давлат раҳбарининг чиқишида ўз ифодасини топди. Шавкат Мирзиёев «снос»лардаги адолатсизлик ҳақида сўзларкан «Зўравонлик сиёсатидан фойда бўлганида 30 йилда зўр бўлиб кетган бўлар эдик» деди. Бундан ташқари, Фарғона, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида бузиш ишлари бўйича ҳокимларни кескин танқид қилиб, уларни давлат сиёсатига нисбатан хиёнатда, халқни норози қилишда айблади ҳамда Бош вазирга кескин чора кўриш ҳақида топшириқ берди.

Президент мазкур ҳокимларга алоҳида танбеҳ бермагани, сўзлари оммага ошкор қилингани бу борадаги мақсад қатъийлиги, қолаверса, юқорида таъкидланган очиқлик сиёсати жиддийлигини англатади. Бу эса маҳаллий раҳбарларга ниҳоятда муҳим сигнал бўлди.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид