Жамият | 15:15 / 04.08.2019
34990
10 дақиқада ўқилади

#Мен_жиноятчи_эмасман. «Эҳтимолий жиноятчи аёлларнинг 23 тоифаси» рўйхати атрофидаги гаплар

Фото: Shutterstock

Жиноятчиликка мойил аёлларнинг 23 тоифаси рўйхати сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда резонанс келтириб чиқарди. Блогерлардан тортиб, ижтимоий тармоқнинг оддий фойдаланувчиси ҳам бу мавзуга бефарқ бўлмади. Кимдир бунга сарказм ва кулги билан муносабат қилган бўлса, кимдир мазкур рўйхат ташаббускорларини таг-туги билан йўқотиш ғоясини ўртага ташлади.

#Мен жиноятчи эмасман ҳештеги аёл-қизлар орасида оммалашишга улгурди.

Лекин ҳамма ўз диққатини биринчи хабарга ─ жиноятчиликка мойил 23 тоифадаги аёллар билан шуғулланиш учун туман ҳокимликлари ҳузурида тезкор штабнинг тузилиши ҳақидаги хабарга қаратди. Ундан кейин берилган раддия-ю хабарлар ҳақида лом-мим дейилмади ҳисоб.

Шов-шувларга сабаб бўлган, «мамлакат аёлларининг деярли барчасини эҳтимолий жиноятчига чиқарган» рўйхат:

1.    Муқаддам судланганлар

2.    Жиноят содир этганлар

3.    Пробация ҳисобидагилар

4.    Гиёҳвандлар

5.    Спиртли ичимликка ружу қўйганлар

6.    Тажовузкор руҳий касаллар

7.    Жиноят содир этишга мойиллар

8.    Узоқ муддатга чиқиб кетганлар

9.    Узоқ муддатдан қайтганлар

10.  Маънавий кўмакка муҳтожлар

11.  Фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчилар

12.  Одоб-ахлоқ доирасида ҳуқуқбузарлик содир этганлар

13.  Оила муносабатлари доирасида ҳуқубузарлик содир этганлар

14. ИИБ ва таълим муассасалари ҳисобидаги қизлар

15. Суицид содир этган хотин-қизлар

16. Ажрим ёқасига келиб қолган оилалар

17. Ишсиз хотин-қизлар (мутахассислиги бўлганлар ва мутахассислиги бўлмаганлар)

18. Кам таъминланганлар

19. Тошкент шаҳрида вақтинча истиқомат қилувчи хотин-қизлар

20.  Рўйхатсиз яшаётган хотин-қизлар

21. Тиланчилик  билан шуғулланувчи хотин-қизлар

22. Вояга етмаган қизлар (18 ёшгача) ва ёш қизлар (18-30 ёшлар)

23. Эътиборга муҳтож хотин-қизлар

Мазкур рўйхатда кўрсатилган тоифалар омма томонидан жиноятчиликка мойиллиги бўлган гуруҳлар сифатида баҳоланди. Аммо ижтимоий тармоқлардаги кескин муносабатлардан сўнг Республика Хотин-қизлар қўмитаси берган расмий раддияда рўйхатнинг асл мазмуни бошқа эканлиги, ахборот нотўғри талқин қилинаётгани баён қилинди.

«10та туманда ўтказилган йиғилишлар натижасига кўра, ҳар бир маҳаллада маҳалла мутахассиси ва профилактика нозирлари томонидан ҳудудда истиқомат қилувчи хотин-қизларнинг (жиноятчиликка мойилларнинг эмас, барча хотин-қизларнинг) 23та тоифа бўйича электрон картотекаларини шакллантириш вазифаси белгилаб олинган. Шу асосда 27 июнь куни «Тошкент шаҳрида хотин-қизлар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатларининг олдини олиш, мавжуд муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар» ишлаб чиқилиб, Тошкент шаҳри ҳокими томонидан имзоланган.

Унинг асл мақсади жиноятга мойил аёлларнинг 23 тоифасини аниқлаш эмас, балки барча хотин-қизларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилияти ҳамда имкониятларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, ёрдамга муҳтож, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган ҳамда бошқа тоифадаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, аёллар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишдан иборатдир.

Хотин-қизлар қўмитаси аёлларнинг интернетда айтилаётгани каби рўйхати тузилишини қатъиян қоралайди ва буни демократия тамойилларига зид, деб ҳисоблайди».                                                                                                

Аҳоли томонидан билдирилган муносабатлар оқимида бош айбдор сифатида кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси хотин-қизлар қўмитаси раиси, Бош вазир ўринбосари Элмира Боситхонова эса мазкур рўйхатнинг тузилишига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини маълум қилди:

«Хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида хотин-қизларни таснифлайдиган, тоифага ажратадиган рўйхатни шакллантиришга қатъиян қаршиман. Бугун (1 август) интернет тармоғида шов-шувга айланган «хотин-қизларнинг 23та тоифаси рўйхати» тузилишига менинг ҳеч қандай алоқам йўқ. Журналистлар, блогерлар ҳамда интернет фойдаланувчиларидан менинг шаънимга айтилаётган ҳақоратларни тўхтатишларини сўраб қоламан».

Шунга қарамай, Хотин-қизлар қўмитаси, хусусан, Боситхонова шахсига нисбатан салбий фикрларни билдириш, уни ўз вазифасини бажара олмаётганликда айблаш кампанияси тўхтамади.

Ўша куннинг ўзида бу рўйхатнинг асосий «ташаббускорлари» ─ Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ҳам ҳолатга ўзининг расмий муносабатини билдириб ўтди.

«Ушбу юритилган дастур аслида оғир турмуш шароитига тушиб қолган, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўмакни ташқаридан излаётган ва умидсизликка тушган хотин-қизларнинг муаммоларини аниқ, манзилли ўрганиб, уларни ечишга қаратилган. Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилбар Нажмутдинова мазкур мақола сабабли жамоатчилик орасида юзага келган нохуш вазият учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Эльмира Боситхоновадан узр сўрайди», ─  дейилади пойтахт ҳокимлиги баёнотида.

Тошкент шаҳар ИИББ келтириб ўтган изоҳга кўра, битта рўйхатда иккита алоҳида-алоҳида категория жамлангани тушунмовчиликни келтириб чиқарган.

«Аслида битта рўйхатда, бир сарлавҳа остида иккита турли йўналишдаги категориялар жамланган. 1дан 4 пунктгача ҳақиқатан ҳам назарий жиҳатдан жиноят содир этиши эҳтимоли бўлганлар кўрсатилган, рўйхатнинг қолган 19та тоифаси эса ижтимоий ҳимоя, ҳуқуқий кўмакка эҳтиёжи бўлган гуруҳлар ҳисобланади. Албатта, ижтимоий, ҳуқуқий, тиббий хизматга эҳтиёжи бўлган бу 19та тоифа дастлабки 4та тоифа билан бир рўйхатда кўрсатилиши керак эмас эди. Мазкур соҳада ишлайдиганлар учун бу рўйхат аниқ ва тушунарли бўлиши мумкин, лекин кенг жамоатчилик учун бундай рўйхат тушунмовчиликни келтириб чиқариши табиий. Бундай тушунмовчилик учун узр сўраймиз. Бундай йўналиш бўйича ҳар доим иш олиб борилган. Бу рўйхат янгилик эмас, шунчаки очиқлик нишонаси холос. Ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш ва одамларга ёрдам беришнинг шартли рўйхати ҳисобланади. Албатта, у мазкур йўналишдаги ягона ва асосий рўйхат бўлиб қолмаслиги керак», ─ дейилади баёнотда.

Қайд этилишича, айнан шу йўналишда иш олиб борилиши натижасида аёллар ўртасида жиноятчилик 2018 йилда 2017 йилга нисбатан 48,2 фоизга, 2019 йилнинг дастлабки 6 ойида эса 2018 йилга нисбатан 14,4 фоизга камайган.

Табиий савол туғилади. ИИББ баёнотидан келиб чиқадиган бўлсак, модомики, кенг омма учун бу рўйхат тушунарли бўлмас экан, фақатгина тор доирадаги мутахассислар учун мўлжалланган экан, нега рўйхат жамоатчиликка тақдим этилди? Агарки тақдим этилган экан, нега биринчи хабарда эмас, етарлича шов-шув бўлгандан кейингина тушунтириш берилди? Энг муҳими, бу раддия ва баёнотларни ким ўқиди? Улар билан танишганларнинг қай бири ўзининг масалага дастлабки муносабатини ўзгартирди? Ташкилотларнинг 500-600 киши кузатадиган ўз веб-сайтларида берган раддияси юз минглаб одамни жамлаган платформанинг олдида ўз кучини кўрсата олдими? Ижтимоий платформаларда ҳалигача тинчимаган ҳештеглардан англаш мумкинки, ҳар учала ташкилотнинг берган изоҳи вазиятни қилча ўзгартиргани йўқ. Халқ ахборотни ҳазм қилиб бўлди. Аллақачон таомни истеъмол қилиб бўлган хўрандага «кечирасиз, еганингиз ош эмас, шўрва эди», десангиз ҳам у сизга эмас, еган овқатига ишонади. Бу рўйхатни кўрган ўзбек эркаги борки, ҳамияти қўзғалди. Аёл-қизнинг кўнгли ранжиди.... На менталитетнинг, на демократиянинг, на шахс дахлсизлигининг, на гендер тенглигининг қолипига тушди бу. «Бозорчи аёллар» воқеасидан кейин ҳам ахборотни тўғри етказа олишнинг, сўзларни тўғри қўллай олишнинг аҳамияти англаб етилмаган кўринади.

Танганинг иккинчи томони ҳам бор. Баъзи журналистларнинг ахборот моҳиятини тушунмаган ҳолда узатиши, кликбейтинг мақсадида қичқирувчи сарлавҳаларни қўйиб, ахборотнинг асл мазмунидан ўқувчини адаштириши ҳам бор гап. Айрим блогерларнинг фактчекинг қилмасдан, тушунарсиз ҳолатларда берилган изоҳларга қиё ҳам боқмасдан сенсация қўзғатишга уриниши ҳам бизга бегона эмас. Оддий халқ эса журналист ва блогерларга эргашади, «домино эффекти» ўз таъсирини кўрсатади: ўз таъсир кучига эга битта шахс ахборотни қай тарзда талқин қилса, қолганлар ҳам вазиятга худди шу йўл орқали ёндашади, ахборотни таҳлил ҳам қилиб ўтирмайди, кўр-кўрона ҳештегбозлик ва трендпарастлик авжига чиқади. Иккинчи, учинчи бўлиб берилган қўшимча изоҳ-у тушунтиришлар мутлақо аҳамиятини йўқотади. Бу сўнгги сиёсий-ижтимоий воқеаларда бир неча марта ўз тасдиғини топди.

Бундай ҳолат қайта-қайта такрорланаётганига сабаб нима? Халқнинг ахборот саводхонлиги ҳали тўла шаклланиб улгурмадими? Ва ёки ҳукумат идоралари халқ ишончини тўла бой бериб бўлдими?...

Саодат Абдураҳмонова

Мавзуга оид