Ўзбекистон | 16:51 / 04.08.2019
95189
3 дақиқада ўқилади

«Шошилинч хабарнома» — Андижонда ташкилотларга юзлаб одамларни дача қурилишига олиб чиқиш буюрилди

Шуҳрат Абдураҳмонов / Фото: KUN.UZ

Kun.uz таҳририятига Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов имзоси билан жўнатилган шошилинч хабарнома сурати келиб тушди.

Унда вилоят ҳокимлиги котибият мудирлари ва гуруҳ раҳбарларига, вилоятдаги бошқарма ва ташкилот раҳбарларига, шаҳарлар ва туманлар ҳокимларига 2019 йил 4 август куни соат 7:30да Хонобод шаҳар «Хонобод» МФЙ ҳудудида ташкил этилган қурилиш штабида йиғилиш ўтказилиши белгиланганини кўриш мумкин.

Мазкур йиғилишда вилоят ҳокимлиги котибият мудирлари ва гуруҳ раҳбарлари, вилоятдаги бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари (ўзларига ажратилган ҳар бир уйда камида 10 ишчи билан), шаҳарлар ва туманлар ҳокимларининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосарлари бошчилигидаги ҳудудлардан дала ҳовли қуриш учун ер участкасини олган жисмоний ва юридик шахслар (қурилиш ташкилотлари, енгил саноатга аъзо корхоналар, йирик ҳудудий тадбиркорлар, кластер корхоналар, фермер хўжаликлари, меҳмонхоналар, газ заправкалар — ўзларига ажратилган ҳар бир уйда камида 10 нафардан ишчи билан), ҳамда ҳудудий ободонлаштириш бошқармалари бошлиқлари 120 нафар ишчилари (лопатка, кетмон ва бошқа асбоблар) билан иштирок этишлари шарт, деб белгиланган.

Бу ишларнинг барчаси Президент Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи давомида «Бир ой муддатда «Хонобод» санаторийси ҳудудида бир вақтнинг ўзида 3 минг нафар мижозни қабул қилиш имкониятига эга, арзон ва тезкор барпо этилиши лозим бўлган дам олиш уйларини ташкил этиш юзасидан шарт-шароитларни чуқур ўрганган ҳолда, ҳар бир дам олиш уйларининг жойлашуви» бўйича берган топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилаётгани ҳам таъкидлаб ўтилган.

Хабарномада маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси президентига ушбу ҳудудда олиб борилаётган ишлар жараёнини намунали тасвирга олиш ва тақдим этиш 2 август кунига режалаштирилганди. Бироқ, шу куни об-ҳаво ноқулай бўлгани (!) ва президент видеоселектори ўтказилгани учун ушбу тадбир қолдирилган.

Хабарномага бириктирилган жадвалда вилоятдаги 68та корхона 790 нафар одам чиқариши белгилаб берилган. Одам олиб чиқиши лозим бўлган корхоналар ичида хусусий тижорат банклари ва вилоятда фаолият кўрсатаётган қўшма корхоналар ҳам бор.

Вилоят ҳокимининг хабарномаси расмий услубдан оддий халқ тилига ўгирилса, Андижон вилоят ҳокими: «Телекамера олдида «массовка» ҳосил қилиб, зудлик билан президентнинг кўзини бўяб, очко олишимиз керак, шунинг учун ташкилотлар якшанба куни ишласа-ишламаса, ҳар бир уйда 10 нафардан одам йиғсин. Кетмон-лопаткасини ҳам ўзлари кўтариб келсин», демоқчи.

Қайд этиш керакки, бу «шошилинч топшириқ» президент вилоят ҳокимларини аҳолини норози қилаётгани учун қаттиқ танқид қилган видеоселектордан кейин берилмоқда.

Нима ҳам дердик, инсоф бермаса шунча гап бир тийин экан…

Мавзуга оид