Жаҳон | 23:48 / 04.08.2019
30943
2 дақиқада ўқилади

АҚШда бир сутка ичида учинчи отишма юз берди: Чикагода етти киши яраланди

Чикагода ҳозиргача қўлга олинмаган номаълум шахс тунги соат 1:20 ларда ўз машинаси ичидан туриб болалар майдончасига қарата ўқ узган. 19 ёшдан 25 ёшгача бўлган 7 киши яраланган, деб хабар бермоқда FoxNews. Бу АҚШда кейинги сутка ичида содир бўлаётган учинчи оммавий отишмадир.

Фото: Tyler LaRiviere / Sun-Times

Ёшлари 19, 22 ва 25 да бўлган уч қиз шифохонага келтирилган ва уларнинг аҳволи барқарорлаштирилган. 20 ёшли йигит ҳам касалхонада ўзига келган. Яна бир 21 ёшли йигитнинг аҳволи оғир. Иккита эркак ўзлари шифохонага йўл олишган, улар ҳозир қай аҳволдалиги номаълум.

Бунгача Техас штатининг Эл-Пасо шаҳридаги Walmart савдо мажмуасида юз берган отишма туфайли 2 ёшдан 83 ёшгача бўлган 20 инсон ўлдирилган эди. Яна 26 киши турли даражада жароҳатланган.

Фото: twitter.com/KTSMtv

Полиция 21 ёшли Патрик Крузиосни қўлга олган. У АК-47 автоматидан фойдаланган. У савдо мажмуасида қирғинни юзага келтиришдан олдин Янги Зеландиядаги масжидда юз берган террорчилик актини қўлловчи манифестни ижтимоий тармоқдаги ўз саҳифасида эълон қилган.

Ушбу отишма нафратга асосланган жиноят ўлароқ баҳоланмоқда.

Ундан сўнг Оҳайо штатидаги Дейтон шаҳрида ўн киши ўқотар қурол воситасида ўлдирилган. Бу ҳақда маҳаллий полиция ўзининг Twitter микроблогида хабар берган.

Яна 16 киши яраланган. Полициядагилар отишмани уюштирган шахснинг ўзи ҳам ўлганини тасдиқлашган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, воқеа Орегон туманидаги барлардан бирида содир бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 29 июль куни Калифорния штатининг Сан-Хосе шаҳрида бўлиб ўтган Gilroy Garlic таомлар фестивалида юз берган отишма туфайли уч киши ўлдирилган эди.

Гувоҳларнинг тасвирлашича, 20 ёшли йигит фестивалдаги палаткалардан бирига қарата ўқ узган ва уч кишининг умрига зомин бўлган. Етти киши шифохонага жўнатилган.

Мавзуга оид