Light | 10:00 / 04.08.2019
94558
5 дақиқада ўқилади

Янги ҳосил: Тарвузнинг нимаси хавфли?

Фото: Shutterstock

Нима учун тарвуз таркибидаги нитратлардан қўрқмаслик керак, ушбу полиз экини кимлар учун ҳақиқатда хавфли ва кимлар уни тановул қилмагани маъқул?

Нитратлар азот кислотасининг тузларидир.

Улардан қишлоқ хўжалигида ўғит сифатида фойдаланилади. Нитратлар инсон организмида ҳам учраб, сўлак таркибида микробга қарши вазифани бажариши ва шунингдек, юрак-қон томири фаолиятида иштирок этиб, қон босимини назоратда сақлаши мумкинлиги аниқланган.

Танада ортиқча тўпланган нитратлар организм ферментлари ва ичакларда ҳамда оғиз бўшлиғида учровчи баъзи бактериялар таъсирида бир неча марта кўпроқ токсик нитратларга айланади. Қон таркибида улар гемоглобинни метгемоглабинга айлантиради, метгемоглобин кислород ва карбонат ангидридни етказиб беролмайди. Унинг қондаги миқдори 30 фоизгача етса, ўткир заҳарланиш, нафас қайтиш, тахикардия, энса қисмида оғриқ, ҳолсизлик ва қон босими тушиши аломатлари пайдо бўлади.

Қонда метгемоглобин концентрацияси ошиб бориши ўлимга олиб боришга қодир.

Бундан ташқари, ошқозон кислота муҳитида нитритлардан ҳазм қилиш органлари саратонига сабаб бўлувчи нитрозаминлар пайдо бўлиши мумкин.

Қизиқарлиси шундаки, нитратларнинг организмга нисбатан эҳтимолий зарари, биринчи навбатда, уларнинг манбалари билан боғлиқ. Бир неча ўн йиллар давом этган улкан эпидемиологик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, гўшт маҳсулотларидаги бактериялар ўсиши олдини олиш учун қўшилган нитратлар (аниқроғи, организмда улардан ҳосил бўлувчи нитрит ва нитрозаминлар) жуда хавфлидир. Танада уларнинг тез-тез пайдо бўлиши онгологик касалликлар эҳтимолини оширади.

Сабзавот ва мевалар таркибидаги нитратлар эса аксинча, организмда ошқозон раки ривожланиши хавфини камайтиради.

Лаборатория тажрибалари шуни кўрсатмоқдаки, зарарли моддалар ўсиши гўшт компонентлари мавжуд ҳолатларда тезлашади. Сабзавот ва мевалар бу каби реакцияларга қарши антиоксидантларга эга. Улар сабабли нитритлар азот кислотасига (II) айланади, қон томирлари кенгаяди ва қон босими яхшиланиши кузатилади.
Тарвузлар етиштирилиш жараёнида ўсиши учун айнан қанча керак бўлса, худди шу миқдорда нитрат билан ўғитланади. Пишиб етилиш давомида тарвуз у билан озиқланиб ўсиб олади - таркибида азот қолмайди. Шунинг учун нитратлардан хавфсирайдиган харидорлар етук тарвузни танлашлари керак, хом тарвуз таркибида нитратлар сақланиб қолади.

Бундан ташқари, минтақамизда эрта пишувчи силлиқ тарвузлар ҳам нитратларга бой. «Лалми» навидан фарқли равишда, бу тарвузлар илдизи суст ривожланган, ўз-ўзидан озиқлана олмагани сабабли ўғитни кўп «ейди». Кечпишар тури сув ва керакли озуқани ўзи қидириб топгани учун ҳам кейинроқ етилади. Шунга қарамасдан, тарвуз истеъмолининг саломатликка салбий таъсирлари ҳам аниқланган.

Хусусан, ўсимликни замбуруғ ва паразитлардан ҳимоя қилиш учун қўлланган моддалар тарвуз пўстида сақланиб қолиши мумкин. Истеъмол қилинадиган қисмига етиб бормаса ҳам, қисман сўрилиши мумкин. Ейишдан яхшилаб ювишга ва сув ичкари томонга кириб кетмаслигига аҳамият бериш зарур. Йўллар ёқасида сархил бўлиб терилиб турувчи тарвуз қобиғидаги балон чангларидан ҳам яхшилаб халос бўлиш муҳим ҳисобланади.

Тарвузлар юқори гликемик индексга ҳам эга — бу шуни англатадики, унинг истеъмоли глюкозанинг қондаги миқдорини кескин ошиб кетишига олиб келади. Шунинг учун қандли диабет билан оғрувчи ёки шунга яқин кишилар тарвуз тановул қилишда эҳтиёт бўлишлари керак.

Тарвуз — кучли сийдик ҳайдовчи восита, ҳомиладор аёллар ва буйраги носоғлом кишилар уни истеъмол қилмасликлари керак. Уларга ҳаддан ташқари юк тушиши натижасида сийдик йўли касалликлари юзага келиши мумкин. 

Мутахассислар тарвузни кучли овқатдан кейинги десерт сифатида ейишни тавсия бермайдилар —унинг таркибидаги кўп миқдордаги углеводлар ошқозонга ботиши мумкин. Яхшиси, тарвузни алоҳида ва иложи борича куннинг биринчи ярмида паққос туширинг. Уйқудан олдинги тарвуз сийдик йўлларидаги босим билан тунда безовталик ва тонгги шишларга сабаб бўлади.

Мавзуга оид